Излаган имкон топади

Бугун она Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида бўй кўрсатаётган ижобий ўзгаришлар, қишлоқларимизнинг обод ва гўзал масканга айланиб бораётганини кўриб, кўз қувонади. Албатта, бундай бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари, аввало, халқимизнинг фидокорона меҳнати самарасидир.

Оксана Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Эшонгузар” маҳалласида русийзабон оилада дунёга келди. Ўзбек миллати фарзандлари билан бирга таълим-тарбия олиб, вояга етди. Онаси Валентина Владимировнанинг касби геолог бўлса-да, бола тарбиясига ниҳоятда эътиборли эди. У уч нафар фарзандини ҳам ўзбекона қадриятлар руҳида тарбиялади. Уларнинг ичидан Оксана чеварлик, зукколик, пазандалик бобида ўзбек қизларидан сира қолишмасди. Шу боис, мактабдан сўнг бухгалтерия курсини тамомлаган рус қизига ўзбек оиласидан совчилар кела бошлади.

Комилжон билан кўришган Оксана, тақдир унга дилидаги йигитни рўбарў қилганлигини билиб, тўйга розилик берди. Энг қизиғи, у 12 нафар фарзанди бор оилага келин бўлиб тушганди.

Янги келинлик пайтида Оксанага ўрганган ҳунарлари роса қўл келди. Рўзғор юмушларини эплашда бағрикенг қайнонаси Нозима ая доим унга маслакдош ва далда бўлди. У ўзбек оиласида сигир соғди, тандирга нон ёпди, хамир қорди, кир ювди, тайёрлаган мазали таомлари билан нафақат оиланинг, балки қўни-қўшниларнинг ҳам севимли келинига айланди.

– Оиламизда уч нафар фарзанд дунёга келди. Тадбиркорликка кенг йўл очилган пайтлар эди, ўшанда. Биз 2011 йилда “Омад авто плюс” МЧЖ корхонаси фаолиятини йўлга қўйдик. Ҳовлимиз ёнидаги 9 сотих ташландиқ ерни сотиб олиб, қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Чор-атрофни тозалаб, ободонлаштирдик. Оиламиз ҳамжиҳатлиги туфайли қад кўтарган 2 қаватли иморат маҳалламиз кўркига ҳам кўрк бағишлади. Барчамизнинг меҳнатимиз билан бунёд этилган корхонада, даставвал, вулканизация, кейин автомашина таъмирлаш ва ювиш шоҳобчалари ишга туширилди.

 

Ёшлардан иборат 5 та ишчи ўрни яратилди.

 

Кейинчалик аёллар ва эркаклар сартарошхонаси ва яқинда 17 турдан иборат спорт анжомлари билан таъминланган тренажёр зали фойдаланишга топширилди, – дейди Оксана Каримова.

 

Ҳозирда мавжуд 15 та ишчи ўрнининг барини ёшлар ташкил этади.

 

Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, ҳайдовчиларнинг оғирини енгил қилиш, айниқса, қишлоқ хотин-қизлари гўзаллигини таъминлашдек савоб ишларга бел боғлаб, чин дилдан меҳнат қилаётган Оксана Каримовани туман аҳли ҳам дилдан ҳурмат қилади.

Яна ўқинг:  Касбга садоқат эл-юртга меҳри содиқлик билан ўлчанади

Ишбилармон аёл баракани интизомда деб билади. У ҳар куни эрта тонгдан ишхонадаги камчилик ва муаммоларни аниқлаб, уни тузатишга ҳаракат қилади. Ходимларнинг вақтида ишга келиши, меҳнатга муносабати, кайфиятини ўрганади. Шунингдек, тозалик ва озодаликни ҳам талаб қилади. Ишдаги аҳиллик, тартиб-интизом, ҳамжиҳатлилик эса меҳнат маҳсулига файз-барака бағишлайди.

Қайнонасидан ўзбекона бағрикенглик, меҳрибонлик ва сахийлик каби хислатларни юқтирган О. Каримова корхонадаги ишчиларига байрам дастурхонлари ташкил этиш, таваллуд кунларни нишонлаш, рағбатлантириш, шароити оғир ишчиларга моддий ёрдам кўрсатишни ўзига бурч деб билади. Бундан ташқари, туман бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан кексаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиши, туман ҳокимлиги томонидан берилган топшириқларни бажонидил адо этиши, унинг нечоғли саховатлилигидан далолат.

Бунинг яққол ифодаси сифатида, туманнинг “Мустақиллик” кўчасидаги 200 метр таъмирталаб йўлни корхона ҳисобидан асфальтлангани, симёғочлар ва тунги чироқлар ўрнатилгани, жомъе масжидига юмшоқ анжомлар олиб берилгани, маҳаллада ташкил этиладиган байрам тадбирларига ҳисса қўшиш каби эзгу амалий ишлар Оксананинг миллий қадрият ва анъаналаримизга бўлган ҳурмати белгисидир.

Кундалик ишларни тўғри ташкил этишда иш юритувчи Гавҳар Қаҳҳорованинг ўрни алоҳида. Шунингдек, тажрибали стилист, Республика “Топ дизайнер” танлови ғолиби Зулхумор Жамолова, косметолог Татьяна Сиренко, маникюрчи Зинфира Ҳурматулина, сартарошлар Феруза Раҳимова ва Аванесьянц Виктория каби ўз ишининг усталаридан мижозлар хурсанд.

Ишбилармон раҳбар яқин кунларда аҳил жамоасини маҳаллий туризм билан рағбатлантириш истагида. Яъни, у ой охирида ўз ходимларини Самарқанддаги қадимий обида ва зиёратгоҳларни зиёрат қилдиришни режалаштирган. Бундай эзгу ишлар замирида, аввало, она Ватанга муҳаббат, халқимизга бўлган садоқат туйғулари ётади.

 

Марям АҲМЕДОВА,

Тошкент вилояти

 

Хизматлар лицензияланган.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: