Қадим ўтмиш мероси
Ёшлар онгига миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни сингдириш учун бой маданий меросга эгамиз.
Авесто ва Ўрхун-Энасой битиклари бу борада муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади. Айтиш керакки, ушбу манбалар барча даврларда ўз қиймати ва аҳамиятини йўқотмаган. Негаки, бундай қимматли маълумотларга бой тарихий манбаларнинг маънавий кучи Марказий Осиёда уйғониш даврининг юзага келишига асос бўлиб хизмат қилган. Уларда илмга интилиш, китобни улуғлаш, руҳий покланиш, ахлоқий камолотга эришиш, адолат, дўстлик, комил шахсни тарбиялаш каби инсоний қадриятлар олға сурилган. Шунинг учун ҳам бу даврдаги олиму фузалолар юксак тафаккур эгаси сифатида савобли ва салмоқли ишларни амалга оширишган.
Афсуски, халқимиз тарихида маънавий-маърифий юксалишлар ҳамма вақт ҳам қўллаб-қувватланмаган, айрим ҳолларда кескин қаршиликларга дуч келинган. Онгли равишда минг йиллардан бери шакллантирилиб, ривожлантирилиб келинган миллий-маънавий қадриятларни одамлар онгидан, хотирасидан, қалбидан ўчиришга ҳаракат қилинган. Бироқ, халқимизнинг азалий орзуси ҳеч қачон сўнмаган.
Шундай экан бундай бой маънавий меросларимиздан имкон даражасида ёшларимизни бохабар қилмоғимиз, бу орқали уларни комил шахс бўлиб камолга етишига ҳисса қўшмоғимиз лозим.
Замира НАЗАРОВА,
Бухоро Маданият коллежи ўқитувчиси