ЁШ ҚИЛИЧБОЗЛАР МУСОБАҚАСИ
Пойтахтимизда ўсмирлар ва қизлар ўртасида Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси кубоги учун I халқаро турнир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Қиличбозлик федерацияси ва Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада Ўзбекистон, Франция ва Қозоғистондан олтмиш нафардан зиёд спортчи яккалик ва жамоавий беллашувларда ғолиблик учун куч синашди.
Қизлар ўртасида Осиё чемпионати кумуш медали совриндори Гулмира Зиёева финалда франциялик Осеан Блюм устидан зафар қучиб, олтин медалга сазовор бўлди. Ҳамюртимиз Зилола Илёсова ҳамда франциялик Розен Костанье бронза медални қўлга киритди.
Ўсмирлар ўртасидаги яккалик беллашувларида франциялик Мишел Коротон ва Дэвид Спенс дастлабки икки поғонани эгаллади. Ҳамюртимиз Ренат Баширов ва франциялик Элис Мэдди бронза медаль билан тақдирланди.
– Юртингизда спорт билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилганига гувоҳ бўлдик, – дейди Франция жамоаси мураббийи Амир Шабакесаз. – Қиличбозликка ихтисослашган спорт зали ҳам барча қулайликларга эга, замонавий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Бу ерда шуғулланаётган ёшлар ўртасида спортчи сифатида юқори салоҳиятга эга ўғил-қизларнинг кўплигига амин бўлдик.
Жамоавий беллашувларда Франция қиличбозлари олтин, Ўзбекистон терма жамоаси кумуш медални қўлга киритди.
З.ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА мухбири