Конституция – бахт кафолати

Жорий йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига

24 йил тўлди. Ўтган йиллар мобайнида ҳаёт синовларидан ўтган Бош Қомусимиз мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий демократик жамият қуриш йўлида пойдевор вазифасини ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда демократия ва ижтимоий адолатга ўз садоқатини намоён қилади. Бош Қомусимизни варақлар экансиз, ундаги барча моддалар республикамиздаги фуқароларнинг тинч-тотув яшашига, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўла-тўкис билишларига, бир сўз билан айтганда, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилишига амин бўласиз. Жумладан, 41-модда мазмуни қуйидагича: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.

Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

Мактаб ишлари давлат назоратидадир”.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг IХ сессиясида “Таълим тўғрисида”ги янги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” қабул қилинди. Бу қонун ва дастур натижасида кўплаб мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида таълим бериш сифати тубдан ўзгарди, юртимизда ҳар томонлама баркамол ва комил инсонни тарбиялаш устувор вазифа этиб белгиланди.

Шунингдек, Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб белгилаб қўйилган. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши она тилимизнинг тараққий этишига хизмат қилди. Мазкур модда нафақат ўзбек тилининг, балки республикамизда муомалада бўлган барча тилларни ҳурмат қилинишининг ҳуқуқий кафолати бўлди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципига мос бўлиши шарт” дея белгиланган. Ушбу моддадан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, республикамизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро қонун олдида тенглиги, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари Конституция ва қонунларда адолат принципига содиқ қолган ҳолда белгилаб қўйилган.

Яна ўқинг:  Юртимизда тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ташкил этилади

Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонуни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбирлари билан айтганда, “Давлатни давлат қиладиган, миллатни миллат қиладиган қонунларга мос бўлиши шарт”. Куни кеча юртимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Қомусимизда белгилаб қўйилган демократик тамойилларга тўла-тўкис мос келади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз бугунги ва эртанги фаровон ҳаётимизни белгилаб берувчи, фуқаролик жамиятининг шаклланиши учун ғоят керакли манба ҳисобланади. Қонун устувор экан она Ватанимиз тараққий этишдан сира тўхтамайди.

 

Малика ТОЛЛИБОЕВА,

Тошкент давлат юридик

университети талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: