Таълимга янгича ёндашув юксак самара беради
Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, уларни эртамизнинг муносиб ворислари бўлиб камолга етишишлари борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Замонавий қиёфада қад ростлаган мактаблар, барча жиҳозларга эга кенг ва ёруғ синф хоналарда таълим олаётган ўқувчиларнинг эришаётган ютуқларига чиндан-да ҳавас қилсанг арзийди.
Оқдарё туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги 53 та умутаълим мактаби ва битта ихтисослаштирилган ҳамда битта Болалар мусиқа ва санъат мактабида таҳсил олаётган ўқувчиларга замон талаблари асосида етарлича шарт-шароитлар яратилган. Жорий йилда Лойиш шаҳарчасида Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг янги биноси қурилиб фойдаланишга топширилгани, 11-, 31– умутаълим мактаблари давлат дастури асосида тўлиқ таъмирлангани ёшлар учун чинакам совға бўлди. Тумандаги мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган кичкинтойларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан уларнинг ота-оналари мамнун бўлмоқда.
Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Тоштурди Алқаров таълим соҳасида олиб борилаётган ишлар хусусида шундай дейди: – Тумандаги таълим даргоҳларида педагогик тажрибаларни такомиллаштириш тизими йўлга қўйилганлиги натижасида ўтган давр мобайнида 32 нафар ўқитувчи “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби, тажрибали педагог С.Умарқулов “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. 2-, 20– умумтаълим мактаблари биология фани ўқитувчиси Ҳ.Турдиева ҳамда бошланғич таълим ўқитувчиси Л.Набиевалар “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли ўринни эгаллаган бўлса, 6-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси М.Олтибекова “Йил тарбиячиси” республика кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритди. Малакали ўқитувчиларнинг саъй-ҳаракатлари боис кўплаб ёшларимиз кўрик-танловлар ва беллашувларда юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Жорий йилда 18-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Малика Толлибоева фан олимпиадасининг вилоят босқичида она тили ва адабиёт фани бўйича биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, 28-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Дилноза Эшимова француз тили фанидан “Билимлар беллашуви” вилоят босқида биринчи, республикада эса иккинчи ўринга сазовор бўлди. 45-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактабининг 8-синф ўқувчиси Фотима Ғофурова биология фани бўйича “Билимлар беллашуви”нинг республика босқичмда учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ўқувчиларнинг мазкур фанлар бўйича ўқитувчилари “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Президентимизнинг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мактабларда янги педагогик технологиялар асосида электрон дарс ишланмаларини, мультимедиа дарсларини қўллаш, лингофон хоналарида ўтилаётган сабоқлар қўл келмоқда. Шу боис ҳам болажонларнинг тил ўрганишга бўлган иштиёқи баланд.
Таълим муассасаларида ўқувчиларга фан сирларини ўқитиш билан биргаликда спорт тўгараклари ҳам тизимли равишда йўлга қўйилган. Ушбу тўгараклар ёшларни чиниқтириш билан бир қаторда уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги уч йил мобайнида тумандаги мактабларнинг ўқувчилари турли спорт мусобақаларида 24 та медални қўлга киритди. Москва ва Боку шаҳарларида бўлиб ўтган юнон-рум кураши бўйича халқаро мусобақаларда Илҳом Баҳромов, Жаҳонгир Зиёевлар кумуш медал соҳиби бўлди. Қирғизистонда ўтказилган Осиё биринчилигида 42 кг.вазн тоифасида Илҳом Баҳромов биринчи ўринни эгаллаб, Осиё чемпиони номига сазовор бўлди. Спортнинг юнон-рум кураши бўйича оқдарёлик спортсевар ўқувчилар ҳамиша пешқадамлар сафида. Бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда 6 нафар ўқувчимиз 1-ўринни, уч нафари 2-ўринни, беш нафари эса 3-ўринни эгаллади.
Ўқувчиларнинг спортда эришаётган бундай ютуқларида оқдарёлик машҳур спорт устаси, 1-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида юнон-рум кураши бўйича ёшларга сабоқ бериб келаётган тажрибали мураббий Ўрол Зиёевнинг муносиб улуши бор. Меҳрибон устоз “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами арафасида юртимизнинг юксак мукофоти II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.
Биргина бу эмас. Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра 45-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактабининг информатика фани ўқитувчиси Дилором Мамашарипова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлангани оқдарёлик таълим фидойилари меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Дарҳақиқат, эртамизнинг муносиб ворислари бўлмиш ўқувчи-ёшларни буюк аждодларимизнинг муносиб давомчиси бўлишга, мустақиллик берган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишга, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқаришда бугуннинг ўқитувчиси зиммасига юксак масъулият юкланган. Вилоят халқ таълими бошқармасининг буйруғига асосан “Йўл ҳаракати ёш назоратчиларнинг слёти” ва “Қувноқ қоида” мусобақаларининг вилоят босқичида ғолибликни эгаллаган туман ўқувчилари устозлари бошчилигида яна янги кўрик-танловларга ҳозирлик кўришмоқда.
Ободлик, аввало кўнгилдан бошланади. Буни дилдан англаган оқдарёлик таълим фидойилари ва уларнинг шогирдлари илм масканларининг кўркамлиги борасида ҳам ҳамиша фаол. Ҳар бир синф учун ажратилган ер майдонидаги кўкаламзорлаштириш ишлари тўрт фаслда ҳам давом этади. Шу боис ҳам билим масканлари ўртасида ўтказилган “Энг обод таълим муассасаси” кўрик-танловининг туман босқичида иштирок этган бир қатор мактабларнинг иш фаолияти ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди. Мазкур кўрик-танловда биринчи ўринни эгаллаган 25-умумтаълим мактаби жамоаси танловнинг вилоят босқичида учинчи ўринни қўлга киритди.
Таълим масканларида баркамол авлодни тарбиялаш, таълим ва тарбияни уйғун равишда олиб бориш, миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга қаратилган тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари мунтазам ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирлар нафақат ўқувчилар билимини мустаҳкамлашга, балки уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш борасида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Тумандаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган турли фан, спорт тўгаракларида 11 минг 200 нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар жалб қилинган. Айниқса, тўқиш, тикиш, зардўзлик, қуроқчилик каби турли тўгаракларда ёшлар ўз устида ишлаш билан бир қаторда ҳунар сирларини ҳам қунт билан эгаллашмоқда.
Халқимиз орасида “Қиз бола – одоби билан гўзал”, деган нақл бор. Таълим масканларидаги “Ораста қизлар” тўгараги аъзоларининг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ. Улар нафақат ўз мактабларида, балки ҳудуддаги маҳаллалар ободлиги борасида ҳам фаолликни қўлдан бермай келишаяпти. Туман ва вилоят босқичида ўтказилаётган турли кўрик-танловларда қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаётган ораста қизларга кўпчилик ҳавас қилади.
Мактаблардаги “Саломатлик бурчаклари” болажонларнинг тиббиётга оид билим-кўникмаларини бойитиб, уларни ижодкорликка ҳам чорламоқда. Чунки ўқувчиларнинг тиббиётга оид деворий газеталари, фотоалбомлари, шифобахш гиёҳлардан тайёрлаган гербарийлари “Саломатлик бурчаги”ни янада бойитмоқда.
Биз эса ўқувчиларнинг истеъдоди ва салоҳиятини юзага чиқаришда, таълим мазмуни ва сифатини замон талаблари даражасида ташкил этишда бош-қош бўлаётган оқдарёлик устозлар ва уларни шогирдларининг келгуси ўқиш ва ишларида улкан зафарлар тилаймиз.
Фахриддин НУРМУҲАММЕДОВ,
Самарқанд вилояти