Ўқувчининг қўл телефони: ундан фойдаланиaш тартиби белгиланган(ми?)
Ўсмирлик – энг нозик давр ҳисобланиб, бу пайтда бола руҳиятида турли ўзгаришлар кузатилади. Айниқса, ушбу ёшдаги ўғил-қизларда ҳис-туйғуларга берилиш, хаёлпарастлик, танбеҳни тўғри қабул қила олмаслик каби ҳолатлар учраб туради.
Шу боис, бундай пайтда ота-оналар, маҳалла фаоллари ва устозлардан ўсмир ёшидаги йигит-қизларнинг юриш-туриши, уларда кузатилаётган салбий ўзгаришларга нисбатан янада эътиборли бўлиш талаб этилади.
Яқинда ойнаи жаҳон орқали пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларининг бирида ўқувчи ва устоз ўртасида юзага келган келишмовчилик ҳақида ҳикоя қилинган мулоҳазали кўрсатув намойиш этилди. Маълум бўлишича, дарс пайтида ўқувчи бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамай, қўлидаги уяли алоқа воситасини ўйнашни қўймаган. Сўнгра ўқитувчи боланинг қўлидаги телефонини олиб қўйишга мажбур бўлган. Бунга жавобан ўқувчи устозига ўз эътирозини очиқ-ошкора билдирган.
Ушбу воқеани томоша қилган кўпчилик инсон ўқувчининг хатти-ҳаракатидан таажжубга тушган бўлиши, табиий. Чунки, сенга ҳарф танитган, таълим берган муаллимга нисбатан бундай номақбул иш қилиш ҳурматсизлик белгисидир. Хўш, таълим муассасаларимизда бундай ҳолатларнинг содир бўлмаслиги учун қандай ишларни амалга ошириш лозим? Қолаверса, бундай ўқувчиларга нисбатан қонунан қандай чоралар кўрилади?
Баҳодир УСМОНОВ, пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани, “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси:
– Бундай масалалар бўйича мамлакатимизнинг ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссиялар тузилган. Ушбу комиссиянинг мақсади ҳудуддаги вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан етук инсон бўлиб вояга етишларига, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашишдан иборат.
Бола тарбиясида салбий қусурлар юзага келмаслиги учун, энг аввало, оилада тарбия жараёнини тўғри йўлга қўйиш лозим. Қолаверса, ўсмир ёшларнинг маънавий-маърифий, тарбиявий, ижтимоий, экологик аҳамиятга эга бўлган тадбирлардаги фаоллигини янада ошириш керак. Ёшлар билан боғлиқ кўнгилсиз воқеа содир бўлса, маҳалла фаоллари унинг ота-онаси билан биргаликда ҳаракат қилиши, бу каби муаммоларнинг олдини олади. Яна шуни айтиш керакки, ушбу мақсадларни тўла-тўкис амалга оширишда мактабдаги устоз ва мураббийларнинг иштироки жуда муҳим саналади.
Маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари томонидан юқоридаги каби воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари аниқланиб, ана шу оила ва бола назорат остига олинади. Ўсмирнинг мактабдан ташқари бўш вақтини беҳуда ўтказмаслиги учун уни турли машғулотлар билан банд бўлиши таъминланади. Бундан ташқари яна маҳаллада ота-оналар ўртасида таълимнинг узлуксизлиги, умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади.
Севара МАТҚУРБОНОВА, болалар психологи:
– Аввало, бола бундай вазиятга тушиб қолиш сабаблари аниқланади. Чунки, ўсмир ўз-ўзидан бундай тажовузкор бўлиб қолмайди. Бунга оилавий муҳит ёки ўсмир ёшидаги психологик ўзгаришлар сабаб бўлиши мумкин. Қуйидаги вазиятга қарайдиган бўлсак, ўсмир билан суҳбатлашиш жараёнида ундаги муаммолар нимада эканлиги аниқ бўлади. Масалан, унинг феъл-атворидаги камчиликларни аниқлаш мақсадида психологик саволлар билан текширилиб кўрилади. Ушбу ёшдаги кўплаб ўқувчилар ўтиш даврида ўзларини бошқара олмайдиган ҳолатларга тушиб қолиши мумкин. Шу сабаб улар билан мулоқотга киришиш жараёнида қўрс гапириш ёки нафсониятига тегадиган гаплардан йироқ бўлиш мақсадга мувофиқ.
Илҳомжон ХОЛИҚОВ, пойтахтимизнинг Миробод туманидаги “Зиёнур” маҳалласи профилактика катта инспектори, майор:
– Ички ишлар органлари ходимлари профилактик ҳисобда турган барча вояга етмаган ёшларнинг яшаш тарзи ва хулқ-атворини мунтазам равишда ўрганиб боради. Унга кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва ёшларга ёрдам кўрсатиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганлар ва ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш мақсадида кузатиш ишлари олиб борилади. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилдаги 21 майдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 7-бандида таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин таълим олувчилар телефонини ўчириб қўйиши ва портфели ҳамда сумкасига солиб қўйиши шартлари белгиланган. Шунингдек, ушбу низомнинг 8-бандига мувофиқ ўқув машғулотлари вақтида таълим олувчиларга телефон орқали сўзлашиш ҳамда смс (ммс)ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш, телефонни стол устига қўйиш, мусиқа шу жумладан, қулоқчинлар орқали тинглаш, сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш (ўйинлар билан шуғулланиш), тасвир (матн, расм, видео ёзув ва фотосуратлар) кўриш, диктофон, калькулятор, календарь, ён дафтарча сифатида фойдаланиш, сурат ва видеога тушириш, шунингдек телефон (GPRS, Bluetooth, интернет ва шу кабилар) орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш қатъиян таъқиқланади.
Ушбу низомга мувофиқ таълим муассасасида таълим олувчиларга машғулот ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчилар), яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан боғланиш мақсадида телефондан фойдаланишга (қўнғироқ қилишга, SMS, MMS, GPRS жўнатишга, Bluetooth, интернет ва шу кабилар хизматидан фойдаланишга) рухсат этилади. Машғулотлар ва турли тадбирлар оралиғида телефон орқали сўзлашиш учун хонадан йўлакка ёки фойега чиқиш, паст овозда ва қисқа мулоқот қилиш зарур. Агарда ана шу бандларга амалга қилмаса ўқитувчи ўқувчига нисбатан чора кўришга мажбур бўлади. Бундай вазиятда муассаса директори воқеадан хабардор этилади. Туман ички ишлар ходимлари билан биргаликда мажлис ташкиллаштирилиб, боланинг ота-онаси билан алоҳида муҳокама этилади. Сўнгра таълим масканида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ота-оналари чақиртирилиб, уяли алоқа васитасидан фойдаланиш тартиби тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилади.
Шу ўринда
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшлар уяли алоқа воситаларидан фойдаланади. 13 миллиондан ортиқ киши эса интернетдан фойдаланиш имкониятига эга.
Ойбекжон ҚОДИРОВ, пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 110-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:
– Бу ҳолатда даставвал, ўқитувчидан оғир-босиқлик билан чора кўриш талаб этилади. Агарда ўқувчи томонидан мобил алоқа воситаси билан боғлиқ нохуш воқеа содир этилган бўлса, у қаттиқ назоратга олинади. Унга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилади. Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015йил 5-февралдаги “Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 85-сонли қарорини асос қилиб олишимиз ҳам мумкин. Шунга асосан, бола биринчи навбатда назоратга олинади. Унга мураббий бириктирилиб, профилактик назорат дафтари тутилади. Кейин унинг бўш вақтини чегаралаш учун турли тўгаракларда банд бўлиши таъминланади. Бундан кўзланган асосий мақсад эса ўсмир тарбиясини ижобий тарафга ўзгартиришдир.
Чарос ХУШВАҚТОВА ёзиб олди