Руҳият кўринишлари: соғлиқ ва беморлик чегараларида

Тиббиёт амалиётида шифокорлар олдида невроз ва шунга ўхшаш ҳолатлар, психопатия ва эндоген (организмнинг ички муҳити билан боғлиқ омиллар сабабли келиб чиқадиган) психик касалликларни эрта белгиларига қараб қиёсий ташхис қилиш муаммоси туради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра невроз билан касалланган беморлар сони охирги 65 йил ичида 24 маротаба ортган. Ваҳоланки, руҳий касалликлар сони эса бор йўғи 1,6 маротабага кўпайган.

Шуни тан олиш керакки, невроз касаллигининг келиб чиқишида психоген-руҳий шикастлар асосий сабаб бўлиб қолаяпти. Беморларнинг хасталик тарихида руҳий шикастлар (стресс (руҳий зўриқиш), касбу кор, хизмат соҳасидаги нохушликлар, оилавий низолар, жинсий ҳаёт муаммолари, бирор нарсадан тўсатдан қаттиқ қўрқиш ва болаликдан бошдан кечирган ёмон кечинмалар) хасталикнинг келиб чиқишида асосий ўринда турибди. Бунинг яна бир сабабларидан оиланинг (ота ёки онанинг йўқлиги)тўлиқ эмаслиги, нотўғри тарбия ҳам ҳисобланади.

Неврознинг ривожланишида шахснинг индивидуаллиги, яъни унинг руҳияти ва организмининг ўзига хослиги катта аҳамият касб этади. Инсоннинг шахс кўрсаткичлари, аввало атрофдаги жараёнларга муносабати билан кўринади. Психотравматик(руҳий шикастли) омиллар патоген (зарарли) бўлиб, таъсир қилишда у ҳар бир бемор учун ўзига хос аҳамиятга эга бўлиши керак. Шахс кўрсаткичлари наслий-конституционал ва ташқи муҳит таъсиротлари (яшаш тарзи, тарбия) билан узвий боғлиқликда ривожланади. Унинг асосий кўрсаткичлари болалик даврида шаклланади. Невростеник бузилишларнинг кўпгина клиник белгиларига психопатологик, эмоционал-мотивацион, когнитив, функционал-неврологик, вегетатив-висцерал, алгик ва диссомник ҳолатлар киради.

Вегетатив бузилишлар энг кўп учрайдиган ҳолат бўлиб, психо-вегетатив синдром ҳисобланади. Бундай ўзгаришларга беморлар жуда катта эътибор бериб, улар шикоятларининг асосий қисмини ташкил қилади. Кўпинча астеник бузилишлар жисмоний ва руҳий тез толиқиш билан намоён бўлади. Бунда эслаш қобилияти ва диққатнинг пасайиши, фикрни жамлай олмаслик, асабийлик, кайфиятнинг тез ўзгариши, йиғлоқилик, тушкунлик, ташқи таассуротларга (ёруғликка, шовқинга, тактил (ҳатто, терига сал билинар-билинмас нарсалар тегиши)сезгининг кучайиши, ҳидларга, метереологик ўзгаришларга сезгирликнинг ошиши кузатилади. Бош оғриғи диффуз кўринишга эга бўлиб, кўпинча зўриқишдаги бош оғриғига йўйилади.

Уйқунинг бузилиши, кечқурун ухлолмаслик ва чуқур уйқунинг, бўлмаслиги билан тавсифланади. Кўп вазиятларда шифокорлар беморлар томонидан хавотирланиш, қўрқув, депрессив (тушкунлик) ҳолатларига дуч келадилар. Бу ҳолатлар тиббиётда паник (ваҳима) бузилишига тўғри келади. Ваҳима хуружи ёки вегетатив криз (бемор аҳволининг тўсатдан оғирлашиб қолиши) паник бузилишнинг энг яққол белгилари ҳисобланади. Беморда хуруж вақти ўн дақиқа давом этиб, бу ҳолат тўсатдан бошланади ва қуйидаги белгилар билан кечади: ҳансираш, ҳаво етишмаслиги, юракнинг ва томирнинг тез уриши, чап кўкрак соҳасида нохуш сезгидан бемор кучли хавотирланади. Кейин у бўшашиб кетиб, ҳушини йўқотиш ҳолатида бўлади. Яна хаста одамда қалтираш, титраш, терлаш, эт увишиши кузатилади.

Яна ўқинг:  Бахтиёрлик – соғлиқ гарови

Шунингдек, беморда ўлиб қолишдан қўрқиш ҳиссиёти кучли бўлади. Бундай ҳолатларнинг бир ойда 3-4 маротаба ва сабабсиз кузатилиши беморларга хос ҳисобланади.

 Невротик ёки невростеник беморларда доимий қўрқинч ва хавотирга тушиш белгилари кўп учрайди.

 Улардаги истерик (жазава) кўринишидаги бузилишни руҳий касал беморлар ҳолатидан фарқлай олиш керак бўлади. Руҳий касаллик узоқ вақт давом этиб, бунда хаста одам шифохонада даволанади. Истерик бузилиш белгилари беморларда пароксизмал ҳолатлар билан кечади. Пароксизмал ҳолатлар кўпинча ҳаракат бузилишлари (тананинг ва қўл – оёқларнинг қалтираши, миоклоник (мушакларнинг тиришиши) тортишишлар, тананинг ёйсимон таранглашиши, тризм, блефораспазм), псевдопарезлар (сохта фалажлик ҳолати), талваса ҳолатлари, юришнинг ўзгариши, ихтиёрсиз ҳаракатлар билан намоён бўлади.

 Кўриш ва кўз олмаси ҳаракатларининг бузилиши белгилари (кўришнинг пасайиши, нистагм, диплопия, птоз) ҳам катта аҳамиятга эга.

 Сезгининг турли хил бузилишдаги кўринишларини (анестезия, гиперстезия, истерик оғриқлар) беморларни клиник ва неврологик текширув жараёнида аниқлаш мумкин. Беморда уйқунинг бузилиши (унинг узоқ вақт уйқуга кетиши, ҳушининг бузилиши ёки уйқусизлик) белгилари билан кечади. Бундай хаста инсонларни даволаш невролог ва психотерапевтлар ёрдами билан олиб борилади. Даволаш тури хасталик белгисига қараб амалга оширилади. Яъни, касалликни келтириб чиқарган омилларга барҳам бериш ва юқорида қайд этилган белгиларни бартараф этиш учун турли хил гуруҳга кирувчи дори воситалари тавсия этилади.

 

Ёқутхон МАЖИДОВА,

ТошПТИ Асаб касалликлари, болалар асаб касалликлари кафедраси мудири, профессор,

Латофат ЗИЯХОДЖАЕВА,

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: