“ГУЛШАНИ ОДАМ САМАРИ СЎЗДУРУР”
Алишер НАВОИЙ
Одамий бадандур, ҳиммат анга руҳ,
Ҳиммат аҳлидин оламда юз минг футуҳ.
Одам бир бадан бўлса, ҳиммат унга руҳ(жон)дир, оламдаги барча эзгуликлар ҳиммат аҳли туфайлидир.
* * *
Ушоқ қанд оқ тузга монанд эрур,
Ва лекин бири туз, бири қанд эрур.
Кўринишда шакарнинг туздан фарқи йўқдир, лекин биттаси туз биттаси қанддир.
* * *
Улча эрур тифлға шойиста иш,
Билки, кичикликда эрур парвариш.
Болага лойиқ иш — уни ёшлигида тарбиялашдир.
* * *
Қатрага чун тарбият этди садаф,
Эл бошига чиққуча топти шараф.
Садаф бир томчини тарбия қилгач, тарбия натижасида ул томчи одамларнинг бошларига кўтарилиш даражасига етди.
* * *
Яхшилиғ гар қилмаса, бори
ёмонлиғ қилмаса,
Ким ёмонлиғ қилмаса,
қилғанча бордир яхшилиғ.
Қани энди, яхшилик қилмайдиган киши сира ёмонлик ҳам қилмаса! Унинг ёмонлик қилмагани яхшилик қилган билан баробар.
* * *
Ростдур улким, назари тўғридур,
Ким илиги эгридур, ул ўғридур.
Назари тўғри кишининг ўзи ҳам тўғри, қўли эгри кимса эса ўғридир.
* * *
Одамийға яхши кўп авсоф эрур,
Лек аларнинг ашрафи инсоф эрур.
Инсонга хос яхши фазилатлар кўп, лекин уларнинг энг афзали инсофдир.
* * *
Не қушким, бўлса ҳимматдин қаноти,
Эмас паст ошёнга илтифоти.
Қаноти ҳимматдан иборат бўлган қушнинг паст уяга майли бўлмайди.
* * *
Маъдани инсон гуҳари сўздурур,
Гулшани одам самари сўздурур.
Инсоният маъданларининг қимматбаҳо инжулари ҳам сўздир. Одамият чаманзорининг меваси ҳам сўздур.
* * *
Ки ҳар ким аён этса яхши қилиқ,
Етар яхшилиқдин анга яхшилиқ.
Яхшиликни раво кўрганларнинг ўзларига ҳам яхшилик етади.