Билим ва маърифат ҳафталиги

Мамлакатимиз аҳолисини ахборот-кутубхоналар билан таъминлашни ташкил этишдаги саъй-ҳаракатларда барча жабҳалар, айниқса, таълим, маърифий соҳаларга илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ахборот-кутубхона муассасаларининг фаолиятини давр руҳи билан ҳамоҳанг йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтаётган “INFOLIB – 2016” V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ҳам бунинг далилидир.

Мазкур ҳафталикда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, ҳудудлар ва тармоқлардаги ахборот-кутубхона муассасаларининг ходимлари, ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар, ўқувчилар иштирок этди.

Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигидан кўзланган асосий мақсад ёш ўртасида мутолаа маданиятини юксалтириш, маданий-маънавий меросимизни асраш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига интернет орқали сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш, янги замонавий технологиялардан фойдаланиш, аҳолининг турли қатламларига кутубхона хизматини кўрсатишда маърифат масканларининг ижтимоий-маданий ролини оширишдан иборатдир.

Бу йилги ҳафталикнинг ўзига хос жиҳати юртимизнинг турли ҳудудлари, вазирлик ва идоралар таркибидаги ахборот-кутубхона масканлари фаолиятини кенг ва атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, илғор иш тажрибасини оммалаштиришдир. “Мустақилликнинг 25 йили: минтақалар ривожланиши динамикаси” номли видеомулоқот, “Энг яхши ахборот-кутубхона муассасаси мутахассиси – 2016” танлови, “Ахборот-кутубхона ресурслари каталогизациясининг долзарб масалалари” мавзуидаги тренинг, “Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларининг библиографик фаолияти: ривожланиш истиқболлари” мавзуидаги ўқув-семинар, “Замонавий ахборот технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш, реставрация ва консервация қилиш, электрон базасини яратиш” ўқув-семинари, “Ахборот-кутубхона соҳасида маркетинг” номли тренинглар ўтказилмоқда.

Миллий кутубхона, Халқ таълими вазирлиги, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигидаги “Ўқувчининг ахборот маданияти” номли ўқув-методик комплекси тақдимоти 1-4-синф ўқувчиларининг китобхонлик, интернет ва бошқа манбалардаги маълумотлардан фойдаланиш маданиятини оширишга хизмат қилмоқда. “ZiyoNET” тармоғида масофавий таълим воситалари” номли ўқув дастурлар тақдимоти педагоглар, талабалар, мактаб ёшидаги ўғил-қизлар учун бирдек қизиқарли бўлиши шубҳасиз. Турли маданий-маърифий тадбирлар, шеърхонлик, мусиқа кечалари, янги адабиётлар тақдимоти, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, маърифий фильмлар намойиши бўлиб ўтади.

Хорижий давлатларнинг элчихоналари, Британия кенгаши, Тошкентдаги Гёте институти билан ҳамкорликдаги тадбирларда хорижий маърифий дастурлар ҳақида тўлақонли маълумотлар берилди. Шунингдек, миллий ҳунармандчилик, тасвирий санъат, шахмат бўйича ташкил этилган маҳорат сабоқлари болаларнинг билимларини янада бойитди. Ҳафталик доирасида кутубхона ўқиш залларида янги адабиётларнинг очиқ кўргазмаси, нашриётлар ва китоб савдоси ташкилотларининг маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтади. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари ўртасида “Китоб уммони бўйлаб саёҳат” номли адабий савол-жавоб ўйини, “Таълим соҳасидаги ҳуқуқингизни биласизми? ” номли викторина, “Жонажон юртим – менинг расмларимда”, “Ўзбекистон келажаги – менинг тасаввуримда” деб номланган бадиий, адабий танловлар ёшларнинг тафаккурини чархлашга хизмат қилади.

Яна ўқинг:  Хўшали қишлоғининг хуш одатлари

Ҳафталик доирасида ташкил этилган ўқув-семинарларда соҳа муассасаларининг ривожланиши, китобларни сақлашда ахборот-кутубхона марказларининг роли, турли вазирлик ва идоралар, ўқув даргоҳлари ахборот-кутубхона масканларининг ўзаро ҳамкорлиги каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Н. НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: