Бўлажак билимдонлар қандай тарбияланади?

Биз тез-тез вундеркинд болалар ҳақида эшитамиз. Хўш, вундеркиндлар аслида ким, улар қандай хусусиятларга эга?

Руҳшуносларнинг олиб борган кўп йиллик тадқиқотларига кўра фавқулодда истеъдодли болаларда уларнинг танасидаги айрим безлар, хусусан, гипофиз ва буйрак усти безларидаги гормонлар миқдори юқори бўлар экан. Бундай ақлли болалар ҳаётда жуда кам учрайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 100 минг нафар болага бир нафар вундеркинд тўғри келар экан. Бу каби болакайларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, уларнинг асаб тизими организми шакллангунига қадар энг юқори ривожланиш босқичига етиб боради. Олимлар вундеркиндларни икки гуруҳга ажратишади. Унга кўра табиат томонидан берилган қобилият ва ота-она томонидан “яратилган” истеъдод. Агар табиат ато этган истеъдод ўз вақтида аниқланиб, тўғри йўналтира олинмаса, у бесамар кетади. Яъни, вундеркинд меҳнат қилмасдан туриб, ҳеч қандай маррани забт эта олмайди. Руҳшуносларнинг таъкидлашича, 90 фоиз муваффақият боланинг тақдири ёки генетикасига эмас, балки унга берилган тарбияга боғлиқ.

Таёқнинг икки учи бўлганидек, бўлажак билимдонни вояга етказиш нафақат боладан, балки ота-онадан ҳам жуда катта меҳнат талаб қилади. Табиат томонидан берилган қобилият барчага ҳам насиб этавермайди, аммо ота-она ва бола томонидан қилинган меҳнат ҳеч қачон бесамар кетмайди. Бўлажак билимдонларни тарбиялашда мутахассислар томонидан бир қанча фойдали маслаҳатлар берилган. Қуйида улар билан сизни таништирамиз.

ЎЙИН. Бола турли ўйинларни ўйнаш чоғида атрофда бўлаётган воқеалар, уларнинг нима сабабдан рўй бераётгани ҳақидаги бир қанча саволларга жавоб излашга ҳаракат қилади. Ва у ана шу сўроқларга жавоб топиш учун атрофдан маълумот излайди.

КИТОБ. Китоблар боланинг ривожланишида муҳим восита саналади. Бола кичик ёшда бўлса-да кўп мутолаа қилиши керак. Китоб ўқиш жараёнида унинг мияси фаол ҳаракатда бўлади. Бундан ташқари икки ёшгача бўлган болаларда сўз бойлиги ортади. Фарзандим китобни ҳали тушунмайди ёки эшитмайди, десангиз янглишасиз. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича бола туғилганидан 3 ёшгача бўлган муддатда ўзи учун керакли бўлган барча маълумотларни олишга улгуради.

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ. Кўпчилик ота-оналар болани МТМга бериш ёки аксинча бермаслик тўғрисида жуда кўп бош қотиради. Илм-фан эса бу саволга “Бола МТМга бориши керак” дея таъкидламоқда. Бунга биргина мисол келтирамиз. Мутахассислар 3-4 ёшгача бўлган 40 нафар (уларнинг ярми МТМга боради, ярми эса йўқ) бола ўртасида тадқиқот ўтказишган. 27 йил ўтиб, гуруҳ қатнашчиларининг шахсий ҳаёти ўрганилган. Якунда айнан МТМга борган болаларнинг аксариятида хусусий уй сотиб олиш учун имкониятлар етарли бўлган.

Яна ўқинг:  Ўзбeкистон – умумий уйимиз

МУСИҚА. Аслида, исталган ижодий фаолият боланинг ақлий ва руҳий жиҳатдан ривожланишига ижобий таъсир этади. Мусиқа хотирани мустаҳкамлайди. Шу сабаб, аксарият мусиқа билан шуғулланган болажонлар чет тилларини осонлик билан ўзлаштиришади. Бир сўз билан айтганда, у сўз маҳоратининг ривожланишига таъсир қилувчи омад калитидир.

САБРНИ ШАКЛЛАНТИРИНГ. Икки ёшгача бўлган болага телевизорни узоқ вақт томоша қилишга руҳсат бермаган маъқул. Бу унга ҳеч қандай фойда бермайди, аксинча билим кўникмаларини пасайтиради ва ривожланиши учун кетадиган вақтининг беҳуда сарфланишига сабаб бўлади. Бундан ташқари олимлар боланинг сабрли бўлишга ўргатишни маслаҳат беришмоқда. Тарихдан маълумки, қадимда гилам тўқиш, заргарлик сингари ҳунарлар юқори табақа вакиллари, асосан шоҳларнинг фарзандларига ўргатилган. Бундан кўзланган асосий мақсад болани сабрли, ҳар бир ишни қунт билан бажаришга ўргатишдир.

СЕКИН ШОШИЛИНГ ВА МУНОСИБ НАМУНА БЎЛИНГ. Болани жуда тез ривожлантиришга ҳаракат қилиб, уни қийнаб қўйманг. Асосан бир ёшгача бўлган болаларга секин гапиринг ва қайта-қайта сўзларни такрорлаб туринг. Ҳамма нарсага диққатли ва тўғри ёндашинг. Одатда катталар бола нотўғри талаффуз қилган сўзни худди унга ўхшаб талаффуз қилиб, хатога йўл қўйишади. Ҳар бир сўзни тўғри талаффуз қилинг. Шунда бола ҳам сизга эргашади.

 

Ёдингизда бўлсин: фарзанд учун ота-она тақлид қилишда намуна саналади. Шундай экан улар сизнинг ойнадаги аксингиз эканлигини унутманг.

 

КОМПЬЮТЕРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ. Компьютер ўйинлари замонавий педагогиканинг биринчи рақамли душмани саналади. Бола кун давомида компьютерда икки соатдан ортиқ ўйнаса, унинг китобга, спортга ва мусиқага бўлган қизиқишлари 9,4 фоизга пасаяди.

КЎРСАТИНГ ВА ГАПИРИНГ. Сайрга чиққан пайтда атроф-муҳит ҳақида болага кўпроқ гапириб беринг. Жумладан, ҳид, овоз каби қизиқарли воситалар ёрдамида унинг диққатини жалб қилиш мумкин. Масалан: баргларнинг хазон рангига кириши, гулларнинг очилиши, қор ва ёмғирнинг ёғиши улар учун жуда қизиқарли жараён саналади.

МАЖБУРЛАМАНГ. Табиийки, ҳар бир ота-она фарзандининг тезроқ билимдон бўлишини хоҳлайди. Натижада уларга жуда кўп топшириқлар бериб, болани тез зериктириб қўйишади. Фарзандингизни фақат бир машғулот билан шуғулланишга мажбурламанг. У ҳар бир ишни чин кўнгилдан бажарсин. Шунда унинг лаёқати ва қизиқиши, ривожланиши билан ҳамоҳангликда кечади.

Яна ўқинг:  Югуриш учун қиш йилнинг энг яхши фасли

 

Ойгул Асилбек қизи, Тошкент вилоят педагогика коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: