Орзу-ҳавас қурбонига айланманг

Хориж мамлакатларидан бирида ишлаб юрган йигит ниҳоят яқинларининг қистови билан юртга қайтди. Фарзандининг дийдоридан қалби қувончга тўлган ота-она тезда жигарбандини уйлантириш ҳаракатига тушди.

Аввалдан кўз остига олиб қўйган қизникига совчилар бориб, катталарнинг розилигини олгач, тўй ҳам тезлашиб кетди. Никоҳни расмийлаштириш учун ҳудуддаги ФҲДЁ бўлимига борган икки ёшга тиббий кўрикдан ўтиш лозимлиги айтилди. Икки кундан кейин тўй бўлиши боис, уларнинг бунга вақти йўқ эди. Уддабурон йигит ана шу тобда “сеҳрли қоғоз”ни ишга солиб, бир зумда сохта тиббий варақани қўлга киритди.

Ниҳоят ота-она орзусидаги тўй ҳам бўлиб ўтди. Келин бахти очилганидан хурсанд. Янги хонадонда янги орзулар оғушида ҳаёт бошлади. Бироқ унинг қувончи узоққа чўзилмади. Ҳомиладор бўлган ёш келиннинг тўсатдан тоби қочди. Шифохонада олинган қон таҳлиллари натижасида унда ОИВ инфекцияси борлиги аниқланди…

Халқимиз удумларига кўра, қадимдан совчиликка борилганда, йигит-қизнинг етти пушти сўраб-суриштирилган. Буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳам келин танлашни ўта масъулиятли юмуш билиб, бу ҳақида ўзининг “Темур тузуклари” рисоласида шундай дейди: “… Бўлажак келиннинг насл-насабига ва сиҳатига аҳамият бердим”.

Ота-боболаримиздан қолган мазкур урф-одат ҳозирда қонун билан янада мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, аммо орамизда бундай тартиб-қоидаларга “панжа ораси”дан қараётганлар ҳам учраб турибди. Натижада юқоридаги каби салбий ҳолатлар ҳаётимизда тез-тез учрамоқда.

Бизга маълумки, мамлакатимизда “Оила” кодексига мувофиқ, никоҳ эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш этиб белгиланган. Яъни, никоҳланувчилар ушбу ёшга тўлган бўлишлари талаб этилади. Бу борадаги ҳам тиббий, ҳам ҳуқуқий асосларнинг такомиллаштирилаётганлиги оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ бўлғуси келин-куёвлар психик (шизофрения, эпилепсия, олигофрения), наркологик, таносил касалликлари, сил ва ОИВ, ОИТС хасталиклари бўйича бепул тиббий кўрикдан ўтказилади, – дейди Тошкент шаҳридаги 1-сонли ФҲДЁ бўлимининг 1-тоифали инспектори Гўзал Норбекова. – Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад ирсий ва наслий касалликларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни қарор топтиришдан иборат. Минг афсуски, айрим ота-оналарнинг ўз фарзандлари соғлиғига, тақдирига бефарқлиги туфайли турли кўнгилсиз ҳодисаларга гувоҳ бўлмоқдамиз. ФҲДЁ орқали никоҳни расмий қайд этмай туриб, шаръий никоҳ ўқитган ҳолда оила қуришнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда самарали иш олиб боряпмиз.

Яна ўқинг:  Osoyishtalik og‘ushidagi bolalar

Дарҳақиқат, кўз қорачиғидек асраб-авайлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай, куёвининг туғма хаста эканлигини ёхуд бедаво дардга йўлиққанини билгач, қай аҳволга тушишини тасаввур қилиш қийин эмас. Куёв гиҳёванд чиқса ёки келин руҳий хасталикка чалинган бўлса, фарзандининг бахтига зомин бўлганидан яқинларнинг кўзига дунё тор бўлиб кетади. Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оилани барпо этиш мақсадида жорий этилган никоҳдан олдинги тиббий текширувлар келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам ҳар томонлама фойдалидир.

Тани соғ, фарзандлари соғлом инсоннинг кўнгли хотиржам бўлади. Хотиржам кўнгилга эса орзу-ҳавас, шодлигу қувонч ярашади. Бунинг учун ҳам кишидан эътибор ва ўз соғлигига масъуллик талаб қилинади. Зеро, ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги энг катта мақсади бахтли оила қуриш, соғлом фарзандлар тарбиялаш ва уларнинг камолини кўришдир.

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: