Гул турларини етиштириш бўйича тавсиялар
Экиш учун тавсия этилган атиргул навлари: Қора магия, Папилон, Бургун, Салвидор, Кулин Елезавета, Московский, Президент, Анжелика ва ҳ. к.
Кўчат тайёрлаш. Ёзнинг ўрталарида чала ярим пишган наъматак терилади, дуккаклари чақиб олинади ва ўрадаги қумга аралаштириб кўмилади. Кўмил-гандан сўнг 3-4 кун давомида сув сепилиб турилади. 15-20 кун ўтгандан сўнг кўмилган наъматак қумдан олинади, ёйиб қуритилади.
Қуриганлари эланиб, қумдан ажратилади, мато халтага солиб, соя ва қуруқ жойда сақланади. Наъматак уруғи ноябрь ойида яна қалинлиги 25-30 см бўлган ҳўл қумга аралаштириб кўмилади. Март ойининг 5-10 саналарида қумдан ковлаб олиниб, эланади ва 10-15 саналарда ерга сепилади. Сепилган уруғ 20-25 кун давомида униб чиқади.
Май ойининг ўрталарига бориб ягана қилинади. Ниҳоллар пайванд пайтигача парвариш қилинади. Август ойининг 10-15ларида пайванд қилишга етилади. Пайванд қилиш учун атиргулнинг соғлом пишган кўз навдаси танлаб олинади. Кўзли навда гулнинг паст қисмидан 20-25 см. қолдириб кесилади. Кесилган навданинг тепа юмшоқ қисми ҳам кесиб олиб ташланади. Қолган соғлом навдадан кўз олиб, наматак танасига пайванд қилинади. Пайванд қилингандан сўнг 20-22 кундан кейин куртак чиқади, аста-секин ривожланиб, шохга айланади ва 9-10 ойдан сўнг илк гулини беради.
Экиш учун жой танлаш ва ерни тайёрлаш. Гул етиштириш учун ажратилган майдон текис ва унча катта бўлмаган (2-3о гача) нишабликда бўлиши лозим. Ер майдони куз ойларида тайёрланади. Органик ўғитлар бериб, 20-30 см чуқурликда чопилади. Тупроқ бегона ўтлардан тозаланади, хаскашланади ва пушта олинади. Улар калтароқ, баландлиги 20-25 см, кенглиги 70 см бўлиши керак. Экишдан олдин майдон суғорилади. Кўчатлар 70×60 см ва 70×70см схемада экилади.
Экиш. Атиргулларни экишнинг энг мақбул пайти баҳор фаслидир. Экиш олдидан атиргулнинг илдизлари текшириб чиқилади, синган ва титилган илдизлар кесиб ташланади, қолган соғлом илдизлар эса лой ва қорамол ахлатидан тайёрланган аталага ботириб олинади. Гул кўчатини экиш учун эни 30х30 см, чуқурлиги 30 см катталигидаги чуқур қазилади. Кўчат ўтқазишдан олдин бу чуқур сув билан тўлдирилади. Туплар кўчатзордаги ҳолатидан бир оз чуқурроқ (3-4 см) қилиб, пайванд қилинган тарафини кун чиқиш томонга қаратиб ўтқазилади. Пайванд бўлган жойи ер юзасида 45-50 см тепада бўлиши лозим. Нам кўтарилиб кетмаслиги учун айлана ариқ бетига 3-4 см қалинликда қипиқ ёки янги от гўнги сепиб қўйилади. Узун шохлари қирқиб, калта қилинади. Қирқишда янги новдалар ҳосил бўлиши учун тўрт-олти куртак қолдирилиши керак. Ўсимлик ўтқазиладиган куни ҳар бир чуқурга 6-8 кг ҳисобидан чириган гўнг тупроққа аралаштириб солинади. Агротехника тадбирлари иўғри олиб, борилганда ўсимлик тупидан 8-12 донагача гул олиш мумкин
Суғориш. Суғоришда наъматак униб чиққандан кейин ер чала, яъни ҳар 10 кунда 2-3 маротаба суғорилади. Пайванд қилингандан сўнг тагидан нам кетмаслиги керак. Кейин кўчат ҳафта давомида 1 марта суғорилиб турилади.
Ўғитлаш. Атиргул кўчатлари асосан маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилади.
Қатор ораларига ишлов бериш. Ишлов бериш ишлари суғорилгандан 2-4 кундан сўнг бажарилади. Тупроқни юмшатиш дастлабки йиллари 3-4 маротаба амалга оширилади. Қатор оралари қўл кучи билан 10-15 см чуқурликда чопиқ қилинади ва бегона ўтдан тозаланади.
Атиргул шох-шаббасини кесиш. Атиргул асосан эрта баҳорда буталади. Буталган шохлар ёз бўйи келгуси йил учун ўринбосар новдалар чиқаради. Гуллайдиган атиргуллар калта қолдириб буталади. Ер музлашдан бир неча кун илгари атиргул тупларидаги барглар батамом тушади. Ортиқча новдалар олиб ташланади.
Туп бўғизи атрофига 40-50 см баландликда тупроқ ўйилади. Шу тарзда атиргуллар қишлайди. Эрта баҳорда куртаклар бўртмасдан олдин бўғиз атрофидан тупроқ олинади, усти очилади, илдиз бўғизи тозаланади, шикастланган ва синган, учларини совуқ урган новдалар қирқиб ташланади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Ширага қарши 20 г анабазин ёки никотин сульфатни ёхуд 50 г яшил совунни 10 л сувга қўшиб тайёрланган эритма пуркалади. Ўргимчакканага қарши тиофос эритмаси пуркалади. Бу эритма 10 л сувга 5-6 г тиофос солиб тайёрланади. Ун-шудринг касаллигига қарши 10 л сувга 20 г тўтиёйи ва 200 г яшил совун қўшиб тайёрланган эритма ишлатилади. Атиргулнинг занг касаллигига мойиллиги кучли. Унга қарши олтингугурт сепилади.
Чиннигул
Экиш учун тавсия этилган навлар: Гренадин, Туркия, Голланд, Хитой ва ҳ. к.
Кўчат тайёрлаш. Чиннигул илдиз орқали ердан ундириб ёки уруғ сепиш орқали кўпайтирилади. Чиннигул кўп йиллик гул тури бўлгани учун илдизлари орқали ёнидан куртак чиқариб кўпайиш хусусиятига эга.
Уруғ сепиб кўпайтиришда соғлом, яъни пишган уруғ танлаб олинади. Қуритилган уруғ сувга бўктирилган ерга сепилади ва уруғ усти тупроқ билан юпқа қилиб ёпиб чиқилади. Сепилган уруғ 10-15 кунда униб чиқади. Униб чиққандан кейин 50-60 кунда экишга тайёр бўлади.
Экиш учун жой танлаш ва ерни тайёрлаш. Чиннигул тупроқ танламайди, лекин таркибида бир оз оҳак бўлган, соғ, унумдор ва донадор тупроқли ерни кўпроқ ёқтиради. Тупроқ ҳар квадрат метрига 4-5 кг гўнг ва 400-500 г қум қўшиб чопилади Агар тупроқ қумли, юмшоқ бўлса, ҳар квадрат метрга 3-4 кг гўнг солиб чопилади.
Очиқ майдонларда 50-60 см. ли қаторлар тайёрланади. Йирик гулли чиннигул етиштириш учун иккидан бир қисм соз тупроқ ва яна иккидан бир қисми чириган баргдан иборат аралашма тайёрланиб, бунга тупроқнинг қай даражада зичланганига қараб, қум қўшилади.
Экиш. Чиннигулни турлари ва навларига қараб май-июнь ойидан то август ойларигача чала офтобли жойга ўтқазиш мумкин. Очиқ майдонларда 25-30 см. ли қаторчалар тайёрланади. Сўнгра 10-15 см. ли чуқурчалар тайёрланади. Намликни сақлаш мақсадида туп айланасига 2-3 см қалинликда яғоч қириндиси сепилади. Доимий жойга гул кўчатини экишда 50×30 ёки 60×25 см. ли схемалар танланади. Чиннигулга суюқ ўғит яхши таъсир қилади. Суюқ ўғитни тайёрлаш учун 10 л сувга 20 г мол гўнги қўшилади.
Яхши ачиганидан кейин ўсимлик дастлаб ҳар олти кунда бир марта, бир оз вақт ўтгач – икки марта ана шу суюқ гўнг билан суғорилади. Суюқ ўғит фақат ғунчалар ҳосил бўла бошлаганда солинади. Бундай ўғит солингандан кейин ўсимликлар бир ёки бир неча марта тоза сув билан суғорилади. Тўғри агротехник чора тадбирлари олиб борилганда ўсимлик тупидан 6-8 та гул олиш мумкин
Суғориш. Чиннигул ёз кунларида ҳар 10-15 кунда 2-3 маротаба захлатмасдан суғорилади.
Ўғитлаш. Чиннигул асосан май, июн ойларида чириган гўнг билан озиқлантирилади.
Қатор оралиғига ишлов бериш. Тупроқни юмшатиш дастлабки йиллари 6-8 маротабагача ўтказилади. Қатор оралари қўл кучи ёрдамида 10-12 см чуқурликда кетмон билан чопиқ қилинади. Бу ишлар суғорилгандан 2-4 кундан сўнг амалга оширилади. Гулзор доимо бегона ўтлардан тозаланади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Чиннигул асосан оқ пашша ва занг касалликларига мойил. Бу касалликларга қарши асосан олтингугурт ва бошқа кимёвий дорилар сепилади.
Гладиолус
Экиш учун тавсия этилган навлар: Блиццард, Гоудвилл, Мария, Горетти, Оскар ва ҳ. к.
Кўчат тайёрлаш. Гладиолус гули асосан пиёздан кўпаяди. Пиёз гулнинг болалаш даври ўтгандан кейин ковлаб олинади. Бу пайт август ойининг охири сентябр ойининг бошларига тўғри келади. Ковлаб олинган пиёз қуритилиб, йирик ва соғлом пиёзлар ажратилиб олинади.
Кейин тўрхалтага солиб, осиб қўйилади. Қуриган пиёз кўкламда, апрель ойларида очиқ ерга қадаб чиқилади. Қадаб чиқилган пиёз 10-15 кунда униб чиқади ва июн ойларига бориб гуллай бошлайди. Август ойининг охирида гладиолус пиёзлари яна ковлаб олинади.
Экиш учун жой танлаш ва ерни тайёрлаш. Гладиолуслар ўғитланган қумоқ тупроқли, серқуёш, шамоллардан ҳимоя қилинган ерда яхши ўсади. Ўсимликни ўтқазиш учун сув тўхтамайдиган, қумоқ ва қумлоқ тупроқли ер танланади. Майдон кузда 25-30 см чуқурликда ҳайдалади. Кўкламда ерни хаскашда текислаб, қатқалоғи йўқотилади.
Гладиолус картошкапиёзлари экилиши олдидан унинг қуруқ пўсти олиб ташланади, сўнгра формалин (1:800) эритмаси билан юқумсизлантирилади. Шундан кейин уни совуқ сувда ювиб, қуритилади.
Бу пиёз-картошка куракчада очилган уячаларга ёки эгатчага экилади. Бунинг учун уячаларга энг аввало озроқ қум солинади. Уяга ва эгатларга қўйилган пиёз-картошкачалар серозиқ тупроқ билан кўмилади.
Экиш. Гладиолус пиёзининг катталигига қараб гулзорга 25×25 ёки 30×30 см оралиқ билан, 1 м2 га йирик пиёздан 25-30 та, майдасидан 60 тагача, нуш (болача) ларидан 120 тагача экилади.
Катта майдонларга экишда қатор ораси 50-70 см, туп ораси 25-30 см этиб танланади. Гулнинг пиёзи, аввал ариғи очилиб, пушта қисмига, яъни устига қадаб чиқилади. Қадаб чиқиш оралиғи 5 см. дан 10 см. гача бўлади. Пиёз 10-12 см чуқурликда кўмилади.
Парваришлаш. Ёзда камида беш-олти марта ўтоқ қилинади ва тупроқ юмшатилади. Гладиолусларнинг яхши ўсиши учун тупроқ ҳамиша нам сақланади.
Пиёз қадалгандан сўнг захлагунча суғрилади. Навбатдаги суғоришлар тагидан нам қочишига қараб ўтказилади. Ёз кунларида 15-20 кунда бир маротаба сув қуйилади. Пиёзни ковлаб олишга 20-25 кун қолганда сув тўхтатилади.
Ўсимликларни гўнг шарбати (шалтоқ) ва минерал ўғит эритмаси билан озиқлантириш айниқса фойдалидир. Шалтоқни тайёрлаш учун бир челак гўнг ва тўрт челак сув бочкага солиниб яхшилаб аралаштирилади. 6-8 кундан кейин шалтоқ билан ўсимликни суғориш мумкин. Суғориш олдидан ҳар челак суюлтирилган шалтоқда яна 4-5 челак сув қўшилади. Суюқ шалтоқ ўсимликларга кечқурун, ҳул ерга солинади.
Июнь-июлда ўсимликлар, юқорида кўрсатилгандек, азотли ўғит ёки гўнг шалтоғи билан ёки бўлмаса 10 л сувга 15-20 г ҳисобидан селитра ёки сульфат аммоний қўшиб тайёрланган эритма билан суғорилади. Ёзнинг ўртасидан бошлаб ўсимликлар суперфосфат эритмаси билан суғорилади. Бу эритма бир челак сувга 30-40 г суперфосфат қўшиб тайёрланади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Гладиолус асосан кул ранг чириш, қуруқ чириш, фузариоз ёки бактериоз касалликларига чалиниши мумкин.
Бу касалликларга қарши уларнинг олдини олиш чоралари қўрилади. Ўтқазиш олдидан пиёзлар формалин билан дориланади. Бунинг учун 1 л сувга 3-4 г 40 фоизли формалин солинади.
Эритма ёғоч бочкада тайёрланади. Пиёзлар саватга солиниб, 15 минут эритмага ботириб олинади. Сўнгра бир жойга тўплаб усти шолча ёки брезент билан ёпилади, икки соатдан сўнг олиниб дарҳол экилади. Касал теккан пиёзлар экилмайди. Гладиолус гулини биринчи навбатда ҳашаротлар ва занг касаллигидан ҳимоя қилиш керак.
Хризантема
Экиш учун тавсия этилган навлар: оддий ёки якка қатли хризантема, Анемоносимон (айиқтовонсимон) хризантема, Найсимои ёки нурсимои хрнзантема, Япон хризантемаси, Хитой хризантемаси, Попуксимон хризантема, Манзарали хризантема – олдингиларнинг дурагайи бўлиб, гулларининг катталигига қараб йирик гуллилар ва майда гуллиларга бўлинади.
Кўчат тайёрлаш. Хризантема асосан қаламча усулида кўпайтирилади. Бунинг учун она кўчатдан очилиб бўлган, пишган соғлом новда олинади. Кесиб олинган соғлом новдадан уч бўғим қилиб қаламчалар кесиб чиқилади. Қаламчанинг таг қисмдаги иккита барги олиб ташланади. Тайёр қаламчалар 1 соат давомида карновинг дорисига ботириб қўйилади. Карновингдан олингандан кейин 10-15 см қалинликдаги қумга қадаб чиқилади. Қаламчалар ораси 1-2 см бўлади. Қадалган қаламчалар усти плёнка билан ёпилади. Бу ишлар асосан май, июнь ва сентябрь ойларида қилинади. Қаламчалар илдиз олгандан кейин плёнка ичидан олиниб, очиқ ерга экилади.
Экиш учун жой танлаш ва ерни тайёрлаш. Хризантема учун ажратилган майдон текис ва унча катта бўлмаган (2-3о гача) нишабликда бўлиши лозим. Ер майдони куз ойлари тайёрланади ва органик ўғитлар бериб, 25-30 чуқурликда ҳайдалади. Бегона ўтлар олиб ташланади ва ариқлар олинади.
Пушталар калтароқ 25-30 м узунликда ва баландлиги 20-25 см бўлиши лозим. Қаторлар оралиғи 60-70 см бўлиши керак. Қаторлар назоратлаш учун суғорилади, камчиликлар бартараф қилинади, сўнгра экишга киришилади.
Экиш. Кўчатларни маҳаллий шароитга қараб гулзорларга турли вақтда кўчириб ўтқазиш мумкин. Улар офтоб, чала офтоб тушадиган жойларни ёқтиради. Яхши ўсган ва бақувват ўсимликлар 10 апрелдан бошлаб кўчириб ўтқазилади. 1-2 °С совуқ зиён етказмайди. Бунда қатор оралари 60-80 см, ўсимликлар ораси эса 40-50 см қилиб олинади. 10-15 см чуқур ковлаб, уни сувга тўйинтириб, экиб чиқилади.
Кўчат оралиғи экилаётган жойга қараб танланади. Ўсимликлар гулзорга экилгандан кейин уларни бир неча кун давомида қондириб суғориш лозим. Гуллари узиб олинадиган гулзорлардаги ўсимликларда биттадан ғунча қолдириб, қолганлари олиб ташланади, баъзан новдалари ҳам сийраклаштирилади. Ортиқча ғунчаларни узиш даврида ўсимликлар озиклантирилади, яъни ҳафтада бир-икки марта суюқ ўғит билан суғорилади. Хризантемани кейинчалик парвариш қилиш – бутун ёз бўйи қаторлар орасини юмшатиб туриш, ўсимликлар орасини чопиш, бегона ўтларни йўқотиш, тупларига шакл бериш ва вақтида суғоришдан иборат.
Суғориш. Хризантема гули сувни яхши кўради, шу боис ҳафтада икки маротаба суғориш керак. Қаторлар оралиғи 6-8 маротаба юмшатилиб, қўл қучи ёрдамида 10-15см чуқурликда чопиқ қилинади.
Озиқлантириш. Минерал ўғит меъёри ҳар 10 л сувга 20-25 г селитра аралаштириб тайёрланади ва суғорилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Хризантема гулига асосан очилиш, гуллаш даврида шираларга қарши 20 фоизли Моспилан эм. к. препарати сепилади.
Лола
Экиш учун тавсия этилган навлар: Аннушка, Май Леди, Маурен, Оксфорд, Парад, Президент Кеннеди ва бошқалар тупроқ-иқлим шароитига, харидорларнинг ҳар бир нав гулига бўлган талаблари, унинг бозоргирлигига қараб танланади.
Кўчат тайёрлаш. Лола кўчатини тайёрлаш баҳор ойларининг охирларидан бошланади. Апрелнинг 20-25 кунларидан бошлаб май ойининг 10-15 кунларигача очилиб бўлган лола пиёзлари ернинг чуқур қисмига кирмасдан, яъни юза қисмида бўлган пайтда ковлаб олинади. Ковлаб олинган пиёзларнинг соғломлари саралаб олинади, селгитилади ва қоронғи соя жойда сақланади. Сақланган пиёз ноябр ойида ерга экилади. Экилаётган пиёз соғлом, чиримаган ва бутун бўлиши керак. Лола пиёзининг болалаш даври гуллаш пайтидан бошланади. Шунинг учун гуллаш даврида лола пиёзини ковлаш асло мумкин эмас.
Экиш. Лола пиёзи зах бўлмаган, сув шимувчи ва яхши ўғитланган юмшоқ ерга экилади. Пиёз томорқанинг катта кичиклигига қараб 10 см. дан 30 см. гача оралиқда экилади.
Суғориш. Лола пиёзи қадалгандан сўнг унгч кўп сув талаб қилмайди. Чунки пиёзлар салқин пайтда, яъни ноябрь ойларида ерга қадалиб, кунлар қизир-қизимас, яъни апрелнинг охирлари-май ойининг бошларида ковлаб олинади. Лола касалликларга чидамли, кўп миқдорда ўғит талаб қилмайди.
А. Убайдуллаев
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайти