Она, мураббий, раҳбар

Аёл… Аввало она, севимли уй бекаси. Бундай шарафли ном қайси ўзбек аёлига ярашмайди дейсиз.

Ана шундай шарафли номга сазовор бўлган Шаҳноза Қосимова Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган республика кўрик-танловида “Энг яхши мактаб директори” номинацияси ғолиби бўлди. Ҳам оиласи, ҳам ишини бирдек уддалаб, киши ҳавас қилгудек рўзғор бекаси бўлган Шаҳноза Қосимова меҳнатсеварлиги, тиниб-тинчимаслиги боис элда эъзоз топди. Мактабни тугатиб Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини муваффақиятли тугатган Шаҳноза опа дастлаб пойтахтимиздаги 39-мактабда ўқитувчи, кейинчалик 82-мактабда илмий бўлим мудири вазифаларида ишлади.

– 2001 йили мени Шайхонтоҳур туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаб директори лавозимига ишга тайинлашганида, тўғриси турмуш ўртоғим бироз иккиланди. Аммо қатор йиллардан буён 179-мактабда қайнотам директор лавозимида ишлаган Қобилжон Қосимов ишларимга ривож тилаб дуо қилганича, турмуш ўртоғимни ҳам кўндириб, мени астойдил қўллаб-қувватлади. Қайнотамнинг ўгитларига амал қилиб асло кам бўлмадим. Ҳар бир эришган муваффақиятим жамоадошларимни оила аъзоларимдек, ўқувчиларни фарзандларимдек ардоқлашим туфайлидир, – дейди Шаҳноза опа фахр-ифтихор билан.

Дарҳақиқат, тўлиқ таъмирдан чиқарилган таълим масканида барча шароитлар мужассам. Чор-атроф саранжом-саришта. Гулу гулзор қўйнига чўмган мактаб ҳовлиси кўркам. Ўқувчиларни тиббий билимини ошираётган саломатлик бурчаги, турли фан ва спорт тўгараклари болажонлар ихтиёрида. Айни вақтда 830 нафар ўқувчиларга фан сирларини қунт билан ўргатаётган Матлуба Маматова, Мукаррам Шукурова, Юлдузхон Мавлонова сингари жонкуяр устозларнинг саъй-ҳаракати боис мактаб туманда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. “Энг яхши синф раҳбари – 2013” кўрик-танловининг республика босқичида Дилноза Мақсудова 2-даражали диплом билан тақдирланган бўлса, Зарина Раҳмонова, Дилшода Муҳаммаджоновалар инглиз тили фанини ўқитиш бўйича шаҳар миқёсида юқори натижаларни қўлга киритишди.

Устозларга муносиб ворис бўлаётган шогирдларнинг ҳам эришган муваффақиятлари қувонарли. 9-синф ўқувчилари Муроджон Исматов ўтказилган фан олимпиадасида математика фани бўйича шаҳарда фахрли 2-ўринни, Меҳрибону Ҳакимова тарих фанидан 3-ўринни эгаллашди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган “Конституциямиз — бахтимиз пойдевори” шиори остида ўтказилган республика кўрик-танловида Ҳилола Ҳакимова 3-ўринни эгаллади. “Умид ниҳоллари – 2012” спорт мусобақаларида фаол иштирок этган мактаб ўқувчилари туман ва шаҳар миқёсида фахрли ўринларни кўлга киритган. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан “Белтепа” болалар спорт мажмуасида ўтказилган спорт мусобақаларида стол тенниси бўйича 7-синф ўқувчиси Исмоил Азимжонов фахрли 2-ўринни эгаллади.

Яна ўқинг:  Педагогика: ижодкорлик билан уйғун

Таълим масканидаги мавжуд компьютер, лингофон хоналаридаги жадвалли машғулотлар ўқувчиларнинг билим-кўникмаларини янада бойитмоқда. Мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Билимлар беллашуви”, “Ораста қизлар”, “Моҳир қўллар” номли кўрик-танловлар янги иқтидор эгаларини кашф этиш борасида қўл келмоқда.

Бир сўз билан айтганда муқаддас даргоҳ аталмиш мактаб не-не улуғларни камолга етказган. Ана шундай қадрдон даргоҳда сидқидилдан меҳнат қилаётган Шаҳноза Қосимова етакчилигидаги ўқитувчилар жамоасининг эзгу ишларида, мактаб ўқувчиларининг ўқишларида улкан зафарлар тилаймиз.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: