МУАЛЛИМ БОБОНИНГ БОЛАРИЛАРИ

Унинг оиласига қўшимча даромад олиб келади

Бухоронинг Жондор тумани Лола қишлоқ фуқаролар йиғинида туғилиб, шу ерда палак ёзган Ғулом бобо Қутлиев ҳақида ҳамқишлоқлари қўли очиқ, ҳалол инсон, оқил тадбиркор, дейишади. Дарҳақиқат, ёш авлод тарбияси йўлида умр бўйи тер тўкиб, мактаб аталмиш муқаддас даргоҳда ёшларга таълим-тарбия берган устоз бугунги кунда нафақада бўлсада ҳамон ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, уларга маслаҳатлар бериб келмоқда.

У турмуш ўртоғи билан 6 нафар фарзандини олий маълумотли қилиб вояга етказиб, уларни касбли-корли қилди. Бугун нафақат ҳам севимли касбини, ҳам тадбиркорликни бирдек эплаб келаётган фарзандлари Шуҳратжон ва Шавкатжон Қутлиевлар билан балки набиралари Мир­азиз ҳамда Миржонларнинг ҳам бобосининг болариларига ишқи тушганидан Ғулом бобо ҳақли равишда фахрланади. Турмуш ўртоғининг мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлаш билан биргаликда ҳам оиласини, ҳам фарзандлари тарбиясига меҳр ва талабчанлик билан ёндошгани зое кетмади. Бу эса оқил тадбиркорнинг бахти десак асло муболаға эмас. Ҳа, йиллар кетидан йиллар ўтди. Бугун Ғулом Қутлиевни ҳамқишлоқлари бизнинг тадбиркор Ғулом бобо, дейишади. Қарийб ўттиз беш йилдан буён оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб асаларичиликнинг ҳадисини олган бобонинг етиштираётган боли бугун харидоргир.

Асалари болининг шифобахш эканини яхши англаган Ғулом бобо унинг фойдали хусусиятлари ҳақида бизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Маълумки, асал минг бир дардга даво. Шундай экан, асаларичиликни ривожлантириш учун албатта энг аввало бу митти жонзотлар ҳаётини ўрганишимиз зарур. Асалари тозалик ва озодаликни хуш кўради. Шу боис улар ҳамиша озода жойларда қўним топишади. Ушбу гуллар шайдоси ўз удумига кўра катта оила бўлиб яшайди. Мазкур оилада яшайдиган ҳар бир аъзо маълум вазифани бажаради. Оила асосан урғочи ари, ишчи ари ва эркак арилардан ташкил топган бўлиб, она ари фақат тухум қўйиш вазифасини бажаради. Қўйилган тухум икки хил – уруғланган ва уруғланмаган тухумга бўлинади. Уруғланган тухумдан озуқа ёрдамида урғочи ва ишчи арилар, уруғланмаган тухумдан эркак арилар етишиб чиқади.

Она ари уясидан кам чиқади. У бир кеча-кундузда ўрта ҳисобда 1500 та тухум қўяди. Унинг узунлиги 18-20 мм., оғирлиги эса ўртача 200 мг. га етади. Она ари 5-6 йил яшаши мумкин. Лекин унинг маҳсулдорлиги икки йилдан сўнг пасая бошлайди. Шунинг учун ҳар икки йилда она арилар алмаштирилиб борилади. Ишчи урғочи ариларнинг асосий вазифаси гул шираси (нектар), гулчанги, сув йиғиш, гул ширадан бол ишлаш, ёш ариларни тарбиялашдан иборат. Шунингдек, улар мумдан катак ясаш, уяни тозалаш, ҳаво намлигини таъминлаш, асалари елимини етказиш каби ишларни ҳам бекаму кўст уддалашади. Қўриқлаш ишларини ҳам фақат ишчи арилар ҳушёр ҳолда бажаради. Шу боис ишчи ариларнинг хартумчаси эркак ариларнинг хартумчасидан узунроқ бўлади. Бирмунча ёшроқ 14-20 кунлик асаларилар уя ичида иш бажарувчи, 14-20 кунликдан ошганлари эса далада учувчи асаларилар табақасини ташкил этади. Баҳор ва ёз фаслида ишчи асаларилар ўрта ҳисобда 40 кун, кузда вояга етганлари эса келаси баҳоргача яшашлари мумкин. Эркак арилар тайёр асал билан озиқланади. Уларнинг узунлиги 15-17 мм., оғирлиги эса 2, 2 граммни ташкил этади.

Яна ўқинг:  БИОЛОГИК СОАТ ХОСИЯТИ

Айни вақтда асалариларнинг Украина, Крана, Италия, Кубань, Узоқ Шарқ, Ўрта Русь, Карнат асалари зотлари мавжуд. Уларнинг боли таркибида одам организмида тез ҳазм бўладиган 80 фоиз мева ва узум қанди бор. Ушбу шифобахш маҳсулот кўплаб дардларга даво сифатида истеъмол қилинади. Жумладан, камқувватликда, кўз хиралигида кўриш қобилиятини яхшилаш учун, киши организмида қонни кўпайтириш каби хусусиятларга эга.

Ғулом бобонинг сўзларини тинглар эканмиз, чор-атрофдаги гулу гулзор орасига қўйилган асалари қутилари диққатимизни тортди. Тадбиркорнинг таъкидлашича, асаларичилик билан шуғулланиш мўл-кўл даромад манбаи ҳисобланар экан. Шунинг орқасидан барча оила аъзолари фаровон ҳаёт кечиришмоқда. Энг муҳими фарзандлар ёшлигидан меҳнатга ўрганиб, қўшимча даромад топиш йўлларини ўзлаштирар экан.

Ҳа, Ғулом бобо ҳар бир оила ўз имкониятига яраша камида 4-5 қути асалари боқса мақсадга мувофиқ бўлар эди, деганида нақадар ҳақ эканлигини унинг тадбиркорлик фаолияти билан танишгач ишонч ҳосил қилдик. Ўз ишидан мамнун устознинг юзи янада ёришиб кетгандай туюлди.

Ушбу ёруғлик қалби дарё устоз, эндиликда эса нафақага чиқиб оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган бобонинг мустақиллик туфайли эл обод, ҳаёт фаровон бўлаётганига ҳар ким баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги ҳақидаги ўйларидан кўнгли чароғон бўлаётганидандир.

Маҳлиё ҚУТЛИЕВА,

Жамила ЭРДОНОВА,

Бухоро вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: