БАҲОРОЙНИ ЧОРЛАГАН САДО

Қиш мезбонлигининг сўнгги кунлари. Табиатда яна бир мўъжиза юз беради. Қуёш қиш заҳридан толиққан борлиқни илиқ кафти ила эркалаб, ҳар бири ўз вазифасига чорлаётгандек. Тарновлардан юмалаб тушаётган биллур томчиларнинг киши билмас зарби гўё борлиқни аста уйқудан уйғотади. Борлиқ узра таралган садо олис-олислардаги келинчак баҳорни чорлайди.

Ҳаётбахш, қуёш тафтига тўйинган илиқ обиҳаёт сингиб, замин пойида мудраб ётган чучмома, бойчечак, бинафша каби Баҳоройнинг хушбўй, зебо сепларини аста уйғотмоққа шайланади. Она табиат чалган зангидан атроф жонланади.

У ҳаётий бонг бўлиб, борлиқни яшнашга, яшаришга чорлайди. Унинг чорловидан, узоқ ўлкаларда яшаётган, ўз дийдорига соғинтирган Баҳоройнинг синглиси, қоракўз қалдирғочга уй пештоқида илинган кўшкини бир ёдига солса ажаб эмас. Бу жаранг садосидан дала-даштларни ажиб тароват ва хуш ифор чулғайди гўё. Боғлардаги дарахт шохларининг ҳар қатига яширинган, табиатнинг энг азиз арзандаси бўлмиш инсонларга аталган митти туҳфалар яна ҳам аён бўлиб, бўртиб борар, ҳадемай ундаги сеп очилиб, атрофни ёқимли бўй тутиб, юракларни энтиктириб юборади.

Биллур оҳангларидан дунё уйғонса, қуёш билан дийдорлашган чоғда ундан товланган камалак мисол ранглар жилоси борлиққа сачраб кетади. Дала-дашт, қир-адирлардаги ранглар таровати бунчалар хушрўй. Яшил, пушти, нафармон… Қаршимизда сайқалланаётган ранг-тасвирни кўриб, Буюк мусаввирнинг маҳоратига таҳсинлар айтасан.

Биллур томчилар жаранги инсон кўксида ураётган юрак зарбига илҳом бағишлайди. Ундан руҳланган ҳаёт яна ҳам кучлироқ ура бошлаб, яшаш завқи нақадар гўзал ва бебаҳо эканлигини ҳис этади. Ана шунда қиш заҳридан ҳоли бўлган ёру дўстлар, қариндош-уруғлар бир бирининг дийдорига ошиқади, уларнинг суҳбатини нақадар соғинганини ҳис этади.

Тарновлардаги сумалаклар жаранги анчадан буён ҳувиллаб қолган кўча-кўйда, маҳаллаларда, оталар чойхонасида кекса боболаримизни, онахон ва момоларни орзиқиб кутган дийдор ва ширин суҳбатга чорлайди. Кексалар қуёшни ўзларига дўст тутиб, унинг илиқ тафтида гурунг қилишади.

Инсонларга бора-бора жон роҳати бўлган иссиққина қишки кийимлар ҳам кишига бир мунча душвордек туюлади. Баҳорнинг завқидан осмонларда бу “оғир юк” билан учиб бўлармиди. Қишки либосларим билан вақтинча араз тутиб, жовонимизнинг бир бурчига жойлаб қўйиб, ўрнига соғинтирган баҳорий енгил кийимларни олиб, силаб-сийпаб, ёқимли бўйидан тўйиб-тўйиб ҳидлаб оламиз. Ўтган наврўз айёмидаги, либосимиз четига ёпишган сумалакнинг сақичини кўриб, дошқозонлардаги сумалакани соғинасан киши. Гўё бу кийимлардан сумалакнинг ёқимли ифори келаётгандек. Эҳтимол бу соғинганимиздандир.

Яна ўқинг:  ОҒУФУРУШЛАР

Табиатни, яшаришга, яшнашга, инсонларни ширин дийдорга чорлаган ҳаётий бонг хуш келдинг. Сенинг зангингдан нафақат борлиқдаги музлар, балки қалбдаги тошлар ҳам парчаланиб кетсин!

Маърифат

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: