Спорт гимнастикаси: саломатлик учун фойдали

2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларини ойнаи жаҳон орқали кузатиб, терма жамоамиз аъзоси, етти карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирган матонатли атлет Оксана Чусовитинага ҳавасимиз келди.

Унинг спорт гимнастикаси анжомларида чаққонлик билан турли мураккаб элементларни амалга ошириши, барчамизни лол қолдиради.

Қувонарлиси, ушбу моҳир гимнастикачига ҳавас қилиб, фарзандларини спорт залига олиб келаётган ота-оналар сафи кун сайин ортиб бормоқда. Шу ўринда улар мутахассисларнинг тавсияларига қулоқ тутишса, фойдадан холи бўлмайди.

 

Савринисо ҲАКИМОВА, педиатр:

Соғломлаштирувчи гуруҳларда спорт гимнастикаси билан машқ қилиш барча спорт турларида бўлганидек, тана аъзолари учун фойдали ва умумий чиниқтириш хусусиятларига эга. Болалар бунда витамин ва минералларга бой, таркибида углевод кам бўлган овқатларни тановул қилиши лозим. Баъзилар ортиқча вазн тўпламаслик учун овқатдан ўзларини тиядилар. Аммо ўсаётган организм фаол ҳаракатдаги спорт машғулотлари пайтида жуда кўп миқдорда калория сарфлагани боис, ота-оналарни фарзандларининг овқатланишига алоҳида эътибор қаратишларини сўрардик.

Оёқ билан бажариладиган, қорин соҳасидаги эгилувчанлик машқлари кичик чаноқ бўшлиғи аъзоларидаги атоник ва гипотоник ҳолатларида (масалан, колит, Гиршпрунг, долихосигма) ва бошқа патологик ўзгаришларда қўшимча даво сифатида ижобий таъсир қилади. Шу билан бир қаторда қорин соҳасидаги чурра касалликларида ҳам гимнастик ҳаракатлар фойда беради. Бундан ташқари ёш болаларда учрайдиган таянч-ҳаракат аъзоларидаги ўзгаришлар – яссиоёқлик, “Х”, “О” шаклидаги оёқ қийшайиши, умуртқа поғонасидаги кифоз, сколиоз, лордоз, кифосколиоз ва бошқа касалликларни комплекс даволашда (шифокор кўрсатмаси билан бажариладиган тиббий муолажалар билан биргаликда) машғулотлар қанчалик эрта бошланиб, мунтазамлик касб этса, натижалар шунчалик тез ва яққол сезилади. Ёш болалар соғломлаштирувчи гуруҳларда фақат мураббий назорати остида шуғулланишлари зарур.

 

Светлана Кузнецова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий:

Спорт гимнастикасини барча спорт турларининг асоси дейиш мумкин. 5-6 ёшдан секцияга келган болаларга аввал югуриш ва сакрашни, турли эгилувчанлик элементларни бажаришни ўргатамиз. Натижалар бир икки йиллик мунтазам машғулотлардан сўнг кўринади. Кўпчилик ота-оналарни хавфсизлик масалалари қизиқтиради. Ўғил болалар билан қиз болаларнинг спорт гимнастикаси анжомлари бир-биридан фарқланади. Аммо умумийлари ҳам бор. Масалан, махсус спорт гимнастикаси гиламида бажариладиган эркин машқ.

Яна ўқинг:  Меъёридан кўп ухлашнинг қандай зарарлари бор?

Ушбу спорт тури билан мунтазам машқ қилган инсон ҳар томонлама чиниқади, чаққон, эпчил, бардошли бўлиб вояга етишади. Барча мушаклари бир меъёрда ривожланади.

Албатта, профессионал машқ қилаётган атлетлар ихчам, тўлачага мойил бўлмай, айниқса, мусобақалар пайтида вазн меъёрларига риоя этиши зарур. Аммо жаҳонда, масалан, Олимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчилар орасида бўйи баланд, суяги йирик атлетлар борлигини кузатдик. Демак, спорт гимнастикасида ҳар қандай спорт турларида бўлганидек, энг муҳими сабр-тоқат билан меҳнат қилишдир. Олимпиада чемпиони Оксана Чусовитинанинг натижаларини кузатган мутахассислар спортда ёш чегаралари бўйича чекловлар ҳақида ҳам ўйланиб қолишди.

Қувонарлиси, кейинги йилларда юртимизда спорт гимнастикасини ривожлантириш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Нафақат пойтахтимизда, балки вилоят ва туманларимиздаги спорт мактаблари ҳам бугунги кунда жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий спорт анжомлари билан тўлиқ таъминланган.

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: