Қутлуғ қадамжо

Бутун умрини иймон ва эътиқод, ватанпарварлик ва инсонпарварлик, поклик ва ҳалоллик, илм ва маърифат, адолат ва диёнат йўлида фидо этган зотларнинг мўътабар хоклари макон топган замингина муқаддасдир. Агар шундай инсонлар бўлмаса, улар даҳосининг нафаси сезилиб турмаса, ҳар қандай замин оддий тупроқ бўлиб қолаверади.

Ислом КАРИМОВ

 

Тошкент вилоятидаги XV асрга оид меъморий ёдгорлик – Зангиота зиёратгоҳи нафақат республикамиз, балки Марказий Осиё халқлари орасида ҳам маълум ва машҳурдир. Ушбу қутлуғ қадамжо пойтахтдан 16 чақирим ғарбда, Самарқандга ўтадиган қадимий карвон йўлининг бўйида, Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилида, Зангиота қишлоғининг марказида қад ростлаган. Мажмуа Зангиота ҳамда Анбар она мақбараси, мадраса масжиди, хонақоҳ, шийпон ва минорадан иборат.

Зангиота Ҳимматий ҳазратлари ҳақида

Мажмуанинг бундай номланиши Ойхўжа ибн Тошхўжа исмли шахс номи билан боғлиқ бўлиб, тўқ буғдойранг тусли киши бўлганлиги сабабли одамлар орасида “Занги” (яъни “қора”) номи билан машҳур бўлган. Шайх Арслонбобнинг авлоди (эвараси), ўз даврида Яссавия тариқати пири муршиди даражасигача кўтарилган бу зот Тошкент шаҳрининг “Самарқанд дарвоза” маҳалласида туғилиб ўсганлиги ҳақида тахминлар бор. Милодий 1258 йил ҳозирги Зангиота қишлоғида вафот этган.

Зангиота ва унинг издошлари халқ орасида ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, адлу инсоф, поклик, яхшилик, меҳр-шафқат, художўйлик каби умуминсоний ғояларни тарғиб қилган. Бу улуғ зотни олийҳимматлилиги учун одамлар “Ҳимматий” деб аташган ва у айни шу тахаллусда шеърлар битган.

Зангиота мақбарасининг бунёд этилиши билан боғлиқ ибратли ривоятлар ҳам, тарихий воқеалар ҳам бирдек чуқур рамзий маънога эга. Ривоят қилишларича, Амир Темур Ясси қўрғонида Аҳмад Яссавий ҳазратларига мақбара қуриш ҳаракатини бошлаганида нима учундир иш ҳадеганда юришавермайди. Бу ҳолнинг сабабини билолмай, ҳайрон бўлиб юрганида кечаси тушига нуроний бир зот кириб, Яссавийга мақбара қуришдан олдин Зангиотанинг қабрини обод қилиши кераклигини айтади. Шунда Амир Темур бу улуғ зотнинг руҳини шод этиш учун мақбара тиклашга киришади. Ушбу муҳташам ёдгорлик мажмуининг қурилишини 1420 йили Мирзо Улуғбек бобомиз тугаллайди.

XV асрнинг биринчи ярмида Мирзо Улуғбек томонидан мақбарага маҳобатли кириш пештоқи ва унинг жануб тарафида яна бир пештоқли-қуббали бино қурдирилган. Пештоқ, деворлар ва меҳробдаги ўйма безакларнинг айрим жойлари олтин билан зийнатланган. Ушбу мақбара мадраса ва масжид билан ёнма-ён. Мақбара ортидаги қабристонда у зотнинг жуфти ҳалоллари Анбар онанинг мақбаралари жойлашган.

Яна ўқинг:  Ифтихор ҳисси

 

Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар.

Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 49-модда.

 

Зангиота мақбарасининг яна бир ноёб ва ўзига хос жиҳатига тўхталиш жоиз. Ўша давр меъморчилигида пештоқни иморатнинг ён қанотларидан олдинга суриб қуриш одат тусига кирганини минтақамиздаги деярли барча меъморий ёдгорликлар мисолида кўриш мумкин. Зангиота мақбарасининг пештоқи эса икки ёнидаги хона деворлари билан бир чизиқда бунёд этилган, яъни шу деворларнинг дами бўлиб тушган. Бундан ташқари, иморатнинг сиртидаги изоралар пештоқ айвонидаги супалар билан бир баландликда қилиб ишланган.

Мақбара пештоқини унинг ёнидаги хона деворлари билан қўшиб қуриш натижасида бинонинг мустаҳкамлигини оширишга эришилган. Изора ва супаларнинг бир хил баландликда бўлиши, иморат қиёфасига алоҳида кўрк бағишлаган. Мақбарага олд томондан – маълум бир масофадан туриб қаралганда, ушбу иморат яхлит бир супа устига ўрнатилгандек тасаввур уйғотади.

 

Анбар она мақбараси

XIV-XV асрларга оид Анварбиби (Анбар она) мақбараси Зангиота қабридан 80 метр жануби-ғарбда жойлашган. Зангиота устози Сулаймон Боқирғоний вафот этгач, унинг беваси Анбар онани никоҳига олади. Анбар онанинг зукко, оқила, тадбирли аёл бўлганликлари бугунги кунгача етиб келган. Тарихчиларнинг қайд этишича, Анбар онанинг қабрлари ёнида яна бир қабр жойлашган бўлиб, унга Зангиотанинг пири комиллари Сулаймон Боқирғоний ҳазратларининг оналари Улуғ Пошшо она дафн этилган. Манбаларда ёзилишича, ўз даврида Улуғ Пошшо она Анбар онадан жуда катта меҳр ва эҳтиром кўрган. Шунинг учун у кишини излаб Тошкентга келади. Умрининг охиригача келинидан иззат кўрган ҳолда яшаб, шу ерда вафот этади. Ушбу маълумотнинг қанчалик тўғри ё нотўғрилиги номаълум, аммо қайнона ва келиннинг қабрлари қўшни бўлиши катта маънони англатади.

Ушбу мақбарада ҳовуз, шийпон ва дарвозахона алоҳида-алоҳида қилиб қурилган. Иморат ташқи деворларининг ҳар бир қиррасида безак сифатида ясси токчалар жойлаштирилган.

Мақбара дастлаб икки хонали бўлган, кейинчалик унинг олдига пештоқ қурилиб, кошинлар билан безатилган. Пештоқ таянчи унча баланд эмас. Зангиота мақбараси каби ушбу ёдгорлик ҳам Амир Темур даври меъморчилик анъаналарининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Мажмуадаги масжид ва мадраса 1870 йили Зангиота қишлоғи қозиси томонидан қурдирилган. Ҳовли бўйлаб чўзилган масжид биносининг марказида йирик пештоқли-қуббали иншоот, икки тарафида равоқли-гумбазли галерея қанотлари ҳамда бутун бино олдида қурилган узун айвон кўзга ташланади. Бинонинг ички қисми дастлаб гулдор нақшлар ва ёзувлар билан безатилган, бироқ улар бугунгача сақланиб қолинмаган. Мадрасанинг меъморий ечим ва безак хусусиятларини эътиборга олиб, у XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларида қурилган деб ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Барча ютуқларимизнинг ҳуқуқий асоси

 

Зиёратгоҳдаги минора ҳовлининг марказий қисмида, масжид олдида бунёд этилган. У ХХ аср иншоотлари ичида ягона саналади. Иморатдаги ёзувга кўра у ҳижрий 1333 йил (мил. 1914–1915 йиллар)да қурилган.

 

Истиқлолнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Зангиота зиёратгоҳи бутунлай янгича қиёфа касб этди. 2013 йилнинг 20 октябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қадамжо ва унга туташ ҳудудларда янги лойиҳа асосида жуда катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу жумладан, зиёратгоҳ ҳудуди кенгайтирилди, Зангиота ва Анбар она мақбараларининг ички ва ташқи кўриниши янгидан таъмирланди, 1000 ўринли жомъе масжид биноси, 31 метрлик минора, зиёратчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида қўшимча хизмат хоналари барпо этилди. Бир сўз билан айтганда, мазкур қадамжо юртдошларимизнинг севимли масканига айланди.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: