Гувоҳномани алмаштиришим мумкинми?
– Фарзандим Корея Республикасида туғилган. Унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳам шу давлатда олинган. Ушбу ҳужжатни Ўзбекистон Республикасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига алмаштиришим мумкинми?
Юлдуз ЭШМАНОВА,
Тошкент шаҳри
Саволга Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги 4-давлат нотариал идораси нотариуси Ирода ЗУПАРОВА жавоб беради.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (1999 йил 12 апрель) билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”нинг IX бўлимида хорижий давлатларнинг ваколатли муассасалари томонидан мамлакатимиз фуқароларига берилган фуқаролик ҳолатларини тасдиқловчи ҳужжатларни алмаштириш тартиби кўрсатиб ўтилган бўлиб, бундай ҳужжатлар Ўзбекистоннинг гербли гувоҳномаларига алмаштирилиши мумкин.
Ҳужжатлар фуқароларнинг ёзма аризаларига кўра доимий яшаш жойларидаги ФҲДЁ органлари томонидан ушбу ҳужжатлар ва уларнинг белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган таржималари асосида, ҳужжатнинг берилган вақти ва жойини кўрсатган ҳолда ва тикланган далолатнома ёзувларини қайд этиш орқали алмаштирилади. Алмаштириш пайтида топширилган ҳужжатлар ФҲДЁ органи архивида 75 йил сақланади.