Хориж тажрибасини ўрганиш фаолиятимизни янги босқичга кўтаради

Жорий йилнинг сентябрь ойида ўзбекистонлик бир гуруҳ кутубхоначи-мутахассислар Германияда хизмат сафарида бўлиб, ушбу мамлакатнинг соҳада қўлга киритган ютуқлари билан яқиндан танишиш, уларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ҳамда ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлишди. Тошкент шаҳар “Bilim” Ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиза КАРИМОВА билан таассуротлар ҳақида суҳбатлашдик:

 

Дастлаб, сафар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз…

– Германияга боришдан мақсад, хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганиб, юртимиздаги ахборот-кутубхона ва ахборот ресурс марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш, китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш, электрон кутубхоналар ташкил этиш жараёнини тезлаштириш, ноёб адабиётларнинг сақланиши, реставрация ва консервация жараёнлари билан яқиндан танишишдан иборат эди.

Сафар давомида Берлин давлат кутубхонаси ва унинг Шарқшунослик ва Китобларни рақамлаштириш ва реставрация бўлими билан яқиндан танишдик. Қолаверса, Америка – Геденк кутубхонаси, Кутубхона фондларини сақлаш бўйича эксперт маркази, Гумбольдт номидаги Берлин университети кутубхонаси каби кўплаб маърифат марказларининг фаолиятини яқиндан ўрганиш имконига эга бўлдик.

Мамлакатимизда мазкур соҳа фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Сафар давомида Германиядаги бу борадаги қонунчилик асослари, тизимни тартибга солиш тартиблари билан ҳам қизиқдингизми?

– Албатта. Шуни айтиш керакки, ушбу мамлакатда кутубхоначилик соҳасини тартибга солувчи ягона қонун қабул қилинмаган. Германиядаги ўлкаларда махсус ишлаб чиқилган тартиб асосида кутубхона хизмати йўлга қўйилган. Шундай экан, улар бу борада биздан ўрнак олса арзийди.

Германияда қонун йўқлиги туфайли “Кутубхоналарнинг сиёсий уюшмаси” ташкил этилган. Мазкур ташкилот соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширади.

Уларнинг Миллий даражадаги кутубхоналаридан олган таассуротларингиз қандай бўлди?

Германияда бундай маърифат масканлари сони тўртта экан. Улар Франкфуртдаги Миллий кутубхона, Бавария давлат кутубхонаси, Берлин давлат кутубхонаси ҳамда Гумбольдт университети кутубхоналаридир. Биз Берлин давлат кутубхонаси ва Гумбольдт университети кутубхонасининг иш тажрибасини яқиндан ўргандик.

Биламизки, Берлин давлат кутубхонаси Европадаги энг катта ва қадимий қадриятларга эга маърифат марказларидан бири саналади. Ушбу масканга бундан 355 йил аввал давлат қироли томонидан асос солинган. Кутубхонанинг энг катта бўлими шарқшунослик эканлиги эътирофга лойиқ. У ерда ноёб китоблар, қўлёзмалар сақланади. Бўлимда бизнинг мамлакатимизда яратилган ва алоҳида Марказий Осиёга тегишли бўлган қадимий қўлёзмалар ҳам мавжуд. Бундан қарийб 100 йил аввал очилган ушбу бўлимнинг асосий йўналишлари – асарларни сақлаш, тарғибот қилиш ва сотиб олишдан иборат. Бўлим Яқин Шарқ, Жанубий, Шарқий Осиё, Африка давлатларидан муҳим тадқиқотларга оид асарларни сотиб олишни ташкиллаштиради. Бу ерда 2,5 мингга яқин қўлёзмаларнинг электрон шакли яратилган. Келажакда барча қўл ёзмаларнинг рақамлаштирилиши режалаштирилган. Улар ҳам бу ишни худди биздагидек босқичма-босқич амалга оширишмоқда. Эскирган, асраб-авайлашга муҳтож асарларни рақамлаштириш фаолияти эса алоҳида эътиборга молик. Бундай китобларнинг ўқувчиларга фақат электрон шакли тақдим этилади.

Яна ўқинг:  Тил – миллатнинг бош белгиси

Германияда китобхонларга хизмат кўрсатиш сифати қай даражада экани ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Масалан, Берлин давлат кутубхонасини олайлик. Бу ерда аъзолик бадали бир ойга 12, бир йилга эса 30 еврони ташкил қилади. Кутубхонага масофадан туриб ёзилиш учун ҳам бу масканга бир марта бўлса-да келиш керак бўлади. Чунки хизматлар пуллик. Бироқ менга уларнинг бир тажрибаси маъқул келди. Яъни, ушбу марказга аъзо бўлган киши, у ердан олган гувоҳномаси билан мамлакатдаги барча кутубхоналарга кириш ҳуқуқига эга бўлар экан.

Уларнинг яна қайси иш услуби сизга маъқул келди?

– Кутубхоналардаги китоб сақлаш бўлимидаги ажраткичларга алоҳида эътибор бердик. Қизиғи шундаки, улар турли рангларда экан. Биз бу ранглар нимани англатишини сўрадик. Маълум бўлдики, қизил ранг китобхонларга буюртма асосида берилган китобларни билдираркан. Яшил ва зангори ранг – ўқувчиларнинг буюртмаси асосида уйга берилиши мумкин бўлган ва берилган китоблар экан. Сариқ ранг – шикастланган, реставрацияга муҳтож китоблар бўлиб, жигарранг – йўқолган китоблар экан.

Ушбу тажрибани ўзим фаолият юритадиган кутубхонага ва барча АРМларга татбиқ этиш мумкин, деб ўйладим. Зеро, бу китобларни асраб-авайлашга, мутахассисларни ўз ишига масъулият билан ёндошишга ундайди.

Немис китобхони қизиқишлари борасидаги кузатувларингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Биргина Гумбольдт университети кутубхонасини олайлик. Ушбу маърифат маркази олий ўқув юрти қошида эканлиги ва шаҳар марказида жойлашганлиги учун бу ерда китобхонларга жой етказиб бериш жуда мушкул. Ўқув залида талабалар учун 1000 та ўрин бўлишига қарамасдан, ҳеч қачон бўш турган жойни кўрмайсиз. Шунинг учун марказда “Мобиль соат” иш усули ишлаб чиқилган ва бу кутилган натижани бермоқда. Яъни, олдиндан жойлар интернет орқали банд қилиб қўйилади ва китобхонлар белгиланган вақтда у ерга етиб боришади.

Америка – Гуденк кутубхонаси фаолияти билан танишганимизда ҳам бу ердаги китобхонлар эътиборимни ўзига тортди. Марказ ўз ишини эрталаб соат 10. 00да бошлайди. Немис халқининг китобсеварлигини маърифат маскани очилишини кутиб, тўпланиб турган кўп сонли аҳолини кузатиш орқали билиб олдик.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Раъно ЗАРИПОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: