Мақолани ўқиб…
“Соғлом авлод” газетасининг жорий йил 3-сонида чоп этилган “Тарбиянинг икки палласи” сарлавҳали мақолани қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Педагог сифатида сизга қуйидаги мулоҳазаларимни билдиришни лозим деб топдим.
Мақолада таъкидланганидек, соғлом муҳит тарбиянинг боши ҳисобланади. Қатор йиллардан бери Олмазор туманидаги 165-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига таълим-тарбия бериб келмоқдаман. Ўқувчиларим фарзандларимдек бўлиб қолган. Уларнинг келажаги мени педагог сифатида ўйлантиради, албатта. Маънавиятли ва соғлом муҳит ҳамда ўзаро ҳурмат ҳукм сурган оилада маънан ва жисмонан соғлом фарзандлар вояга етади.
Болаларнинг кўпроқ вақти мактабда ўтганлиги боис уларнинг тарбиясига ўқитувчиларнинг ҳам катта таъсири бўлади. Бошланғич синф ўқувчиларига дарс берганим сабабли уларнинг руҳиятига қараб муомала қилишга ҳаракат қиламан. Дарс бошида ўқувчиларнинг диққатини бир жойга жамлаш учун бадантарбия билан шуғуллантирамиз. Кейин дарс бошлаймиз. Ўқитувчида ўз ишига нисбатан масъулият ҳисси, сабр ҳамда актёрлик қобилияти бўлиши муваффақият калити ҳисобланади. Аввало, оиласидаги ташвишларини уйи-да қолдириб, мактаб томон йўл олган ўқитувчигина болаларга тўлақонли таълим-тарбия бера олади. Бу бизнинг касбимиздаги шиоримиз.
Болани ёшлигидан бўш вақтини унумли сарфлашга ўргатиш керак. Тарбия жараёнида ҳар бир нарсада меъёр бўлгани яхши, деб ўйлайман. Зеро, ортиқча эркалатиш талтайишга сабаб бўлса, қаттиққўлликнинг меъёридан ортиши боланинг одамови бўлиб қолишига олиб келиши мумкин.
Оиламизда байрам кунлари болаларга қизиқарли ва мазмунли китоблар сов-ға қилиш одат тусига кирган. Бу ҳам маънавий-маърифий тарбиядир. Оиламизда турмуш ўртоғим билан фарзандларимизга мақолада қайд этилган иккинчи тарбия услубида тарбия берганмиз ва бугунги кунда унинг ширин меваларидан баҳраманд бўлмоқдамиз.
Сайёра ТЕМИРОВА,
Тошкент шаҳри