Тенглар ичра нуфузи тенг

Яқинда иш юзасидан “Шарқ зиёкори” китоб дўконига киргандим. Китоб расталарини айланиб ногоҳон кўзим Гомернинг “Одиссея” достонига тушди-ю, ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдим. Нега дейсизми? Мени ушбу дурдона асарни ўз она тилимда ўқиш имконияти мавжудлиги мамнун қилди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда ер юзи аҳолиси уч мингга яқин тилда сўзлашар экан. Улар орасидан 200 тасигагина давлат тили мақоми берилган. Она тилимиз ҳам ана шундай мақомга эришганига йигирма тўрт йил бўлаётган бўлса, шу вақт мобайнида унинг мавқеи тобора юксалиб бораётганлиги ҳаммамизда фахр уйғотади.

Юртимизда 21 октябрь “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган кун тарихий сана сифатида кенг нишонланса, 21 февраль Юнеско ташкилоти бош конференциясининг 30-сессиясида халқаро она тили куни сифатида нишонланиши эълон қилинган. Тилни ривожлантириш борасидаги бу каби саъй-ҳаракатлар миллатлараро яқинлик, дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатликни таъминлашдек эзгу мақсадларни амалга оширишга хизмат қилади.

Жаҳон адабиётининг энг нодир намуналари – Гомернинг “Илиада” ва “Одиссея”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Дантенинг “Илоҳий комедия”, Гётенинг “Фауст”, Шекспир, Бальзак, Толстой, Маркес каби буюк адибларнинг асарлари, дунё халқларининг машҳур эпослари ўзбек тилига ниҳоятда гўзал таржима қилинганлиги она тилимизнинг имкониятлари нақадар кенг эканлигини кўрсатиб турибди. Ҳатто, илмий-техникага оид энг мураккаб асарлар ҳам тилимизга ўгирилган.

Ҳар бир тил ўзининг ички имконият­лари ва бошқа тиллар таъсирида муттасил равишда бойиб боради. Айниқса, мустақиллик йилларида она тилимиз янада бойиб, имкониятлари кенгайиб бормоқда. Буни ўзбек тилининг 5 жилдли янги изоҳли луғати, шунинг­дек, илм-фан ва техникага оид луғатлар, бугунги кунда оғзаки ва ёзма нутқ­да қўлланилаётган сўзлар, атамалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жаҳондаги турли компаниялар томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари, дори-дармонлар, мураккаб асбоб-ускуналарнинг таништирув ва қўллаш ҳақидаги ҳужжатлари ҳамда ёрлиқлари ўзбек тилида ҳам илова қилинмоқда.

Бугунги кунда тилимиз жаҳон бўйлаб қулоч ёзмоқда. Турли мамлакатларда ўзбек тилининг ўрганишга эҳтиёж сезаётганлар, қизиқаётганлар йил сайин кўпайиб бормоқда. Миллий курашимизга хос ўзбекча атамалар етти иқлим бўйлаб ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда янграяпти.

Ҳар бир халқнинг ўз тили унинг энг бебаҳо қадрияти, фахри, ғурури. Биз учун ўзбек тили ана шундай юксак ва қадрлидир.

Яна ўқинг:  Иммунитет пасайиши хасталикка йўл очади

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: