Шифокорликдан тадбиркорликгача

Сифатли тиббий хизмат – улуғвор мақсад

Бухоро вилояти, Бухоро тумани аҳолисидан малакали кардиолог Лубат Ҳасанова ҳақида сўрасангиз, “ўзимизнинг қўли енгил шифокор” дея оғзидан бол томиб мақтайди. Галаосиё шаҳрида хусусий тиббиёт клиникаси очиб, бир неча йилдан буён халққа беминнат хизмат қилиб келаётган бу меҳридарё инсон чиндан ҳам ўз касбининг фидойиси. У билан суҳбатлашганимизда бунга ўзимиз ҳам амин бўлдик.

 

Лубат опа, сиз билан салом-алик қилгандаёқ, самимий инсон эканлигингизни дарров пайқадим…

– Раҳмат, жуда хурсанд қилдингиз. Биласизми, болалигимда ота-онам менга “Қизим, инсонни инсон қилиб турадиган эзгу фазилати унинг ширин сўзи, яхши хулқидир” дея таъкидлашдан сира чарчамасди. Яқинларимнинг бу пурмаъно ўгити умрим давомида мен билан бирга бўлди. Шукрки, уларнинг насиҳатларига амал қилиб, кам бўлмадим, эл орасида ҳурмат-эътибор топдим. Қолаверса, мен шифокорман. Олдимга келаётган беморлар, энг аввало, ширин сўзимдан, самимий табассумимдан шифо топса, дейман.

 

Келинг энди фаолиятингиз ҳақида суҳбатлашсак. Сизда хусусий тиббиёт клиникасини очиш фикри қачон пайдо бўлди?

– Сизга айтсам, олий ўқув юртида ўқиб юрган кезларимдаёқ, ўзимнинг тиббий клиникам бўлишини орзу қилардим. Лекин ўша пайтларда бунинг сира имкони йўқ эди. Истиқлолдан сўнг мамлакатимизда тиббиёт соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳаётга кенг татбиқ этилди. Бугун юртимизда давлат шифохоналари билан бирга, хусусий тиббиёт муассасалари ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда. Мен ҳам яратилган имкониятлардан фойдаланиб, 2003 йилда ўз хусусий клиникамни ташкил этдим. Бугун бу ерда бир вақтнинг ўзида 20 нафар бемор юрак қон-томир хасталиклари бўйича стационар шароитда даволаниш имконига эга. Клиникамизда УТТ, ЭКГ аппаратлари, лаборатория, физиотерапевтик ускуналар бўлиб, бу ишимизни тўғри ва самарали ташкил этишимизда асқотмоқда.

 

Ишнинг бошланиши қийин бўлгандир?

Албатта. Ҳар бир юмуш аввалида маълум қийинчиликлар бўлиши, табиий. Лекин бундай вазиятда, энг асосийси, ишончни йўқотмаслик, умидни сўндирмаслик. Доим мақсад сари олға интилиш зарур. Биз ҳам фаолиятимизни йўлга қўйган дастлабки йилларда маблағ борасида муаммоларга дуч келганмиз. Лекин, банкдан кредит олиш орқали, бу қийинчиликларнинг бари ортда қолди.

 

Юқорида айтганингиздай, шифокор, энг аввало, ширин сўз бўлиши зарур. Чунки, руҳий кўтаринкилик, беморнинг тез оёққа туришига сабаб бўлади. Шундан келиб чиқиб айтсак, сиз ходимларни ишга олаётганда кўпроқ уларнинг тажрибасига эътибор берасизми ёки инсоний фазилатларигами?

– Тиббиёт ходими бўлишдек, шарафли касбни танладингми, хато қилишга сира ҳаққинг йўқ. Чунки, гап инсон саломатлиги ҳақида кетаркан, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиш талаб этилади.

Яна ўқинг:  Хўшали қишлоғининг хуш одатлари

Мен ҳам ходимларни ишга олишдан аввал, уларнинг малакаси, тажрибаси, энг асосийси, инсоний фазилатларига эътибор қаратаман. Боиси, ҳар бир бемор, биринчи галда, шифокор ҳузурига умид билан келади. Уларга тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга яхши сўз айтиш, кўнглига йўл топа билиш муҳим аҳамиятга эга. Клиникамиз ходимларига ҳам буни таъкидлашдан сира чарчамайман ва ўзим ҳам бу борада уларга ўрнак бўлишга интиламан.

 

Тадбиркорлик соҳасида фаолият олиб борувчи инсонлар рекламани ўзларининг яқин кўмакчиси, ҳамкори деб билишади. Иш фаолиятингизда бунга ҳеч эҳтиёж сезганмисиз?

Тўғри, тиббиёт клиникамизни ташкил этган дастлабки йилларда рекламага катта эҳтиёж бўлган. Кейинчалик муассасамизда даволаниб, дардидан фориғ бўлган юртдошларимизнинг ўзлари бу борада бизга кўмаклашиб юбордилар. Ҳозирда клиникамизда нафақат ўзимизнинг тумандан, балки бутун Бухоро, қолаверса, қўшни вилоятлардан ҳам беморлар келиб даволанмоқда. Нокамтарликка йўйманг-у, бу ишни тўғри ташкил этганимиз, касбимизга садоқат билан ёндошганимиз самараси, деб ўйлайман.

Яна бир гап. Мен доимо ўз вазифамга ҳалол ёндошишга интиламан. Тўғри, бизнесда энг биринчи мақсад – пул топиш. Лекин дунёда шундай нарсалар ҳам борки, уни ҳар қандай пул билан ўлчаб бўлмайди. Бу юртдошларингни сенга бўлган ишончидир. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтсам, қилаётган ишим орқали халқимга нафим тегса, дейман.

 

Ёнингизда туриб, сизни янги марралар сари руҳлантирадиган, тушкунликка тушган пайтингизда далда берадиган яқин одамингиз ким?

Бу инсон сўзсиз турмуш ўртоғим. Яратганга шукр, хўжайиним билан бахтли ҳаёт кечирдик. Бир ўғил, бир қизни дунёга келтириб, уларни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбияладик. Турмуш ўртоғим доимо менга суянч, ҳар бир ишда мададкор бўлган. Бугун шуни ишонч билан айта оламанки, уларнинг маслаҳатлари, йўл-йўриқлари билан шу даражага етдим. Бунинг учун у инсондан миннатдорман.

 

Яна 10 йилдан сўнг тиббиёт клиникангиз фаолиятини қандай тасаввур қиласиз?

Келажакда шифохонамизни кенгайтириб, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ниятидамиз. Янги тиббий-асбоб-ускуналар, жумладан, сўнгги русумдаги МРТ жиҳозини сотиб олишни режалаштирганмиз. Ходимларимизнинг малакасини ошириш, уларни дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги замонавий клиникаларида тажриба орттириб қайтишини ташкил этишни ҳам кўнглимга тугиб қўйганман. Ўйлайманки, бу саъй-ҳаракатлар, шифо масканимизни яна 10 йилдан сўнг нафақат вилоят, балки республикамиздаги энг илғор тиббиёт муассасаларидан бирига айлантиради.

Яна ўқинг:  Беминнат ёрдам бермоқда

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Саъдулло ТУРСИНОВ суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: