Ёнғоқ плантациялари – даромад манбаи

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 5 октябрь санасида Самарқанд вилоятига қилган ташрифида Ургут тумани ерларидан унумли фойдаланиш, хусусан, адирли ерларга ёнғоқ, бодом, ток, унаби каби экинлар экиш лозимлигини таъкидлаб, соҳа ходимлари олдига аниқ вазифалар қўйган эди.

Шундан келиб чиқиб, 2016 йилнинг 6-12 декабрь кунлари вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассислари, ер ресурслари ва давлат кадастри идораси вакиллари, олимлар, тадбиркор ва фермерлар Туркиянинг Истанбул, Анқара, Бурса, Ялова вилоятлари тоғолди ҳудудларида ёнғоқ плантациялари ташкил этиш тажрибасини ўрганиб қайтди. М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд филиали директори Жамшид Аҳмаджонов билан сафар якунлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Ёнғоқ дарахти ер танламайди, сувга чидамли, тоғда ҳам, даштда ҳам ўсаверади, – дея сўз бошлади Ж. Аҳмаджонов. – Туркиянинг тоғли ҳудудларида бўлган пайтимизда ёнғоқзорлар агротехнологиясини чуқур ўрганиб, ўзимизнинг маҳаллий иқлим шароитимизга мос навларини танладик. Айниқса, улар орасида “Чантлер” нави вилоятимиз иқлими, ҳаво, сув ва ер шароитига жуда мос экан. Энг асосийси, бу навли ёнғоқнинг меваси йирик, юқа пўчоқ ва оқ мағизли. Бу эса бугунги бозор талабига тўла жавоб беради.

 

– Ушбу нав қандай иқтисодий фойдага эга?

– Бу навли ёнғоқ тоғли ҳудудларга 8х4 метр ўлчамда экилади. Шунда гектарига 200 туп жойлашади. Икки йиллик кўчат экилгач, у уч йилдан сўнг ҳосилга киради. 8 йиллик ёнғоқ ўртача 40 килограмм ҳосил беради. Шунда 1 гектар майдондаги ёнғоқзордан 8 тонна сара ҳосил олиш имконияти яратилади. Бу ҳозирда ёнғоқ нархининг ўртача 10 минг сўм эканини инобатга олсак, шу пайтгача самарасиз фойдаланиб келинган тоғолди ҳудуддаги 1 гектар майдондан 80 миллион сўм даромад олиш деганидир. 15-20 ёшли бир туп ёнғоқ эса 180-200 килограммгача ҳосил беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Туркияда етиштирилаётган бир туп ёнғоқ кўчатининг нархи 7 АҚШ долларига тенг. Агар юртимизга келтирилишигача бўлган йўл харажатини ҳисобласак, бир туп кўчат 8 АҚШ долларига тушади.

 

Бу боғбон-у фермерлар учун қимматлик қилмайдими?

Албатта, қиммат. Шуни инобатга олиб, яқинда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистонда ёнғоқ ва ёнғоқ мевали ўсимликлар кўчатларини етиштириш, плантациялар барпо қилиш мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда четдан қиммат нархда ёнғоқ кўчатлари келтириш ўрнига алоҳида майдонларга ўзимизнинг маҳаллий ёнғоқ уруғини экиб, бир йилдан сўнг Туркия ва бошқа давлатлардан унинг новдасини келтириб, унга юқори сифатда пайванд қилиш агротехникаси ўргатилди. Табиийки, бу иқтисодий самара беради. Яъни, фермер учун бир дона кўчат 8-10 минг сўмга тушиши билан бирга, ушбу навли ёнғоқнинг ўсиш ва ривожланиши иқлим шароитимизга мослашиб, мевасининг сифат кўрсаткичлари ва ҳосилдорлиги ошади.

Яна ўқинг:  Parvozga shaylanayotgan Husnora

 

Ёнғоқни экиш, кўпайтириш ва парвариш қилиш бўйича амалий ишлар бошландими?

Айни кунда филиалимизнинг 2 гектар майдонида ёнғоқ кўчати етиштириш учун ерни сифатли тайёрладик. Келгуси йилда уни Ургут туманининг 4,5 минг гектар тоғолди ва дашт ҳудудига экиш кўзда тутилган. Айни кунларда махсус дастур асосида нафақат ушбу ер майдонлари, балки туманда ёнғоқдан ташқари бодом, ток, унаби каби экинларни экишга мўлжалланган 10 минг 200 гектар ва Жомбой туманининг 300 гектар тоғолди ҳудудидаги майдонлар ҳам ёнғоқ плантацияларини ташкил этиш учун ўзлаштирилмоқда.

 

Акрам ҲАЙДАРОВ

суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: