Либосингизда нима ёзилган?
ёки кийиниш одоби ҳақида
Ўзбекнинг қадрияти шундай: инсоннинг кийинишига эмас, балки унинг қалбига назар ташлаб, маънавий дунёсига баҳо берилади. “Яхшини жанданинг ичида тани”, деган халқ мақоли ҳам шундан келиб чиққандир, эҳтимол.
Аммо XXI асрга келиб бу қарашлар батамом ўзгарди. Бугун замондошларимизга назар солсак, уларда чиройли, бежирим, қулай, қимматбаҳо маҳсулотлар, чет элда ишлаб чиқарилган кийимларни кийишга бўлган интилишни кўрамиз. Мутахассисларнинг фикрича, турли ёзувли кийимларни кийиш бетакрор кўринишга эга бўлиш ёки қимматбаҳо брендни кўрсатиш, оммадан ажралиб туриш, севимли фильмларидаги қаҳрамонлар билан ўз феъл-атвори ўртасидаги ўхшашликни намойиш этишга уриниш каби мақсадларни ўзида жамлайди. Ачинарлиси, кўпинча, ёзувли кийимни харид қилаётганлар ундаги ёзувнинг маъносини тўлиқ тушуниб етмайди.
Бугунги кунда бозорларимизда турли услубларда безак ёки геометрик шаклларга мослаб, шунингдек, оддий сатрда ёзилган кийимларни кўплаб учратиш мумкин. Улар устидаги ёзувларнинг айримлари шу кийимни ишлаб чиқарган фирма номини англатса, яна баъзилари узундан-узоқ жумлалардан ташкил топади. Бу сўзлар албатта, ўз маъноси ҳамда мақсадига эга. Ҳозирги кунда маънавиятимиз кушандасига айланаётган “оломонча маданият” унсурларининг кўпчилигини айни шу кийимлардаги ёзувларда кўришимиз мумкинлиги эса ташвишланарли ҳолдир.
Тўғри, ҳамма ўзига ёққан кийимни харид қилади. Қандай кийим кийиш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Бироқ, билиб-билмай, миллий маънавиятимизга мос келмайдиган ёзувли либосларни эгнимизга кияр эканмиз, бу кийимлар миллий менталитетимизга, анъана ва қадриятларимизга тўғри келадими, йўқми, бу ҳақида жиддий ўйлаб кўрганимиз маъқулроқ. Бир танишим бу ҳақида қизиқ воқеани сўзлаб берди:
– 8-синфда ўқийдиган қизимга бош кийими харид қилиш учун бозорга бордик. Бир четида чиройли ёзуви бор, кўк рангдаги шарфли шапкани олмоқчи бўлдик. Сотувчи қиздан “Шапкада нима деб ёзилган?” деб сўрасам, у “Мен гўзалман”, деб ёзилган”, деди. Қизим инглиз тилидан қўшимча дарсларга қатнаётган эди. Шарфни олиб, яхшилаб ўқиб кўрди ва унда “мен ёлғизман”, деган жумла ёзилганини айтди. Сотувчи қизга савол назари билан қарасам, “билмасам, бир ўртоғим шунақа деган эди-да”, деди узр сўрагандай бўлиб. Хуллас, ўша бош кийимини олмадик. Излаб-излаб, ёзуви бўлмаганини харид қилдик…
Бу воқеани эшитганимдан кейин менда қизиқиш уйғонди ва қаерда ёзувли кийимларни кўрсам, уларнинг маъносини сўрайдиган бўлдим. Кичкинагина “тадқиқот”им натижасида шунга амин бўлдимки, бу ёзувларнинг асосий қисми ғарб маданиятини тарғиб қилувчи сўзлар бўлиб, инсонни енгил яшаш, фақат ўзини севишга ундар экан. Баъзан эса бу ёзувлар кишига зўравонлик кайфиятини ҳам беради. Бир кийимда, масалан, “Сен биз билан ўтиролмайсан” деб ёзилган, яна бирида эса “Бошлиқ ҳамиша ҳақ” деган гап зарб қилинган. Ҳатто, “Иккинчи исмим шоколад” ва “қидирилмоқда” деган маънони билдирувчи ёзувларни ҳам кўриш мумкин.
Албатта, либос инсоннинг зийнати, бироқ биз ҳурматга лойиқ кўриниш истагида бўлсак, кийинишимиз миллий маънавиятимиз, миллий эътиқодимизга мос бўлиши лозим. Қолаверса, Мавлоно Румийнинг “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл” деган нақли бугунга келиб ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган.
Гулчеҳра АЛИҚУЛОВА