Эзгуликдан яшнаган умрлар

Дарҳақиқат, қон топширадиган донорларни ҳар қанча ардоқласак оз. Чунки, ҳар кимнинг ҳам бу савобли ишни бажариш қўлидан келавермайди. Қон топшириб бирор бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш юксак инсоний фазилатларидан бири ҳисобланади. Қон заҳираси ҳар бир давлатнинг муҳим стратегик бойлигидир. Оғир аҳволдаги беморлар ҳаётини асраб қолишда ҳозирги давргача қон ўрнини тўлиқ боса оладиган ҳеч қандай доривор восита кашф этилмаган. Қон, унинг компонентлари ва препаратлари қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликларда, оққон (лейкоз-қон раки)да, қон тизими бузилган хасталикларда яъни, гемофилия, коагулопатияларда) саратоннинг турли кўринишларида, шунингдек, оғир кечадиган туғруқ жараёнлари ва қон кетишлар, мураккаб операциялар, оғир даражали куйишларда мунтазам қўлланилади. Шундай экан мамлакатимиз аҳолиси ўртасида беғараз донорликни янада ривожлантириш орқали қон заҳирасини аҳоли сонига нисбатан бир меъёрда сақлаб туришимиз муҳимдир.

Бунинг учун ҳукуматимиз томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Мамлакатимизнинг ҳар бир вилоят ва туманлари қон хизмати муассасаларида қон ва унинг компонентларига ишлов бериш ва уларни сақлаш учун барча имкониятлар мавжуд.

Қон бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг донорликка доир қонуни ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларида батафсил баён этилган. Соғлом одамлар 60 кунда бир марта қон бериши мумкин. Униниг компонентларини бериш эса 15 кунда бир марта деб белгиланган. Бадалсиз қон бериш эркаклар учун бир йил давомида 5 марта, аёллар учун 4 мартагача деб кўрсатилган. 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом фуқароларга қон топширишга рухсат берилади. Қон бериш жараёнидан аввал донорлар тиббий кўрикдан ўтказилади. Донор қон беришидан олдин қоннинг умумий таҳлили ва қон гуруҳи текширилади. Унинг қони кейин лаборатория шароитида чуқур таҳлил этилади.

Статистик маълумотларга кўра, аҳоли эҳтиёжини қон таркибий кисмлари билан тўлиқ таъминлаш учун қон топшириш кўрсатгичи ҳар 1000 нафар кишига 10 нафарни ташкил этиши керак. Бу эса мамлакатимизда 4 нафар донорни ташкил қилмокда. Кўриниб турибдики бу кўрсатгични янада ошириш учун аҳоли ўртасида тарғибот ишларини мунтазам тарзда олиб боришимиз лозим.

Республика Қон қуйиш марказида йил давомида 21 минг 439 нафар беғараз донорлар, 3 минг 577 нафар қон ҳужайраси донорлари ва 159 нафар доимий донорлар қон ва унинг компонентларини топширишган ҳамда йил давомида 14 минг 455 литр қон донорлардан олинган. Республика бўйича донорларнинг умумий сони 122 минг 397 нафарни ташкил этган. Йил давомида 69 минг 201 литр қонга ишлов берилган. Бу кўрсатгичлар йилдан йилга ошиб бормоқда. Ҳар йили мунтазам ўтказиб келинаётган Халқаро донорлар куни республикамизнинг барча Қон қуйиш марказларида кенг нишонланади. Донорларга ташаккурномалар, “Фахрий донор” кўкрак нишонлари, эсдалик совғаларини тақдим қилиш оркали ўз миннатдорчилигимизни билдирмокдамиз.

Яна ўқинг:  Адашган мактуб

Ғуломиддин ЭГАМҚУЛОВ,

Республика қон қуйиш маркази Қон гравитацион хирургияси бўлими бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: