Сара қизлар – оқилаю ораста қизлар

Бугун ҳар жабҳада ташаббускор, илғор, иқтидорли қизларни рағбатлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.

2011 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан республикамиздаги таълим муассасалари қошида “Ораста қизлар” тўгараклари ташкил этилган бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишдан иборатдир. Шунингдек, тўгарак нафақат тиббий, балки ғоявий-маърифий тарғибот ишларини ҳам олиб боради.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига кўра “Ораста қизлар” тўгараклари ишини жонлантириш, маҳалла қизларининг ҳуқуқий, тиббий билимини ошириш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ораста қизлар” кўрик-танлови ғолиблари ўртасида “12 йиллик мажбурий таълим – менинг саодатим” шиори остида “Маҳалланинг энг ораста қизлари” Республика анжумани мунтазам ташкил этилмоқда. Бу эса юртимизда қизлар тарбиясига алоҳида эътибор берилаётганининг амалий тасдиғидир.

Куни кеча пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да анжуман доирасида бўлиб ўтган “Маҳалланинг энг ораста қизлари” кўрик-танлови ҳам айни шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Айтиш мумкинки, ушбу беллашув республикамизнинг барча вилоят ва туманларидан келган билимдон ва энг фаол қизларни ўз атрофида бирлаштирди.

Танловнинг ҳудудий босқичларида умумтаълим мактабларининг 8-9 синф ўқувчилари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-3 босқичларида таҳсил олаётган 250 мингдан ортиқ қизлар қатнашиб, республика босқичида улар орасидан саралаб олинган 193 нафари 14 та жамоага бўлинган ҳолда ўзаро беллашди.

Танлов қатнашчиларининг чиқишлари 14 та номинация бўйича баҳоланиб, якунда ҳар бир иштирокчи Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Республика ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, “Оила” илмий-амалий маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, қизларга “Ораста қизлар” тўгараги фаолиятини кучайтиришда ўз ҳудудларида тарғибот ишларини олиб бориш вазифаси юклатилган сертификатлар топширилди.

– Дунёда юз бераётган мураккаб жараёнлар туфайли миллионлаб қизлар таълим олишдан маҳрум бўлаётган бир пайтда юртимизда ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бизнинг бахтимиздир. Шунинг учун ҳам четдан кириб келаётган ёт ғояларга қарши курашиб, буюк аждодларга муносиб фарзанд бўлишимиз лозим. Зеро, биз ёшлар эртанинг умиди, келажакнинг эгалари сифатида гўзал ва муқаддас мамлакатимизнинг тинчлиги ва ободлигини мустаҳкамлашга масъулмиз, – дейди “Наманган гуллари” жамоаси аъзоси Мадина Маниязова.

Яна ўқинг:  “САЛОМАТЛИК” ПОЕЗДИ АМУ БЎЙЛАРИДА

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

 

Ўғилой НЕЪМАТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: