Миллий тарбия мезонлари

Болажонлик – халқимизга хос азалий қадрият бўлиб, фарзанд дунёга келиши ота-онага ҳам, қариндош-уруғларга ҳам катта қувонч бахш этади. Келган кишилар уй эгаларини янги меҳмон билан қутлаб: “умри билан берган бўлсин”, “бахтини кўринг”, дея яхши тилаклар билдиришади.

Ота-она фарзандига яхши ният билан исм қўяди, шу кундан бошлаб унинг келажаги ва бахтини ўйлайди. Фарзандини ахлоқ-одобга ўргатиш, ўқитиш, катта бўлганда бирор касб-ҳунар эгаси бўлишига кўмаклашиш ота-онанинг зиммасидаги бурчидир.

Қадимдан ўғил болалар ота ёнида дастёр бўлиб, унинг ҳунарини эгаллаган, қизлар эса она русумини тутиб келишган.

Шарқона тарбияга кўра қиз болалар билан гаплашганда нафосат билан секин сўзлашга ўргатилади. Катталарга тик қараш – ҳурматсизлик, беодоблик саналган. Уйда кексалар йиғилганда аёллар ярим овозда сўзлашишган. Ёши улуғларнинг ҳурматини бажо келтириш эса уларга кўр-кўрона итоат қилиш эмас, балки уларнинг турмуш тажрибаларига, билимларига ҳурмат белгисидир.

Қадимдан халқимизнинг энг олижаноб оилавий анъаналаридан бири – кечалари ота-оналар болалари билан танча атрофида ўтириб, тарбия, одоб-ахлоқ ҳақида мароқли суҳбатлар ўтказишлари бўлган. Бунда улар ўзбек халқ эртаклари, достонлари орқали, фарзандларини тўғри йўлга бошлаганлар. Ўзбек халқининг турмуш тарзига сингиб кетган урф-одатларимизнинг аксарияти кишини жисмонан соғлом, эътиқодли шахс бўлиб етишишига хизмат қилади.

Ахлоқий тарбия кўп қиррали, узоқ давом этадиган жараёндир. Одатда боланинг феъл-атвори, юриш-туришига, муомала маданиятига қараб ота-онаси ким, оилада қанақа тарбия кўргани ҳақида ҳукм чиқарилади.

Ҳаётнинг кўрки ҳам, чиройи ҳам аёллардир. Аёл бор ерда меҳр-вафо, орасталик, эзгулик бор. Қиз бола – ҳаёси билан гўзал. Гўзаллик бу фақат ташқи қиёфада эмас, балки одоб-ахлоқ, фаросат, покизалик, олижаноблик, шарм-ҳаё, иффат, ғурур, латофат, меҳнатсеварлик каби чин инсоний фазилатларда намоён бўлади. Мана шулар мужассамлашгандагина инсон ҳақиқий гўзал бўла олади. Гўзаллик дилни равшан қила оладиган бир нурки, инсон ҳар вақт шу нур томон интилади.

Қиз бола тарбияси жиддий масала эканлигини инобатга олган ҳолда ҳар бир инсон бунга жиддий ёндошиб ҳаракат қилмоғи лозим. Айниқса, мактаб, лицей ва коллеж ўқитувчиларининг галдаги масъулиятли вазифаларидир.

Бу вазифани англаган ҳолда Олмазор тиббиёт коллежида ҳам қизларнинг тарбияси, одоб-ахлоқига катта эътибор берилади. Коллежимиз устоз-мураббийлари маънавият ва маърифат ишлари бўйича раҳбар ўринбосари Н.Даминова, И.Баҳромов, коллеж услубчиси Г.Маннонов бошчилигида ўқувчилармизни нафақат яхши мутахассис, балки комил инсон бўлишлари учун таълимни тарбия билан узвий боғлаган ҳолда олиб боришмоқда. Зеро, бизнинг бош мақсадимиз ёшлармизни шу юрт, шу миллат тақдири билан яшайдиган етук инсонлар қилиб тарбиялашдир.

Яна ўқинг:  Оила қуриш масъулияти – бахтли бўлишнинг шарти

Нигора ЮСУПОВА,

Олмазор тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: