Малакали тиббий хизмат халқ саломатлигини сақлашда муҳим омилдир

1998 йил 10 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг давлат дастури тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг мақсад ва вазифалари қатъий белгилаб олинди. Жумладан, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимояга доир конституциявий хуқуқларига риоя этиш, кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг турларидан аҳолининг барча қатламлари фойдаланишини ташкил этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг самарали тизимини яратиш, профилактик соғлиқни сақлашни устувор ривожлантириш, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, хусусий тиббий даволаш амалиётини ривожлантириш ва рағбатлантириш каби йўналишлар тизимнинг асосий тамойиллари этиб белгиланди.

Мустақиллик йилларида юртимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича қатор эзгу ишлар амалга оширилди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соғлом ва баркамол фарзандларни тарбиялашда оила масъулиятини оширишга қаратилган ишларни тизимли ташкил этишда Тошкент шаҳар Аҳоли репродуктив саломатлик маркази ҳам самарали ишларни амалга ошириб келмоқда.

 

– Бизнинг муассасада бугунги кунда 10 дан ортиқ мутахассис меҳнат қилмоқда. Марказнинг асосий вазифалари аҳолига репродуктив саломатлик масалалари бўйича бирламчи малакали тиббий ёрдам ва маслаҳатларни ташкил этишдан иборат.

 

Шунингдек, УАШ (умумий амалиёт шифокори), доялар, хамширалар учун бирламчи тиббиёт муассасаларида замонавий контрацептив воситаларни тўғри ва самарали ишлатилиши ҳамда ҳомиладорларни антенатал парваришини таъминлаш бўйича ўқув семинарларини ўтказади, – дейди Тошкент шаҳар Аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори Феруза Раҳматуллаева.

2014–2016 йиллар давомида марказ мутахассисларига 2 минг 825 нафар аҳоли вакиллари мурожаат қилиб, уларга тегишли малакали тиббий ёрдам ва маслаҳатлар ташкил этилди. Бундан ташқари шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва яна бир қанча тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтган 2015–2016 ўқув йилида 1 минг 327 нафар ва 2016–2017 йиллар ўқиш даврида 643 нафар, жами 1 минг 970 нафар ёшлар ОИВ инфекцияси юқишини олдини олиш мавзуи бўйича ўқитилди.

– Оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини амалиётга жорий этишга йўналтирилган ишлар юксак самаралар бермоқда. Натижада илгарилари ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғдириш қийин бўлган янги замонавий тиббий технологиялар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига изчил татбиқ этилмоқда, – дейди ушбу марказнинг болалар шифокори Камола Абдумўминова.

Яна ўқинг:  Аёллар маслаҳат маркази оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Айтиш жоизки, буларнинг бари мамлакатимизда тиббиёт тизими изчил ривожланиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилаётганининг самарасидир.

 

Чарос ХУШВАҚТОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: