Қонунийлик, инсонпарварлик принципи устувор
Ҳаётимизнинг қонунлар асосида тартибга солиниши жамиятда адолат барқарорлигига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги таъминланишига хизмат қилади. Қонунларга амал қилмаслик, уларни билиб-билмай бузиш, табиийки, жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонунчиликда белгиланган жавобгарликлар орасида маъмурий жавобгарлик тушунчаси мавжуд бўлиб, унинг турлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ўз ифодасини топган. Бунда шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун турли даражадаги жарималар, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланади.
Шу билан бирга, кодексда маъмурий қамоққа олиш масаласи ҳам ўрин олган. Унга кўра, маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун ўттиз суткагача муддатга қўлланилади.
Қонунчилигимизда маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши ва унинг муддати кўрсатилган бўлса-да, уни ўташ тартибида ноаниқликлар мавжуд эди. 2017 йил 9 январда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев имзолаган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонуни шу йўналишдаги муҳим ҳужжат бўлди.
– Янги қонун билан маъмурий қамоқни ўташ тартиби билан боғлиқ бўлган муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази бош маслаҳатчиси Муҳаммад ҚАЮМОВ. – Қонунни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад қонун ҳужжатларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар томонидан маъмурий қамоқни ўташ принциплари ва тартибини мустаҳкамлаб қўйишдан иборат. Бу принциплар қонунийлик, инсонпарварлик, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишдан иборатдир.
Қонуннинг аҳамиятли томони шундаки, унда маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, шунингдек, уларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Аввало, маъмурий қамоқни ўташга нима асос бўлиши мумкин, деган саволга аниқлик киритсак. Бу қонуннинг 5-моддасида баён этилган бўлиб, унга кўра, туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг қарори, фавқулодда ҳолат режими шароитларида, шунингдек, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори маъмурий қамоқни ўташ учун асос бўлади.
Қонунчиликка мувофиқ, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар, 18 ёшга кирмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилмайди.
Маъмурий қамоқни ўташга маҳкум бўлган шахс махсус қабулхонада, яъни ички ишлар органлари тизимига кирадиган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасада сақланади.
Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонага ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари томонидан келтирилади. Махсус қабулхонага қабул қилиш чоғида маъмурий қамоққа олинган шахс кўрикдан ўтказилади. Бармоқ излари рўйхатга олинади. Ушбу шахсни фотосуратга олиш, ундаги мавжуд ашёларни кўздан кечириш, шунингдек, тиббий кўрик амалга оширилади.
Махсус қабулхона маъмурияти келтирилган шахс муассасага жойлаштирилган пайтдан бошлаб унга ўзи ҳақида адвокатга, қариндошларига ёхуд бошқа шахсларга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар қилиш ҳуқуқини бериши шарт. Агар махсус қабулхонага жойлаштирилган шахс чет эл фуқароси бўлса, унинг махсус қабулхонага жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ёзма билдириш йигирма тўрт соатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилиши керак.
Ҳуқуқ ва мажбуриятлар – бу ҳар бир қонунга хос бўлган энг муҳим жиҳатдир. Мазкур қонунда ҳам маъмурий қамоқққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига алоҳида ўрин берилган. Жумладан, бундай шахслар, аввало, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Уларнинг аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Бундай шахслар ўзларининг шахсий хавфсизлигига ва соғлиғи сақланиши таъминланадиган шароитларда сақланиш, тегишли тиббий ёрдам олиши мумкин. Почта жўнатмаларини ва йўқловларни олиш ҳамда жўнатиши мумкин. Адвокат, қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиши мумкин. Белгиланган тартибда телефон орқали сўзлашиш, сайр қилиш, дам олиш, меҳнатга жалб қилинган тақдирда тегишли ҳақ олиш ва меҳнатнинг муҳофаза қилиниши каби ҳуқуқларга эга.
Шу билан бирга, маъмурий қамоққа олинган шахслар қонун талабларига ва ички тартиб қоидаларига риоя этиши шарт. Махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларнинг қонуний талабларини бажариши, уларнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги керак.
Қонунда, шунингдек, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг моддий-маиший ва тиббий таъминоти, махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш харажатларини ундириш ва уларни меҳнатга жалб этиш тартиби ўрин олган.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхоналардан озод қилишга оид меъёрлар ҳам қонунда акс этган. Унга кўра, маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазони қўллаш тўғрисидаги қарор бекор қилинганда, маъмурий қамоқ ўтаб бўлинганда бу ердаги шахслар озод этилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ой ўтгач кучга киради.
Хулоса қилиб айтганда, қонуннинг қабул қилиниши маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамлашга замин яратади. Бу маъмурий қамоқни ўташда қонун ҳужжатлари талабларини ижро этишнинг ягона амалиётини таъминлашга, ушбу соҳада ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлиги ва мазкур органлар ходимларининг масъулияти ошишига олиб келади.
Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири