“Бобурнома” – дурдона асар

Бобур – шер демакдир. Демишларки, инсоннинг исми баъзан унинг тақдирини белгилайди. Шер юракли бу зотни сўнгги нафасигача шижоат ва беқиёс шиддат тарк этмади. Ўн тўққиз ёшида туғилган юртини мангуга тарк этди. Йигирма беш ёшида эса Афғонистон, Покистон, Бангладеш мамлакатларининг аксарият қисмини эгаллаган улкан мамлакатга асос солди.

Ижодида Ватанпарварлик, она юртидан айрилиқ ҳисси кўпинча унинг бир қанча рубоийилари билан изоҳланади. Бу фикрга қўшимча равишда шуни айтиб ўтиш лозимки, унинг шоҳ асари – “Бобурнома”да ҳам бу туйғу қад ростлаб туради.

 

“Бобурнома” – уммондек теран мазмунли, соф, содда, мардона ва тароватли асар. Унинг ҳар томчисида инсонийлик ва ватанпарварлик хусусиятлари ўз ифодасини топган.

 

Биз бу муаззам асар орқали Мовароуннаҳр, Ҳиндистон, Афғонистон каби давлатларнинг географик ўрни, иқлими, табиати, меъморий обидаларидан тортиб, урф-одатлари, қадриятлари, тарихий шахслари ҳақида аниқ ва ҳаққоний маълумотга эга бўламиз.

Бобурноманинг илк саҳифасини очар эканмиз, қуйидаги сатрларни ўқиймиз: “Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур Маъмуранинг канорасида воқе бўлубдур. Ошлиғи ва меваси фаровон. Сайхун дарёсиким Хўжанд суюга машҳурдир, шарқ ва шимоли тарафидин кириб бу вилоятнинг ичи билан ўтиб ғарб сори оқар”.

Бизга маълумки, Бобурнинг саодат юлдузи эрта чақнаган, яъни у ўн икки ёшида тахтга ўтирган ва давлатни бошқарган. Ибратли жиҳати шундаки, ўн икки ёшли бола Андижоннинг – Ватанининг географик жойлашувини сув қаердан қайси ариқлардан келишини, у ерда қандай мевалар пишишини, қандай қушлар ов қилинишини, ҳатто, қушларнинг оғирлигини шу қадар аниқлик билан билади. Андижон аҳлининг қайси тилда сўзлашини, урф-одатларини, расм-русумларини, қадриятларини, жуда синчиковлик билан кузатади ва уларни бадиий завқ билан ифодалайди. Бобур ўз Ватанини ардоқлаб, меҳр ва ғурур билан тасвирлайди: “Оқар сувлари бор, баҳори бисёр яхши бўлур, қалин лола ва гуллар очилур”.

Андижонда етиштириладиган ҳосил ҳақида айтиб ўтаётиб, у билан боғлиқ удумни ҳам тилга олади: “Қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас”. Бу билан халқининг сахийлигини бутун дунёга бадиий ифода билан маълум қилади.

Андижон қуши ҳақидаги фикрга қулоқ тутайлик: “Ови қуши доғи кўп бўлур, қирғовули беҳад семиз бўлур. Андоқ ривоят қиладиларким бир қирғовулнинг ускунасини тўрт киши еб тугата олмайдур” ёки Ўш таърифида оддий бир кўкат – бинафшага нисбатан “латиф” деган таърифни келтиради. Бу сатрлар шунчаки оддий маълумот эмас. Бу сатрларда она Ватанни жону дилдан севиш, унинг ҳар бир қарич ерини муқаддас билиш ва инсоний бурч, деган тушунча мавжуд. Бу эса шубҳасиз, ўқувчилар қалбида Ватанга муҳаббат ҳиссини тарбиялайди ва камол топтиради.

Яна ўқинг:  Shifokor qo‘shig‘i

“Бобурнома” – бетакрор асар. Яна уни “Ибратнома”, “Панднома” деб атасак-да, лойиқдир. Биз бу асарнинг ўқувчи шахси ва комиллигини тарбиялашдаги аҳамиятидан бир заррасини таҳлил қилишга уриндик, холос. Агар “Бобурнома” бир уммон бўлса, хато ва камчиликлардан холи бўлмаган бу таҳлилни ана шу уммондан бир томчи деб қарасак тўғри бўлар.

 

Хуршида АТАУЛЛАЕВА,

Қашқадарё вилояти, Касби туманидаги 14-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: