БЕҒУБОРЛИК, АҲИЛЛИК, ХОТИРЖАМЛИК ТАРАННУМИ

Болалар дунёга ўзгача нигоҳ билан боқади. Ҳаётни биз катталардан кўра гўзалроқ тасаввур этади. Ҳар бир ота-она умрини болаларининг бахти-саодати, орзу-умидлари билан нурафшон этади. Уларнинг келажаги учун бор кучини сарфлайди. Айниқса, байрам ва шодиёналарда болакайнинг қувончи учун барча бирдек ҳаракат қилади. Мамлакатимизда эса ёш авлоднинг ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол бўлиб улғайи­ши болажон ўзбек халқининг бош мақсадига айланган.

Ҳар йилгидек бу йил ҳам юртимизнинг барча ҳудудларида янги йилни кўтаринки кайфиятда кутиб олиш мақсадида аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши учун маънавий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг бош майдони – Мус­тақиллик майдони ҳам гавжум. Муаззам гўша бўйлаб байрам нафаси ҳукмронлик қилмоқда.

Майдонга яқинлашганингиз сайин кўчадаги ранг-баранг чироқларни кўрасиз. Улар биллур қандил мисол жилоланади. Гўё самода юлдузлар учаётгандек манзара акс этади. Ўзингизни осмону фалакка чиқиб қолгандай ҳис қиласиз. Қўл чўзиб юлдузларни тутгингиз, улар билан парвоз этгингиз келади. Ўша, болалигингизда, осуда тунлар термулган юлдузларга бувингиз айтиб берган эртакдаги учар гиламлар орқали етаётганга ўхшайсиз. Ҳа, майдон таровати нафақат болаларни, балки барчани ўзига ром этади. Бу ердаги 1 минг 800 дона ўйинчоқ ҳамда чироқлар маржони билан безатилган 26 метрлик арча, аттракционлар, эртак қаҳрамонлари, Қорбобо ва Қорқиз йиғилганларга байрамнинг асл моҳиятини англатиб турса, савдо шохобчалари кишиларга қулай маиший хизмат кўрсатишга ас қотади. Хушовоз хонандаларнинг чиқишлари эса барчага кўтаринки кайфият улашади. Театрлаштирилган саҳна кўринишлари болажонларни эртаклар оламига етаклайди.

– Озод Ватанимизга байрамлар ярашади, – дейди наманганлик фахрий ўқитувчи, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Муқаддам Манбатова. – Атрофга қаранг, одамлар бахтиёр. Болажонларнинг қувончи чексиз. Етти ёшдан етмиш ёшгача барча мириқиб сайр қилмоқда. Тинчлигимиз рамзи бўлган мазкур майдондаги саҳналаштирилган томошалар инсонларга чинакам байрам совғаси бўлди.

Дарҳақиқат, майдондаги кишиларнинг юзу-кўзида самимият, ҳаётидан мамнунлик, тинч ва осуда кунларга шукроналик ҳисси балқимоқда. Отахону онахонлар ҳам набирасининг бахтиёрлигини кўриб, севинч ёшларини рўмолчасига артади. Улар бу кунларга етиб келиш учун не-не заҳматларни бошдан кечирмади дейсиз…

– Ёшлигимиз анҳор яқинидаги ҳовлиларда ўтган, – дейди майдонда сайр қилаётган отахон Файзуллоҳ Эргашев. – Ўша пайтлар ҳозирги гўзалликдан ном-нишон йўқ эди. Ҳарбий машиналар ғувиллаб юрарди. Чанг-тўзон аралаш, машғулотлар ўтказарди. Биз мактабга бориш учун майдондан анча олисда юрардик. Шомдан сўнг ота-онамиз кўчага чиқармасди. Мана, бугун, гўзал бир бўстон барпо бўлди. Кундузлари қуёш нурида, тунлари эса нурафшон чироқлар шуъласида жилоланиб, мавж уриб турадиган фаввораларни кўриб, майдон манзарасидан завқланамиз. Бунда ҳам ўзгача бир рамзий маъно бор. Ёшлар билсин, кўрсин, қандай фаровон ҳаёт кечираётганимиз, қандай қудратли давлат барпо этаётганимизни англасин, деган пурҳикмат мақсад мужассамдай. Ахир, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.

Яна ўқинг:  Мариянинг музаффарона қайтиши

Албатта, мазкур улуғвор маскан аждодларимиз асрлар давомида орзиқиб кутган, бизга – бугунги бахтиёр авлодларга насиб этган энг улуғ, энг азиз неъмат бўлмиш мустақиллигимиз рамзидир. Шу боис ушбу файзли гўша озод ва обод беғубор орзулар ифодасидир.

Юртбошимиз “Биз ҳаётдан доимо яхшилик кутиб, бошқаларга ҳам яхшилик тилаб яшайдиган халқмиз. Шунинг учун ҳам эртанги кунимизнинг бугунгидан кўра ёруғ, тинч ва фаровон бўлишини орзу қиламиз, шу йўлда ўзимизни аямасдан, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, болажон халқимиз ҳаётнинг мазмуни деганда фарзандларининг эртанги иқболини тушунади. Дунёдаги энг бебаҳо бахт – бола кулгусининг янграши. Бобосининг ёки онасининг қўлидан тутиб, атак-чечак қилаётган бола бу – мусаввир ҳам тасвирлай олмайдиган беқиёс манзара. Байрам шукуҳи ҳукм суриб турган майдон узра ана шундай бахт уфуриб турганига гувоҳ бўласиз.

– Мен тўртинчи синфда ўқийман, – дейди Рустам Оролов. – Ёш бўлсамда, орзуларим бисёр. Мусиқа ва санъат мактабига бораман. Озми-кўпми муваффақиятга эришяпман. Келажакда ажойиб куйлар басталаб, юртимнинг довруғини дунёга таратаман. Бу арча биз болаларга олам-олам қувонч бағишлаяпти.

Ҳа, янги йил шунчаки байрам эмас, юртнинг фаровонлиги, фуқароларнинг хотиржамлиги ифодасидир. Арча тепасига қўндирилган чароғон юлдуз эса бизни янада нурафшон кунлар кутаётганини билдиради.

Бу ерга келган ҳар бир инсон ажиб бир файзу тароватни, гўзаллик ва улуғворликни юракдан ҳис этади. Эрта тонгда бошланган шодиёна тун қоронғусида ҳам давом этмоқда. Одамлар хотиржамликда оиласи билан дам олишмоқда. Осойишта Ўзбекистонимизга кўз тегмасин, дея дуолар қилишмоқда.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: