Эзгулик ва яхшилик куйчиси
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги буюк намояндаси ҳисобланади. Чунки, машҳур муаррих Мирзо Ҳайдар таъбири билан айтганда: “Туркий шеъриятда Мир Алишердан кейин ҳеч ким унингчалик кўп ёзмаган”.
Чиндан ҳам Бобур ижоди Навоийдан кейинги алоҳида босқични ташкил этади. У адабиётни ҳаётга, адабий тилни халқ тилига яқинлаштирди. Атоий, Лутфий шеърларидаги халқчиллик Бобур асарларида янгича шаклда қайта туғилди. Хусусан, у “Бобурнома” асари билан туркий адабиётда реалистик насрни бошлаб берди, содда, халқона услубга асос солди. Бобур ўз асарларининг мавзуини асосан ҳаётдан олди. Шоир меросининг ҳайратланарли даражада ҳаётийлиги, кўнгилга яқинлиги, туйғуларининг табиий ва самимийлиги шундан.
Бобур ғазал, рубоий, туюқ, қитъа, фард, маснавий жанрларида қалам тебратиб, айниқса, ғазал ва рубоийда юксак маҳорат кўрсатган. Албатта, унинг ижодида ҳам буюк салафларига эргашиб ёзилган анъанавий ишқу муҳаббат мавзуидаги шеърлар кўпчиликни ташкил этади. Айни пайтда шоир реал ҳаёт тасвири, кундалик воқеалар баёни, шахсий кечинмалар тасвирига кенг ўрин беради. Бу шеърларда ватан соғинчию ғурбат ғами, зафарлар қувончию мағлубиятлар алами ўзининг ёрқин бадиий ифодасини топган. Тақдир зарбалари ва замона адолатсизликларидан шикоят, хиёнат аҳлини фош этиш ва ўзини ёзғириш оҳанглари ҳам етакчи ўрин тутади. Хусусан, ҳасби ҳол, кўнгил кайфияти ифодаланган шеърлар ўзининг ҳаққонияти ва самимияти билан ажралиб туради. Баъзи шеърларида табиат манзараларининг гўзал ва бетакрор чизгиларини учратамиз. Улар орасида инсоний комилликка даъват қилиб, илму маърифатнинг аҳамиятини улуғлаб, дунё, нафс, ҳою ҳаваслар, жоҳиллик ва ғофилликни қоралаб ёзилган, панд-насиҳат йўналишидаги шеърлар ҳам анча-мунча. Енгил ва равон услуб, содда ва тушунарли тил, табиий ва самимий ифода тарзи ҳаётий ҳодисалар ва шахсий кечинмалар талқини билан уйғунлашиб, Бобур шеъриятининг фавқулодда халқчиллиги ва бадиий баркамоллигини таъминлаган.
Бобур ўз асарларининг мавзуини асосан ҳаётдан олди: у ўзи кўрган-билган, қалбидан ўтказган, ўзини тўлқинлантирган нарсалар, кечинмалар ҳақида қалам тебратади. Юрагини дастурхон каби ўқувчи олдига ёзади: ҳеч нарсани яширмай, кўнглида борини тўкади.
Бобурнинг бетакрор шахсият сифатида бутун дунё аҳлини қизиқтириб келган. “Бобур Шарқ мамлакатлари тахтига ярашиб тушган ҳукмдорларнинг ёрқин намояндаларидан биридир. Унинг шахси олийжаноб инсон ва улуғ шоҳга мансуб бўлган фазилатлардан таркиб топган”, – деб ёзади Уильям Эрскин. Ҳаётнинг ҳар қанчаки машаққатлари бўлса, мардона енгиб ўтган, шум фалакнинг барча найрангларига сабот билан бардош берган, замонанинг бор адолатсизликларини кўрган, одамларнинг жабру жафолари, хиёнатларига чидаган, шунга қарамай, деярли осуда умр кечирмай дунёдан ўтаётган бир инсон шундай дейишга минг карра ҳақли эди. Бошқа бир ғазалида бу фикр янада ривожланиб, кенгайиб, очиқ-ошкор тус олади:
Ҳар ёнғаким азм этсам, ёнимда борур меҳнат,
Ҳар сориким юзлансам,ўтрумға келур қайғу.
Юз жавру ситам кўрган,минг меҳнату ғам кўрган,
Осойише кам кўрган мендек яна бир борму?!
Лекин Бобур бағри кенг, меҳри дарё инсон бўлган: ўзига ёмонлик қилганларнинг ҳам гуноҳидан ўтиб, қўлидан келганча уларга яхшилик кўрсатган. “Бобурнома”да бу борадаги кўплаб ёрқин мисолларни учратамиз. Ҳасанхожа Нисорийнинг ёзишича: “Кимки жаҳонпаноҳ даргоҳига илтижо қилган бўлса, подшоҳнинг инъомидан баҳраманд бўлди ва фазл дастурхони неъматидан қуруқ қолмади. Дарё мисол қўли билан саховат оламига эркинлик берди”.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳонда фақат яхшилик пойдорлигига, одам боласидан фақат яхшилик қолишига ишонган. Шунинг учун ҳам барча элга яхшилик қилки, шундан яхши нарса йўқ, токи дунёда фалон кишидан яхшилик қолди, деб эслаб юрсин, деган ақида билан яшаган:
Бори элга яхшилик қилғилки,
мундин яхши йўқ –
Ким, дегайлар даҳр аро
қолди фалондин яхшилиғ!
Бу мавзуда “Бобурнома”да ҳам фикрлар учрайди. Чунончи: “Ғаразким, бу дунёда кишидин ушмундоғ нималар қолур, ҳар ким ақлдин баҳравар бўлса, нега андоғ ҳаракатга иқдом қилғайким, андин сўнг ёмон дегайлар ва ҳар кишига ҳушдин асар бўлса, нега андоғ амр-эҳтимом қилмағайким, қилғондин сўнг мустаҳсан дегайлар”. Шундан кейин ҳикмат аҳлининг: “Шуҳрат билан ёдланиши ҳакимлар иккинчи умр демишлар”, – деган сўзларини келтиради. Бобурнинг ўзи ҳам барча эзгу фазилатларнинг соҳиби эди.
Бобур шеърларини ичдан нурлантириб турган энг муҳим хусусият бу – унинг беқиёс даражадаги самимияти. Таъбир жоиз бўлса, замин ўз ўқи атрофидан айлангани каби Бобур шеърлари ҳам самимият атрофидан айланади.
Эргаш ОЧИЛОВ,
филология фанлари номзоди