ЧЕМПИОНЛИК УЧУН КУРАШ ҚИЗҒИН
Пойтахтимизда шахмат бўйича 10 ва 16 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида давом этаётган Ўзбекистон чемпионати ҳал қилувчи паллага кирди. Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада икки юз нафарга яқин ёш истеъдод эгалари дона сурмоқда.
10 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпиони Нодирбек Абдусатторов (Тошкент) жами етти ярим очко билан пешқадамлик қилмоқда. У саккизинчи турда Тошкент вилояти вакили Самандар Шермуҳаммадовни мот қилди. Яна бир пойтахтлик шахматчи Жавоҳир Синдаров эса навоийлик Меҳриддин Йўлдошев билан дуранг ўйнаб, пешқадамдан ярим очкога ортда қолаётир. Меҳриддин эса очколари сонини 6,5 тага етказиб, кучли учликка қўшилди.
Қизлар ўртасидаги беллашувларда икки етакчи – Дилба р Ҳамроева ҳамда Юлия Хегай ўзаро куч синашди. Пойтахтлик шахматчиларнинг ўзаро баҳсида дуранг қайд этилди. Ҳар икки спортчи ҳисобида олти яримтадан очко бор.
16 ёшгача шахматчилар ўртасида еттинчи тур учрашувлари ўтказилди. Қизлар мусобақасида жадвалнинг энг юқори икки поғонасини эгаллаб турган фарғоналик жаҳон чемпионати совриндори Гулруҳбегим Тоҳиржонова ҳамда самарқандлик Гулҳаё Нарзиқулова ўзаро дуранг ўйнади ва очколари сонини беш яримтага етказди. Пойтахт вакили Баҳора Абдусатторова самарқандлик Шаҳноза Турсуновани енгиб, очколари сони бўйича пешқадамларга етиб олди.
Ўсмирлар ўртасида амалдаги чемпион – пойтахтлик ФИДЕ устаси Олег Артеменко беш ярим очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилаётган “Умид ниҳоллари – 2012” ғолиби Алишер Бекмуродов, пойтахт вакиллари – Одил Раҳмон, Ортиқ Неъматов, Жаҳонгир Шавдиров ҳисобида ҳам шунчадан очко бор.
Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА шарҳловчиси