30 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиёти шунча инсонга қувонч улашмоқ дегани

Бугунги кунда Фарғона вилоят офтальмология шифохонасида Германияда ишлаб чиқарилган “Megatron S4” факоэмульсификатор аппарати ёрдамида беморлар кўзига тушган пардани кесмасдан, оғритмасдан, чок қўймасдан, кичик тирқишдан олиб, ўрнига юмшоқ сунъий гавҳар қўйилмоқда.

ХХI асрнинг олтин стандарти деб тан олинган ушбу жарроҳлик амалиёти туфайли кўплаб юртдошларимиз ҳаётга яна равшан нигоҳ билан боқмоқдалар.

Бугунги давр ҳар бир шифокор олдига замон талабларини теран англаб, техник имкониятлардан самарали фойдаланиш вазифасини қўймоқда. Фарғона вилоят офтальмология шифохонасида муваффақиятли изланишлар олиб бориб, ўз шогирдларига иш тажрибасини ўргатиб келаётган шифокор Анвар Содиқов фаолияти мисолида буни яққол кўришимиз мумкин.

– Бемор инсоннинг кўзлари жисмидаги дарддан огоҳ этади. Кўзлар касалланса, одамнинг руҳияти тушиб, тузалишга ишончи пасаяди, – дейди Фарғона вилоят офтальмология шифохонаси бош шифокори А. Содиқов. – Бугун юртимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида авваллари имконсиз, дея қаралган кўплаб кўз хасталиклари бутунлай даволанмоқда. Шу ўринда айтиш лозимки, шифохонамизга келтирилган факоэмульсификатор ускунаси офтальмология соҳасидаги энг замонавий тиббий жиҳозлардан бири ҳисобланади. Унинг ёрдамида беморлар ўзларини қийнаётган кўплаб дардлардан фориғ бўладилар. Шунингдек, операция ва даволаниш кунлари қисқаради, тикланиш жараёни эса тезлашади.

Инсоннинг кўзи ўзга бир олам. Унда учрайдиган тасодифий ва туғма нуқсонлар эса ҳаётимиз, кўнглимизга хиралик беради. Ахир ён-атрофимизга нурафшон кўзлар билан боқишга нима етсин. Шифокор Анвар Содиқов бутун қалб-қўрини ана шу соҳа сирларини пухта эгаллаш, кўз касалликларининг турлари ва шифо усулларини излаб топишга қаратди.

У 1981 йил Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлагач, Фарғона вилоят кўз касалликлари диспансерида иш бошлади. Фаолияти давомида олдига келган ҳар бир бемор дардини жон қулоғи билан тинглаб, улардан сира ёрдамини аямади. Дастлаб, текшириш, ташхис қўйишда устозлари кўмагига таянди. Тажрибали шифокор босиб ўтган йўлига назар солар экан, бир воқеани эслаб ўтди:

“Шифохонамизга бир отахонни олиб келишди. Бемор Иккинчи жаҳон уруши пайтида бир кўзи жароҳат олиб, кўрмай қолган экан. 63 йилдан буён бир кўзи билан бу ёруғ оламни кўриб юрган отанинг охир-оқибат иккинчи кўзи ҳам кўриш қобилиятини йўқотади. Биз барча имкониятларни ишга солиб, жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Бунинг натижасида отахон яна кўра бошлади. Ўша пайтдаги беморнинг хурсандчилигини сизга сўз билан таърифлаб бера олмайман. Тўғриси, бу бир мўъжизага ўхшайди”.

Яна ўқинг:  Илмга бахшида умр

Инсонга наф келтириш олий бахт. Бу шиор 34 йилдан буён тиббиёт соҳасида самарали хизмат қилиб келаётган Анвар ака ҳаётининг асосий мезони дейиш мумкин. Фаолияти давомида 30 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётини муваффаққиятли амалга оширган бу қўли енгил шифокор бугун бир қанча шогирдларига ўз билим-тажрибаси, мураккаб жарроҳлик амалиётлари сир-асрорларини пухта ўргатиб келмоқда.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: