Завол сўқмоғи
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб белгиланиб, ушбу санада дунё ҳамжамияти томонидан турли тарғибот тадбирлари ўтказилади.
Маълумотларга кўра дунё бўйича ҳар йили ўн минглаб одамлар гиёҳвандлик туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. Ўз умрига зомин бўлиш билан бирга, улар қариндошлари ва яқинларининг ҳаётини ҳам барбод этади, жамиятга катта зарар етказади. Аксарият ҳолларда гиёҳвандлар юқумли касалликлар тарқалишининг сабабчиси бўлиб, улар ушбу оғу таъсирида турли жиноятларга қўл урадилар. Гиёҳванд моддаларнинг хотин-қизлар орасида тарқалиши ва истеъмол қилиниши эса жуда ачинарли ҳолатдир. Сабаби уларнинг фарзандлари оғир хасталиклар билан туғилиб, умри давомида оилага фақат аянчли, азобли кунларни “туҳфа этади”.
Республикамизда ҳам гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ муаммоларга жамият эътиборини тортиш, аҳолининг гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақидаги билимларини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Аслида гиёҳвандлик мудҳиш оқибатларга олиб келувчи иллат эканлигини ҳар бир ота-она чуқур билиши зарур. Улар фарзандларини келажакда жисмонан соғлом, руҳан тетик инсон қилиб тарбиялаш оиладан бошланишини асло унутмасликлари керак.
Инсонга бир умр ҳамроҳ бўладиган фазилатлар – эзгулик, яхшилик, яратувчанлик, фидойилик, садоқат, мардлик оиладаги тарбиядан бошланади. Бугунги кунга келиб, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши дунё тараққиёти ва барқарорлигига путур етказувчи жиддий муаммога айланиб улгурди, десак асло муболаға бўлмайди. Боз устига “оқ ажал”нинг тарқалишидан келиб тушаётган фойда терроризм, одам савдоси каби ўта оғир жиноят турларини қўллаб-қувватлаш йўлида сарфланяпти. Мазкур офатнинг ҳалокатли оқибатларини сергаклик билан баҳолаш, унинг илдизига болта уриш эса жамиятда тинчлик, хавфсизлик, фаровонлик, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва уни юксалтиришнинг муҳим шартидир.
Юртимизда гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши курашга оид мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, уларнинг ижроси доимий эътиборда бўлиб келаётир. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар назоратига оид Конвенцияларига қўшилган ва гиёҳванд моддаларни ноқонуний айланиши бўйича бир қанча ташкилотлар билан ҳамкорлик олиб бормоқда. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кабилар шулар жумласидандир. Ушбу ҳамкорликнинг барчаси ижобий натижалар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси тузилган. Ташкилот томонидан “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш” ойлигини юқори савияда ўтказиш бўйича турли чора-тадбир режалари тузилиб, унинг ижроси мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
Бугун дунёда гиёҳванд моддаларнинг табиий ва синтетик турлари мавжуд бўлиб, булардан энг ашаддийси героин ҳисобланади. Героиннинг бир марталик инъекциясидан сўнг инсон бедаво дардга мубтало бўлади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, гиёҳвандлик чангалига фарзандларимиз қандай тушиб қолмоқда? Аввало, шуни айтиш керакки, иродаси суст ва кучсиз, ўзини иллатлардан тия олмайдиган, ўткир сезгиларни ўзида синаб кўришга қизиқувчан ёшлар ҳамиша ўзлари учун бирор “янгилик” ўйлаб топадилар. Яна руҳан заиф ва ўта худбин бўлган, катта ёшдаги гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи шахсларга тақлид ва ҳавас қилувчи, ота-оналари ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мойил бўлган, носоғлом муҳитда тарбияланган ўсмирлар ҳам бу “гирдоб” таъсирига тез тушади.
Гиёҳванд модданинг осонгина топилиши ёки қўл остида бўлиши, гиёҳвандликка олиб келувчи асосий омиллардандир. Бу дард оғир, узоқ йиллар давом этадиган сурункали хасталикдир. Бундай беморларда руҳий, жисмоний қарамлик белгилари намоён бўлади.
Руҳий қарамлик белгилари: тажанглик, кайфият ва уйқунинг бузилиши, хотиранинг пасайиши, тушкунлик, иштаҳасизлик ҳамда кўзнинг ёшланиши орқали кузатилади. Жисмоний қарамлик белгилари эса кўп терлаш, юракнинг тез уриши, оғиз қуриши ҳамда озиб кетиш, қўл-оёқларнинг титраши ва бошқа белгилар билан тавсифланади. Агар бемор ўз вақтида гиёҳванд моддани қабул қилмаса, организмда наркотик моддага хос оғир ҳолат – хуморлик синдроми пайдо бўлади.
Юртимизда гиёҳванд беморларни даволаш мақсадида наркологик шифохоналар фаолият юритаётган бўлиб, бундай муассасалар барча зарурий тиббий жиҳозлар, малакали ходимлар билан таъминланган. Беморлар 4-5 ой давомида нарколог-шифокор назорати остида даволанади. Сўнгра улар 4-5 йил давомида диспансер рўйхатида ва назоратида бўладилар.
Зулхумор МУТАЛОВА,
Саломатлик ва тиббий статистика
институти директори