Анор шарбати кайфиятни кўтаради
Олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра бир стакан анор шарбати стресс (руҳий зўриқиш)дан қутулиш учун самарали восита эканлиги аниқланди. Эдинбургдаги қиролича Маргарита университети олимлари ишдаги стресслардан ҳалос бўлишда айнан анор шарбати ўзига хос таъсир кучига эга эканлигини таъкидлашмоқда.
60 нафар кўнгилли қатнашчилар 2 ҳафта мобайнида ҳар куни 500 мл миқдорида анор шарбати ичишди. Тадқиқот якунлангач, унда қатнашган қатнашчилар сўровнома тўлдиришди. Сўровномада эмоционал кайфият ва ишга бўлган муносабат ҳақидаги саволлар жамланган эди. Аниқланишича, доимий равишда анор шарбати истеъмол қилган инсонлар кайфиятида кўтаринкилик ҳолати кузатилган. Уларда ишга бўлган ижобий муносабат юқори бўлиб, асабийлашиш ҳолатлари кам кузатилган.
Гулноза ЗИЯЕВА,
2-Республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси