Ёш ва маҳоратли мураббий – эл эътирофида

Бу йил ўзбек бадиий гимнастикаси тарихида илк маротаба гуруҳ бўлиб чиқишлар бўйича жамоамиз Рио-де Жанейрода ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этишди.

Беш нафар қизни якдил бир жамоа бўлиб, кўзланган мақсадга етишида истиқлол тенгдоши, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” Зарина Израилбекованинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Унинг тажрибали мураббий Людмила Поливанова билан бирга эртаю кеч қизларни машқ қилдираётганини кўрганлар, бу фидойи мураббийларга омад албатта, кулиб боқишига ишонишган.

Зарина ёш бўлишига қарамай, ниҳоятда меҳнаткаш, сабр-тоқатли қиз. Мен уни бадиий гимнастика билан машқ қилган пайтидан буён яхши биламан, – дейди Людмила Поливанова. – Ниҳоятда зеҳнли, билимли қиз эди. Балки гимнастикачи қизлар билан ёшида унчалик катта фарқ бўлмагани учун шогирдлари билан тил топишиб кетиши қийин кечмади. Менимча, мураббий бўлиш учун энг асосийси, ўз ишини сидқидилдан бажариш зарур. Бу хусусиятлар Заринада мужассам. Гуруҳ бўлиб чиқишлар жамоасида бир эмас, беш нафар қиз битта мусиқага, бир маромда, синхрон тарзда дастур ижро қилишади. Бу эса қатнашчилардан ҳам, мураббийлардан ҳам улкан масъулиятни талаб этади. Олимпия ўйинлари йўлланмасига сазовор бўлиш, тўрт йилликнинг муҳим баҳсларида муносиб иштирок этиш учун тайёргарлик кўришда Зарина Израилбекованинг ҳиссаси катта бўлди.

Бадиий гимнастика мусобақаларини томоша қилганлар гиламдаги қизларнинг чиройли чиқишларини кузатиб, бу спортнинг жозибасига беихтиёр мафтун бўлишади. Қизлар муваффақиятида мураббий, шифокор, хореограф, руҳшунослардан иборат жуда катта жамоанинг ҳамкорликдаги меҳнати борлиги бир қарашда сизилмайди. Бу фидойи инсонларнинг саъй-ҳаракатларини қизлар ўз ижролари орқали намойиш этишади. Залга келган илк куниданоқ, Олимпия ўйинларида иштирок этишни орзу қилган қизлар бу эзгу ниятнинг рўёбига интилиб яшайдилар. Гуруҳ чиқишлар бўйича жамоа аъзоларидан бири Марта Ростабурованинг ана шундай орзуси бу йил амалга ошди. Бунда у мураббийи Зарина Израилбекованинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлайди:

Жамоамизнинг меҳрибон мураббийи бўлган Зарина Израилбекова билан боғлиқ бир воқеа ёдимда. Бундан бир йил аввал машғулотлардаги чарчоқ, толиқиш, руҳий зўриқиш туфайли спортдаги фаолиятимни якунламоқчи бўлдим. Бундай ҳолатга барча спортчилар тушишади. Ана шундай қийин вазиятда мураббийим олдимга келиб, танлаган йўлимдан қайтмасликка кўндирдилар. Тўғриси, буни қандай қилиб уддалаганликларини ўзим ҳам билмайман. Кўнглимга йўл топиб, иродали бўлишим зарурлигини уқтирди. Шундан сўнг мен ўзимда яна куч топиб, қайта – қайта машқ қилишни давом эттирдим. Олимпия ўйинлари пайтида гиламга чиқишдан аввал улардан шундай миннатдор бўлгандимки: “Агар ўз вақтида мени қўллаб-қувватламаганида, балки ҳозир бу ерда бўлмас эдимми?”, – деган сўзлар кўнглимдан кечди. Мусобақадан сўнг, спортдаги фаолиятимни якунладим. Эндиликда ўзим ҳам мураббий бўлмоқчиман. Жажжи қизалоқларга гимнастиканинг сир-асрорларини меҳр билан ўргатиш ниятидаман.

Спортчилар мусобақаларда юқори натижаларга эришишлари учун жисмоний тайёргарлик билан бирга, руҳий барқарорлик зарурлигини мутахассислар бот-бот такрорлашади. Бунда қай бир хусусият етакчи эканлиги борасида Зарина Израилбековадан сўрадик.

Яна ўқинг:  Замонавий шифохона эл хизматида

Биласизми, биз мураббийлар, энг аввало, спортчиларниона Ватанимизни севишга, уни қадрлашга, мусобақа пайтида мамлакатимиз шон-шуҳратини ҳимоя қилаётганликларини ҳис қилишга ўргатишимиз зарур. Юртни севган, унга билдирилган ишончни оқлаш масъулиятини ҳис қилган спортчиларгагина ғалаба насиб этади. Мен ҳам мустақиллик байрами арафасида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” деган юксак мукофотга лойиқ кўрилганимдан жуда ҳам бахтиёрман. Бу биргина менинг эмас, балки федерациянинг барча ходимлари, менга ўз ёрдамини аямаган устозларимнинг ҳам мукофоти деб ўйлайман. Келажакда иқтидорли спортчиларни тарбиялаб, юртимиз равнақи учун ўз ҳиссамни қўшишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.

Бадиий гимнастика бўйича терма жамоа мураббийлари зиммасида ҳозир янада катта вазифалар, забт этилмаган чўққилар турибди. Федерация ходимлари ўз олдиларига нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиш, қобилиятли спортчиларни саралаш, жисмоний тайёргарликни кучайтириш, вилоятларда бадиий гимнастика спортини янада ривожлантириш каби бир қатор мақсадларни қўйишган. Жажжи қизалоқлар қалбида бадиий гимнастика спортига меҳр уйғотиб, улар билан шоҳсупа сари машаққатли йўлда ҳамфикр ва ҳамқадам бўлаётган барча мураббийларга келгуси ишларида омад ва зафарлар тилаймиз.

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: