Уч килограммлик лимон

ёхуд лимончилик соҳасидаги изланишлар ўз самарасини бермоқда

 

Ўзбекистонлик биринчи космонавт Владимир Жонибеков коинотда барча экипаж аъзолари вазнсизлик ҳолатига ўтиш жараёнини осонлик билан енгиб ўтишида шифобахш Тошкент лимонлари фойда берганини таъкидлагани, шиша идишчада “учаётган” лимон новдаси ва парчалари намойиш қилинган видеолавҳа ўз даврида кўплаб юртдошларимизнинг ҳайратига сазовор бўлганди.

Фазогирлар узоқ коинот сафаридан қайтгач, лимонни қаламча усулида фазовий шароитда ўстириш мумкинлигини исботлаш борасида изланишлар олиб бораётган ўзбек олими, юртимизда цитрус мевалар етиштириш асосчиси Зайниддин Фахриддинов илдиз отиб, бўйи анча чўзилган лимон қаламчасини қўлига олганида кўзларига қувонч ёшлари келган…

– Ўзбекистонда лимон етиштиришнинг иложи йўқ, деган фикрларни 1967 йилда отам яратган лимоннинг “Тошкент” нави чиппакка чиқарди, – дейди Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Муҳаммадазиз Фахриддинов. – Унинг вазни 450 грамм бўлиб, таркибида лимон кислотаси тўрт фоиздан ошган. Фазо шароитида синовдан ўтган ҳам айнан ана шу лимон нави эди. Орадан уч йил ўтиб, лимоннинг чатиштирилган “Юбилейний” гибриди яратилди. Буни қарангки, ундан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин. Қалин пўсти таркибида кислота миқдори 12 фоиз бўлиб, эфир мойига бойлиги билан оддий лимондан уч баравар кўп юқори кўрсаткичга эга.

Ҳозирги кунга келиб, ўзбек селекционер олими яратган лимоннинг ўнга яқин тури, апельсиннинг “Ўзбекистон”, мандариннинг “Тошкент” навлари нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам етиштирилмоқда. Масалан, Уфада 2 гектар майдонда Ф-1 “Тошкент” ва Ф-2 “Юбилейний” навларидан барпо этилган лимонзорлардан мўл ҳосил олинмоқда. Кўчатлари кўпайтирилиб, аҳолига етказиб берилмоқда.

Цитрус меваларнинг пўстида юрак-қон томир тизими касалликларининг олдини олувчи ва даволовчи шифобахш моддалар мавжуд. Уларда юқумли жароҳат ва яраларни даволашда қўлланиладиган фитонцидлар, биологик фаол моддалар, шунингдек, инсон қон томирини мустаҳкамловчи геспериндин кўп учрайди. Японияда цитрус мевалари шарбатининг инсон организмига таъсирини ўрганувчи марказда лимон шарбати одам организмидаги рак ҳужайрасини ўсимтага айлантирадиган заҳарли моддаларни бартараф этиб, оғир хасталикнинг олдини олиши аниқланган. Лимон шарбати қовоқ шарбати билан ичилса, қандли диабет касаллигини енгиллатиши ҳам кузатилмоқда.

“Биздагидек серқуёш ўлка етти иқлимда бўлмаса-ю, лимонни қачонгача плёнка остида ўстирамиз”, дея куюнган селекционер олим лимонни совуққа чидамли ўттиздан ортиқ мева кўчатларига, ҳатто ғўза, қора мурч каби ўсимликларга ҳам пайвандлаб, чатиштириб синовдан ўтказди. Аммо…

Яна ўқинг:  УМУРМИ, УМИРМИ ЁКИ УМР

Олимнинг совуққа чидамли, эртапишар лимон етиштириш борасидаги орзусини ўғли Муҳаммадазиз амалга оширди. Яқинда олимнинг иссиқхонасида бўлиб, ғаройиб тажрибани кузатдик. Лимонлар нақ косадек келади. Меваларининг ранги ва шакли деярли бир хил. Ҳажми тахминан уч килограмм келади.

– Марказимиз илмий жамоаси яратган “ўзхитан” препарати бу борада қўл келди, – дейди М. Фахриддинов. – Яшил қаламчалардан кўчат тайёрлашда унга шу модда билан ишлов берилди. Кўчатда ташқи таъсирларга, турли касалликларга қарши иммунитет пайдо бўлди. Илдиз чиқиши учун авваллари 60 кун талаб этилган бўлса, энди у тенг бараварга қисқарди. Мазкур кўчатлар икки йил иссиқхона шароитида етилгач, очиқ майдонда экилди. Уч йил эҳтиётлаб парвариш қилинса, кўчатнинг қуввати ошгани сайин унинг ташқи таъсирга чидамлилиги ошиб боради. Айни вақтда мазкур кўчатлар 10 даражагача бўлган совуққа дош бермоқда.

Мустақиллигимизнинг илк йилларида Швейцарияга Ўзбекистонда яратилган ва етиштирилган лимон тонналаб экспорт қилингани ҳақидаги сўзларга кимдир ишонса, кимдир ишонмайди… Йиллар ўтиб, юртимизда цитрус меваларни кўпайтириш ҳамда қайта ишлаш борасидаги улкан ютуқларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Хива ва Боғот туманларидаги хонадонларда бўлиб лимон, ёнғоқ, анор, бодринг каби сердаромад экинлар экиш зарурлигини қайд этиши ана шу эътиборнинг ёрқин исботидир.

– Ўзбекистон тупроғи унумдор, – дейди Муҳаммадазиз ака. – Ҳар бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, яхши ҳосил олиш мумкин. Ҳозир Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм, Навоий, Жиззах, Бухоро вилоятларидаги фермер ва шахсий томорқа эгаларига лимон кўчатлари етказиб бераётирмиз. Айниқса, Тошкент вилоятида “Тошкент” маҳаллий навига талаб юқори. Қибрай туманининг Чингелди қишлоғида лимоннинг ҳар тупидан 200 килограмм ҳосил олинмоқда. Мулкдорлар ҳар йили хорижга катта миқдорда лимон экспорт қилмоқда.

Лимонлар қайта ишлаш саноати учун қулай ва витаминларга бой. Дунёда цитрус экинларининг ўттиздан зиёд тури бўлса-да, уларнинг тахминан ўндан ортиғи саноат аҳамиятига эга. Эндиликда дунёнинг ривожланган мамлакатларида цитрус мевалари қайта ишлаш саноатининг асосий хомашёсига айланди. Унинг меваларидан сифатли консерваланган шарбатлар, мураббо, қиём, мармелад ва салқин ҳамда шифобахш ичимликлар тайёрлаш учун қўшимчалар ишлаб чиқарилмоқда. Олимларнинг эътироф этишича, бошқа мева ва сабзавотлардан фарқли равишда цитрус мевалар таркибидаги С витамини ҳатто юқори ҳароратларда консерваланганда ҳам ўзининг сифатини деярли йўқотмайди.

Яна ўқинг:  Муқаддас оила асоси

Тошкент вилоятида фаолият юритаётган “Нуриддин агро” масъулияти чекланган жамияти цитрус ўсимликларни кўпайтириш ва қайта ишлашга ихтисослашган. Бу ерда барпо этилган беш гектардаги кўчатзорда лимоннинг саноатбоп навларидан кўчатлар етиштирилиб, аҳолига ва фермерларга етказилмоқда, фермер ва боғбонларга илмий маслаҳатлар берилмоқда. Ёш кўчатлар назорат қилиниб, илғор тажрибалар ўргатилмоқда.

– Куни кеча Сирдарё вилоятига 100 минг дона лимон кўчати етказиб бериш борасида шартнома туздик, – дейди Тошкент давлат аграр университетининг мевачилик ва узумчилик кафедраси доценти, “Нуриддин агро” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нуриддин Фахриддинов. – Илмий ишимнинг мавзуси цитрус меваларни етиштириш ва кўпайтиришга қаратилган. Ҳозир Ўзбекистон шароитида лимонни интенсив усулда етиштиришни такомиллаштириш борасидаги тадқиқотларимиз давом этмоқда.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, уй шароитида лимон, хусусан, “Тошкент” нави тувакда етиштириш учун жуда қулай. Унинг илдизлари озиқланиш майдони кичик бўлиб, беш йилгача кичик тувакда ўсиб, йилига 120-150 дона ҳосил бериши мумкин. Бу нав касалликларга чидамли, нам ва ёруғликни ёқтиради. Шу боис баргларини доим намлаб, сув пуркаб туриш керак.

– Лимон кўчатини турган жойидан қимирлатиб, айлантиравермаслик керак, – дейди Н. Фахриддинов. – Улар ҳаво ҳароратининг кескин ўзгаришига бардош бера олмайди. Ёруғликни ёқтирса-да, қуёш нурининг тўғридан-тўғри тушишига йўл қўймаслик керак. Печь, иссиқлик батареялари бор хоналарга уларнинг намлигини орттириш учун идишларга сув солиб қўйган маъқул. Агарда уларга нотўғри муносабатда бўлинса, қишда гуллайди-ю, мева тугмайди. Мева олиш учун лимон гулини сунъий равишда чанглантириш керак. Улар хона ва ҳовлиларга кўрк берибгина қолмасдан, ҳавони тозаловчи муҳим восита ҳамдир. Нафис гуллари асабни тинчлантириш, кўнгил айнишининг олдини олиш билан бирга инсон кайфиятини кўтаради.

…Йиллар ўтиб, бир пайтлар ўзбек лимонзорларини кўриб ҳайратланган космонавт В. Гречконинг ҳам қуйидаги тилаклари ижобат бўлар: “Лимон – ҳаёт неъмати. Улар болаларга, беморларга, узоқ муддат космосда бўлган косманавтларга жуда керак. Ишончим комилки, бу қутлуғ заминда етиштирилган лимонлар космосда ҳам ҳосил беражак…”

 

Сайёра ШОЕВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: