Интернетдаги “беозор” ўйин

унинг ортида нима яширинган?

Кўринишидан беозор туюлган бу ўйин дастлаб расм чизиш билан бошланади. Кейинчалик воқеалар ривожи шавқатсиз тус олади.

Дастлаб ўсмирга ўз танасини тирнаш, кесиш вазифаси берилади ва ўйин сўнгида мудҳиш ҳодисага йўналтирилади. Бундай даҳшатли ҳолатлар шукрки, ёшларимиз орасида кузатилмаган. Аммо мазкур ташвишли ҳолат барчамизни жиддий мулоҳаза юритишга, фарзандларимизни интернетдан қандай фойдаланаётганини назоратга олишга ундаши тайин. Ахир, касални даволагандан унинг олдини олган афзал, шундай эмасми?

 

Тарбия ҳақида сўз борар экан, донишмандлардан бири шундай дейди: тарбиялашда энг муҳими, тарбиячининг кимлигидир.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, ахборот асрида фарзандингизни ким тарбиялаяпти? Кўзингиз оқ-у қораси кимлардан билим олмоқда? Унинг бўш вақти нималарга сарф бўлмоқда?

Афсуски, бугунги шиддаткор замонда айрим ёшларимиз билиб-билмай, ёвуз кимсалар таъсирига тушиб қолмоқда. Айниқса, улар ўз мақсадларига етиш йўлида ҳар қандай разилликдан тап тортмай, интернетдан самарали восита сифатида бола руҳиятига таъсир этишга уринаётир. Хўш, улар аслида ким? Нега бундай разолат ботқоғига воята етмаган фарзандларимизни тортишмоқда?

Юқоридаги ўйин шундай психологик дастурлаш ва транс ҳолатига киргазишга асосланганки, бунда боланинг руҳияти “зомби” – манқурт ҳолатига тушиб қолади. Бунда ўсмирнинг миясида ҳар куни бугунги берилган ўйиндаги вазифани бажариш фикри асосий ўринга қўйилади. У овқат еганида ҳам, йўлда юрганида ҳам, уйда телевизор кўрганида ҳам хаёлидан ўша вазифа, ўша тушкун кайфият, чизган расмлари ва кейинги босқичда қилажак ишлари бир-бир ўтиб туради. Юқорида қайд этилганидек, мазкур ўйин ҳар куни бир вақтда уйғониш ва бирор вазифани бажаришдан иборат. Шу орқали бола руҳиятини дастурлаш босқичлари кетма-кет бажарилади. Бу “беозор овунчоқ” бирор бир ўйинқароқнинг ўйлаб топган иши эмас. Аксинча фарзандларимизни разиллик ботқоғига тортиб, улардан манқурт сифатида фойдаланишни мақсад қилган кимсаларнинг узоқни кўзлаб қилган ишидир.

Муаммонинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Бу дунёда ота-она фарзанд учун энг яқин ва меҳрибон инсондир. Шундай экан ижтимоий тармоқда фарзандингизнинг кимлар билан мулоқот қилаёгани, қайси гуруҳларга аъзо эканлиги, қандай мавзуларда суҳбатлашаётгани эътиборингиздан четда қолмасин. Дилбандингизнинг ички муаммоларидан доимо хабардор бўлиб, улар билан дўстона мулоқот ўрнатинг.

Яна ўқинг:  Болалар футболи: орзулар рўёби сари

“Бир болага етти маҳалла ота-она”, – дейди доно халқимиз. Шундай экан устоз-мураббийлар, маҳалла-кўй ҳам ёш авлоднинг ички дунёси билан яқин бўлиши лозим. Хусусан, ўқитувчи синфидаги ҳар бир ўқувчининг юриш-туришига эътиборли бўлиши зарур. Фавқулодда ўзгариб қолган, тушкун кайфиятда ўтирадиган ва тез-тез жазавага тушадиган болага асло беэътибор бўлманг. Ўқувчингиз билан уни қандай муаммо қийнаётгани хусусида гаплашиб олинг. Ўсмирларнинг ота-оналари билан ҳам доимо мулоқотда бўлиб туринг. Бу юзага келмоқчи бўлган муаммони тез фурсатда бартараф қилишга ёрдам беради.

Ҳар бир ота-она борки, ўз фарзандини илмли, зиёли бўлиши йўлида ўз меҳнати, лозим бўлса, умрини фидо қилади. Дилбандим юзим, кўзимнинг оқу қораси деб эркалаб, алқайди. Келажак давомчиларимиз ҳар томонлама етук ва баркамол шахс бўлиб улғайсаларгина биз ўзимизни чинакам бахтли инсон, дея оламиз.

 

Зебинисо АХМЕДОВА,

психолог-психотерапевт

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: