ОЁҚЧИ ТОМОНЛАРДА

Оёқчи Китоб туманининг сўлим гўшаларидан. У Чироқчи туманидаги Қалқама қишлоғи билан чегарадош. Баланд тоғ қоялари билан ўралган бу мўъжаз қишлоқнинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Маҳаллий аҳолининг айтишича, Оёқчи сўзининг маъноси “ой ботадиган тараф”, ёки “айғоқчи” деган маъноларни англатар экан. Ёзилишида Оёқчи сифатида қабул қилинган бўлса-да, у ерликлар “Аёқчи” деб талаффуз қилишларига таянсак, бу сўзнинг илдизи “Айғоқчи”га бориб тақалади. Аммо қиш­лоқ кексаларининг таъкидлашича, бу ерлик аҳолини қадимда “ой ёқчиликлар” деб аташган.

Қишлоққа етиб боргач, ўзимизга ҳамроҳ топиш мақсадида эски танишимизнинг уйига бордик. Маматқул ака Қувватов бизни уйига бошлади. Шошиб турганимизни, ниятимиз Алвастикўлга бориш эканини айтдик. “Шунча йўл юриб келибсиз, бориб кўрамиз, аммо уч йил олдин катта сел келди. Алвастикўл қумга тўлган”, деди. Лекин истагимиздан қайтмадик.

Харобалар нимадан сўйлайди?

Қишлоқдан чиқиб, тоққа яқинлашавераркансиз, сойнинг икки томонидаги тепаликларга кўзингиз тушади. У ерда ҳали ҳам уйларнинг қолдиқлари бор. Сабаби олдин аҳоли шу тепаликларда яшаган. Йигирманчи асрнинг бошларидан қуйига қараб силжиган. Уйларнинг бир-бирига яқинлиги, ҳовлиларнинг ихчамлигидан кўриш мумкинки, у ерда истиқомат қилган аҳолининг асосий тирикчилик манбаи чорвачилик бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Тепаликлар орасидан оқиб ўтаётган сойнинг кенга­йиб кетмаганига сабаб, унинг тошларини одамлар уй-жой қуриш учун ишлатмаган. Уй харобалари оралаб айланарканмиз, пойдевор сифатида терилган тошларнинг аксарияти тоғ тошлари эканлигини кўрдик. Хоналарнинг кичиклиги эса уларнинг томи кигиздан ёпилгани, ўтовга ўхшаш эканлигини англатади. Маълумки, кигиз баҳорги ва кузги ёмғирларга бардошли. Ҳатто тинимсиз қор ёғса ҳам чакка ўтиши амримаҳол. Яна кўрдикки, хонадонлар бир-бирига яқин қурилган. Асосий бойлиги чорва бўлган одамларнинг қўрасига бўри айланиб тинкасини қуритган бўлиши мумкин. Шундан сўнг улар келишиб, қавм-қариндошлар бир бўлиб яшашган. Ўзларини биргаликда ҳимоя қилишган. Энг қизиғи пойдевор сифатида терилган тошлар ҳали ҳам асл ҳолатини йўқотмаган. Аммо бу ерда кигиз қолдиғи ёки ёғоч чириндиларини учратмайсиз. Ўтган асрнинг бошларида маҳаллий аҳоли ёппасига тоғдан пастликка мажбуран кўчиртирилган ва йиллар ўтганидан сўнг Оёқчи қишлоғининг ҳозирги кўриниши шаклланиб борган.

Ҳар тепаликнинг ўз номи, ўз тарихи бор

Яна ўқинг:  Китоблар – тарих гувоҳлари

Аҳоли истиқомат қилган тепаликлар ўз номига эга бўлган. Масалан, Монис, Чаккатош, Йўлсой, Илонсой, Шолипоя, Салима, Минг дўлана, Читал сой, Катта Дўстқора, Кичик Дўстқора, Алвасти, Олволи патта, Чуқур юрт, Томоша, Қосимбой қиш­лоқ, Пистали мозор, Хўжабоғча, Бобоқулди сойи, Жумақаллиқ сойи, Қоронғул. Буларнинг ўзига хос тарихи бор. Алвастикўл сари борар эканмиз, йўлда сой этагидаги текисликдан ер олиб, деҳқончиликни йўлга қўйган Актам Бекназаров билан суҳбатлашганимизда, бу ҳақида билиб олдик. Унинг айтишича, Оёқчи ўрта асрларда марказлашган жой бўлган. Бу ерда хоннинг ёзги саройи жойлашган. Аммо у қайси хон эканлиги одамни ўйлантиради. Сабаби ўша пайтда Китоб ва Шаҳрисабз Бухоро хонлиги тасарруфида бўлган. Актам Бекназаров айтган хон Бухоро хони бўлса, унинг ёзги саройи ҳақида ҳеч қаерда ёзилмаган. Аниқлик киритиш мақсадида балки Китоб бекларининг саройи бўлгандир, дейман.

– Хоннинг саройи бўлган, – дея фикрида қатъий туради у. – Ишонмасангиз, келишда йўлда кўргандирсиз, Жанжалтепа бор. У ҳам айнан шу сарой билан боғлиқ. Сабаби олдин кимки жиноят қилса, шу тепаликда сўроқ қилинган. Ҳукм ўқилган. Ҳатто унинг ёнгинасида, “Жумақаллиқ сойи”да зиндон ҳам бор.

Қизиқиб зиндонни бориб кўрдик. Икки метр чуқурликда, уч метрлар энликда ковланган чуқур. Икки-уч одам сиғади. Айтган зиндонингиз шуми, дея сўрайман Актам акадан.

– Шу, – дейди у. – Бу биринчи зиндон. Чаккатошда ҳам зиндоннинг қолдиқлари бор. Бу ерда енгил жиноят қилганлар, у ерда хавфлилари зиндонбанд қилинган бўлиши мумкин.

Тоғдан қайтишимизда Мардон Иброҳимовдан бу ҳақда сўраганимизда, у киши: “Қандай хон ўтганлигини билмадиму, Одина Хитой деганлари роса “даврини сурган”. Хўжабоғчада ўзининг боғи бўлган дейишади”, – дея жумбоққа изоҳ беради. Одина Хитойнинг боғи ҳам Актам Бекназаров айт­ган “ёзги сарой” билан бир жойда бўлган. Дарадаги сойдан анча баландликда жойлашган мазкур боққа сопол қувурлар ёрдамида сув олиб чиқилган. Ҳозир ҳам у ерда турли мевали ва манзарали дарахтлар экилган уч гектар боғ мавжуд. Ёнғоқ, тол, терак, ҳатто, арчагача бор. Энг муҳими, ҳозир ҳам у тепалик суғориладиган ерлар қаторига киради.

Қирқ чашма

Табиатнинг яна бир мўъжизаси тоғдан қайнаб чиқаётган чашмалардир. Ундан оқиб чиқадиган зилол сувнинг муздайлиги чанқаган танимизга роҳат беради. Руҳимиз яйрайди. Ҳар бир чашманинг ёнида идиш бор. Бу одатга айланган. Маҳаллий аҳолидан ким тоққа чиққудек бўлса, шу идишларда сув олиб ичиб, манзил сари кетаверади. То Алвастикўлгача қирқдан ортиқ шундай чашмалар бор. Ҳар бирида бир хил ҳолатни кўрасиз. Бу хислат тоғликларнинг анъанаси, балки эътиқодига айланган. Энг ажабланарлиси, иссиқда куйиб, терлаб келган одам бу сувдан ичса, соғлиғига умуман зарар етмас экан. Қишда ичса ҳам тани қувват олавераркан. Чашмалар тоғдан келаётган сойга қўшилиб, қишлоқ ўртасидан оқиб ўтувчи Оёқчидарёни ташкил этади. Тоғ тарафдан келаётган салқин шамол эса қуёш тик кўтарилганига қарамай, бизни илдам қадам ташлашга ундайди. Ўзгача шиддат, куч бағишлайди.

Яна ўқинг:  ҚВПлар қачон одамлар ишончини қозонади?

Қоронғилми, Қоронғикўл?

– Қоронғилнинг ҳам ўзига яраша тарихи бор, – дейди Актам Бекназаров. – Бу сувомбор бўлган. Суви кўплигидан адоғи кўринмаган. Шунинг учун одамлар уни Қоронғикўл деб аташган.

Актам ака қўли билан чамалаб кўрсатган майдон ва баландликни эътиборга оладиган бўлсак, юқорида кўрган харобаларимиз сув остида қолиб кетиши керак эди. Демак, аҳоли олдин ундан ҳам юқорида яшаган. Кейинчалик Қоронғикўлнинг сатҳи пасайиб боргани сари улар ҳам пастга энишган.

Бошида ишонишга қийналдим. Боиси тоғда сув омбори бўлиши мумкинлиги одамни ўйлантиради. Тараққиёт ривожланмаган бир даврда бундай ҳашаматли сув иншоотининг бўлганлиги ҳақиқатми ё чўпчак? Актам Бекназаров эса унинг ҳақиқат эканлигини исботлаш учун тўғон бўлган жойни кўрсатди. Икки томондаги тепаликларнинг нисбатан яқинлашиб келган жойида улкан тошларнинг бир текисликда териб чиқилгани унинг ҳақиқатан ҳам тўғон бўлганлигини билдирарди. Лекин бу ҳам қайси пайтга тегишли эканини, афсуски, маҳаллий аҳолидан ҳеч ким билмайди. Ҳар бири тонна-тонна оғирликдаги бу тошларни ёғоч тиркамалар ёрдамида силжитиб, тўғон барпо этишган. Лекин нима мақсадда, кимнинг ғояси билан бунёд этилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо тўғоннинг баландлиги юз метрга етганлиги ҳам Қоронғикўл анча катта бўлганидан далолат беради.

Сопол идишлар ясайдиган устахона

Қишлоқда яна бир тепалик бор. Унинг номи Маликтепа. Айрим маҳаллий аҳолининг гапига қараганда, у ерда сопол идишлари ясайдиган устахона бўлган. Қизиқиб биз ҳам “археолог”лик қилгимиз келди. Ҳақиқатан ҳам у ердан сопол парчалари топилди. Ҳатто бундай парчалар ён-атрофга ҳам сочилиб кетган. Аммо бунинг тарихи қачонга бориб тақалишини ҳеч ким аниқ айтиб беролмади. Демак, бу ҳақидаги гап авлоддан-авлодга ўтиб, ўз оҳорини йўқотган. У ҳақидаги маълумотлар тўлиқлигича сақланиб қолмаган. Қишлоқнинг кексалари ҳам унинг тарихини айтиб бера олмаслигига қараганда, бу ҳам қадимий устахоналардан бири бўлиши мумкин. Бундан кўринадики, қадимда бу ерда маданият, ҳунармандчилик ва чорвачилик ривож топган.

Манзилга етиб келдик

Ниҳоят, Алвастикўлга ҳам етиб келдик. Номи кетган мазкур кўл биз ўйлаганчалик катта жойни эгалламаган экан. Эни ҳам, бўйи ҳам йигирма метр­лар чиқадиган ушбу мўъжизани, Маматқул ака айтганидек, қум босган. Суви тўпиқни кўмади, холос. Йўл-йўлакай учраган одамларнинг гапига қараганда, Алвастикўл анча чуқур бўлган. Биров етти метргача шўнғиганман деса, бирови ўн икки метргача ўлчаганман, лекин тагига етганим йўқ, дейди. Актам Бекназаров эса унинг саёз жойи 17 метргача боришини аниқлаган. Бундан кўринадики, кўлнинг чуқурлиги ҳам йигирма метрлар атрофида бўлган. Тепасидан олти метрли шаршарадан сув тушган ва кўлнинг тугаш жойидан Оёқчисойнинг иккинчи қисми бошланган. Аммо бир неча юз йиллик тарихга эга Алвастикўл бугун жозибасини йўқотди. Энди у иккига айирилиб турган Оёқчисойни бирлаштириб, ўзи ҳам сойнинг бир қисмига айланди. Қизиқ, унинг бу ҳолга келиб қолиши, кутилмаганда келган селнинг йигирма метр чуқурликдаги кўлни қумга тўлдириши ҳам табиатнинг сир-синоатга бой эканлигидан эмасмикан?!

Яна ўқинг:  ПИРУ БАДАВЛАТ ОТАХОН

Алвастикўл баҳонасида шунча тарихдан бохабар бўлдик. Юқорида айтганларимизнинг қанчалик ҳақиқат ёки ривоят эканлиги ҳам ҳали аниқмас. Сабаби у ернинг ўтмиши билан ҳали бирор бир тарихчи қизиқиб кўрмаган. Жанжалтепа ҳақидаги гаплар, зиндон бўлганлиги, хоннинг “ёзги саройи” ёки Одина Хитойнинг боғи ҳам тарихнинг жумбоқларидан. Эҳтимол, бу ерда қачонлардир кичик қўрғон ёки шаҳарча бўлгандир?!

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: