Маъқул келадиган ишга кирмоқчиман

Юртимизда етук ва малакали кадрларни тайёрлаш, фуқароларимизнacинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш масаласига алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда фуқароларимиз ўз касбий фаолияти, мутахассислигининг турига қараб, ишга жойлашиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни олиш учун биринчи навбатда қаерга мурожаат қилиш зарур? Бу борада қонун ҳужжатларида қандай меъёрлар ишлаб чиқилгани ҳақидаги саволларга пойтахтимизнинг Чилонзор тумани бандликка кўмаклашиш марказининг касбга ўқитиш, жамоат ишларига жалб этиш ва ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни ташкиллаштириш гуруҳи раҳбари Ҳамза ҲАСАНОВ жавоб беради.

 

САВОЛ: Ишсизлар деб кимларга айтилади? Бу хусусида қонун ҳужжатларида қандай талаблар қўйилган?

 

– Ўн олти ёшдан бошлаб то нафақа билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ишга ва иш ҳақига (меҳнат даромадига) эга бўлмаган, иш қидирувчи шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган, меҳнат қилишга, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтишга, малакасини оширишга тайёр, меҳнатга қобилиятли шахслар ишсиз деб эътироф этилади.

Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор, маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади. Бу ҳақда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририда белгилаб қўйилган.

 

САВОЛ: Кимлар иш билан таъминланган, деб ҳисобланади?

 

Уларга қуйидагилар киради:

– ёлланиб ишлаётган, шу жумладан, ишни тўлиқсиз иш вақтида ҳақ эвазига бажараётган, касаначилик билан шуғулланаётган, шунингдек, ҳақ тўланадиган бошқа ишга, шу жумладан, вақтинчалик ишга эга бўлган фуқаролар;

– бетоблиги, меҳнат таътилида, касбга қайта тайёрлашда малака оширишда эканлиги, ишлаб чиқаришнинг тўхтатиб қўйилганлиги муносабати билан, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ вақтинча иш жойида бўлмаганда ходимнинг иш жойи сақланиб турадиган бошқа ҳолларда вақтинча иш жойида бўлмаган фуқаролар;

– ўзини иш билан мустақил таъминланаётган фуқаролар, шу жумладан, юридик шахс ташкил қилмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар, кооперативларнинг аъзолари, фермерлар ва уларнинг ишлаб чиқаришда қатнашаётган оила аъзолари;

– Қуролли Кучларда, Миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ва қўшинларида хизматни ўтаётган, шунингдек, муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар;

Яна ўқинг:  Тадбиркорга ким мададкор?

– “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган фуқаролар;

– қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият олиб бораётган жамоат бирлашмалари ва диний муассасаларда ишлаётган фуқаролар иш билан таъминланган ҳисобланади.

 

САВОЛ: Маълум сабабларга кўра, эски иш жойимдан бўшаб, мутахассислигим бўйича иш қидираётган эдим. Менда иш қидирувчи шахс сифатида бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат этиш ҳуқуқи борми?

 

– Иш қидирувчиларни рўйхатга олиш қонунчилик томонидан белгиланган тартибда ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, муҳтож бўлган шахсларни ҳисобга олиш мақсадида амалга оширилади.

Иш қидирувчи шахслар сифатида яшаш жойи бўйича бевосита меҳнат бўлимлари ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳудудларига бириктирилган туман (шаҳар) меҳнат бўлими ходимига иш қидириб мурожаат қилган, меҳнат қилишга, касбий тайёргарлик, қайта тайёргарлик ва малакасини оширишдан ўтишга тайёр бўлган 16 ёшдан ошган фуқаролар, шу жумладан:

– ишга ва иш ҳақи (меҳнат даромади)га эга бўлмаган;

– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 98–ва 100-моддаларида кўрсатилган ҳоллар бўйича, улар билан меҳнат шартномалари бекор қилиниши мумкин бўлган фуқаролар (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тўғрисида хабардор қилинган шахслар);

– ТМЭК хулосасига мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга бўлган ногиронлар;

– ёшидан қатъий назар меҳнат фаолиятини қайтадан бошлашни (давом эттиришни) истайдиган нафақадаги фуқаролар;

– Иш ўрнини, касбини ўзгартириш истагини билдирган меҳнатга лаёқатли фуқаролар;

– ишга жойлаштиришга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифалари рўйхатга олиниши мумкин.

 

Чарос ХУШВАҚТОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: