Инсульт фақат катталарда учрайдими?
ёки бош мияда қон айланиши бузилишининг оқибатлари
Бош мия қон томирлари касалликлари неврологиянинг энг долзарб масалалари қаторига киради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра бу касалликда рўй берадиган мудҳиш кўрсаткич умумий ўлим кўрсаткичининг 14 фоизини ташкил этади ва миокард инфаркти, саратон касалликларидан кейин учинчи ўринни эгаллайди.
Дунё бўйича бу касаллик ҳар 1000 нафар аҳолидан 1,5-2 нафарида учраб туради. Иқтисодий тараққий этган давлатларда бу хасталикнинг миқдори ошиб бораётганлиги кузатилмоқда. Бунинг асосий сабаблари меҳнат жараёнининг мураккаблашиб бориши, дам олиш режимининг бузилиши, ақлий меҳнат кишиларининг фаол ҳаракати камайиб бориши билан боғлиқ. Бош мия қон томирлари касалликларининг 6 фоизи 40 ёшдан, 23 фоизи эса 50 ёшдан кичик беморларда учрамоқда. Буюк Британияда ҳар йили бу касалликдан 60 минг нафарга яқин бемор вафот этади.
Англиялик олим Брейннинг маълумотига кўра охирги бир йил давомида бу дард туфайли ўлим кўрсатгичи 24 фоизга ошган. АҚШда эса ҳар йили бош мия қон томир касалликларидан 170 минг нафар киши нобуд бўлади. Бундан ташқари ушбу мамлакатда 2 миллион нафарга яқин беморлар мавжуд. Шу сабабдан давлатга етказилаётган моддий зарар 1 миллиард доллардан ортиғини ташкил этади. Болгарияда бош мия қон томир касалликлари натижасида нафақага чиққанлар умумий пенсионерларнинг 20 фоизини ташкил этади.
Бош мия қон томир касалликларининг катталарда келиб чиқишига атеросклероз, гипертония касаллиги ва бу икки сабабнинг биргаликда келиши ҳисобланади. Шунингдек, инсульт гипертония (қон босимининг ошиши), артериал гипотония (қон босимининг пасайиши) ва бошқа ҳар хил сабаблар натижасида рўй беради. Церебрал васкулитлар ревматик, сифилитик (заҳм хасталиги сабабли), диабетик, инфекцион, токсик (заҳарли) ва юрак касалликлари – миокард инфаркти, юрак аритмияси ва бошқалар бу дардга туртки бўлади. Бош мия қон томирларининг зарарланиши, бўйин умуртқаларининг шикастланиши натижасида қон томирларининг эзилиши, қон касалликлари ва ички секреция безларининг хасталиклари ҳам шу қаторда инсультга сабаб бўлади.
Болаларда катталарга нисбатан инсульт анча кам учрайди. Чунки, болаларда қон томирларининг ўзига хос физиологик хусусиятларига ҳам боғлиқ. Уларда бош мия қон томирларининг зарарланишига олиб келувчи сабаблардан биринчи ўринда қон касалликлари, инфекцион-аллергик васкулитлар, бош мия қон томирларининг туғма нуқсонлари туради. Янги туғилган чақалоқларда бу касаллик туғруқ жараёнида рўй берадиган травматик асфиксия (бўғилиш) билан боғлиқ. Камдан-кам ирсий гипертония касаллиги ва бош мия қон томирларининг атеросклерози киради.
Чақалоқларда инсульт
Геморрагик инсультлар тез ва шиддатли туғруқ жараёнида ҳомила танасининг вазни кам бўлиб туғилишида, артерия томирларининг нуқсони (аневризма-ёрилиши)да шаклланади.
Ишемик инсультлар нейроинфекцияларда (масалан, Haemophilus influenzae), энцефалит ва менингит, туғма юрак ва клапанлар нуқсонлари, экстровазал компрессия С ва S протеинлари етишмовчилиги, сувсизланиш (диарея), Мойа-Мойа касаллиги, Лейден омили фонидаги гиперкоагуляция нуқсонларида юзага келади.
Инсульт ўзи нима?
Инсульт (цереброваскуляр зарба) – миянинг қон айланиш тизимининг ўткир бузилишидир. Бу дард 24 соат ва ундан кўп давом этувчи марказий асаб тизимининг зарарланиши билан тавсифланади. Мияда қон айланиши тўсатдан бузилади. Бундай ҳолатда мия тўқимасининг зарарланиши ва унинг фаолияти издан чиқади. Бу хасталик геморрагик инсульт (ушбу вазиятда мияга қон қуйилади), ишемик инсульт (камқонлик туфайли юз беради), тромботик инсульт (мия томирларига тромб (қон лахтаси) тиқилиши) сабабли келиб чиқади. Яна эмболик инсульт мия қон томирларига эмбол (ҳаво) тиқилиши натижасида содир бўлади.
Давоми бор.
Нодира ҲАМИДОВА,
Тош ПТИ Асаб касалликлари, болалар асаб касалликлари ва тиббиёт генетикаси кафедраси ассисенти