Меҳр ва эътиборга йўғрилган сабоқлар

… Мактабгача тайёрлов гуруҳида қизиқарли машғулот бошланди. Тарбиячи-логопед “Паррандалар ҳовлисига саёҳат” деб номланган мавзуни замонавий педагогик технологиялар асосида интерактив усулда ўтмоқда.

Ноутбукда “Жўжа” мультфильмини намойиш этган тарбиячи энди ўртага топишмоқ ташлайди. Болажонлар бирин-кетин қўл кўтариб, жавобни энг биринчи айтишга чоғланади.

– Бундай қизиқарли ўйинларда телевизор, DVD, компьютер, сўзловчи алифбо ва бошқа тарқатма материаллардан унумли фойдаланиш лозим, – дейди пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 525-махсус мактабгача таълим муассасаси логопеди, “Шуҳрат” медали соҳибаси Ойдин Ибрагимова. – Бу болаларнинг нутқ маданиятини ўстириш, математик тасаввурларини бойитиш, мантиқий фикрлашини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ойдин Ибрагимова ўн беш йилдан буён кичкинтойларга сабоқ беради. Ушбу таълим муассасаси нутқида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган бўлиб, тарбиячилар билан бир қаторда логопедлар ҳам меҳнат қилади.

Муассасага кириб борар экансиз, гўё эртаклар шаҳарчасига тушиб қолгандек бўласиз. Ҳовлида сув ҳавзаси, сув жониворлари…

Масканда таълим-тарбия ишлари “Болажон” дастури асосида ташкил этилган. Педагог, руҳшунос, логопед, инглиз тили, жисмоний тарбия ва мусиқа мутахассисларидан иборат аҳил жамоа тарбияланувчиларнинг ҳар бир куни мазмунли ўтиши йўлида сидқидилдан меҳнат қилади.

Таълим муассасасидаги “Камалак”, “Олмахон”, “Лола”, “Қуёнча”, “Қалдирғоч”, “Бинафша”, “Қуёшча”, “Марварид” каби гуруҳларнинг хоналари болаларнинг руҳияти, беғубор ва бой тасаввуридан келиб чиққан ҳолда жиҳозланган, озода ва шинам. Деворларга турли мавзуларда ёрқин, эътиборни тортувчи, кишига эстетик завқ бағишловчи расмлар чизилган. Турли-туман ўйинчоқлар ўғил-қизларнинг ҳар томонлама таълим-тарбия олиши, сюжетли-ролли ўйинлар ўйнаши учун хизмат қилади.

Болаларнинг илк билимлари шаклланиши, тафаккур доираси кенгайиши, мустаҳкамланиши ва бойишида қизиқарли машғулотлар муҳим саналади. Шу боис машғулотлар давомида халқ эртаклари, достонлар, мақол ва тез айтишлар, топишмоқлардан самарали фойдаланилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу тизим фаолиятини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

525-махсус мактабгача таълим муассасасида педагог кадрларнинг малакасини янада оширишга, ўқув режа ва дастурларни замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсондаги феъл-атвор туғма бўлса-да, уни беш ёшга қадар ўзгартириш – тарбиялаш мумкин. Фарзандларимизнинг айни шу ёшда оила ёки мактабгача таълим муассасалари бағрида бўлишини инобатга олсак, бу ота-она ва тарбиячи-мураббийларга катта масъулият юклайди.

Яна ўқинг:  TASHABBUSKOR YOSHLAR – YURT TAYANCHI

Ойдин Ибрагимова ушбу масъулиятли вазифани сидқидилдан ҳис этади, ўз устида тинмай изланиб, малакасини оширишга интилади. У фаолиятини эндигина бошлаган кезларида дефектология соҳасида адабиётлар кам, ўқув-қўлланмалар йўқ эди. Шу боис ёш мутахассис билимини ошириш мақсадида соҳага доир хорижий адабиётларни ўрганди, уларни ўзбек тилига таржима қилди, янги методик қўлланмалар яратди. Педагогнинг “Қувноқ ҳарфлар” номли илк қўлланмаси кўплаб тарбиячи-логопедларнинг оғирини енгил қилди. “Болалар нутқини ривожлантирувчи махсус ўйинлар” номли иккинчи китобида мактабгача таълим муассасаларидаги кўп йиллик тажрибасини умумлаштирди ва китоб ҳамкасбларининг яқин дастёрига айланди.

– Нутқида нуқсони бўлган болаларни ўқитиш, тарбиялаш ва қайта тарбиялашнинг илмий асосланган тизимини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди О. Ибрагимова. – Нутқни коррекциялаш орқали биз, логопедлар болага мулоқот эркинлиги, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, мактабда муваффақиятли ўқиш ва ривожланиш имконини беришимиз керак. Бу ҳамкорликда ишлашни тақозо қилади. Логопед ва дефектолог, тарбиячи, ҳамшира иштирокида қизиқарли ўйинлар асосида ташкил қилинган якка тартибдаги ҳамда умумий машғулотлар болаларнинг нутқини ўстиришга, диққатини жамлашга кўмаклашади, хотирасини мустаҳкамлаб, фикрлаш доирасини кенгайтиради.

Логопеднинг таъкидлашича, мактабгача ёшдаги болалар билан олиб бориладиган машғулотларда дидактик ўйинларнинг аҳамияти катта. Уларни кенг қўллаш бола тафаккури, идроки, зеҳни, хотираси, иродаси, билим олишга бўлган қизиқиши ва эҳтиёжининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Ойдин Ибрагимова ўйинларни болаларнинг ёши ва руҳий ривожланишига қараб танлайди. Таълим йўналишидаги ўйинлар орқали болаларда мустақиллик, фаоллик, ижодкорлик, масалага онгли ёндашиш малакасини ўстириб боришга ҳаракат қилади.

 

Азима ҚИЁСОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: