КЎЗЛАР РАВШАНЛИГИ – ОЛАМ НУРАФШОНЛИГИ
Кексаларимиз дуога қўл очганида “тўрт мучанг соғ бўлсин”, дея эзгу тилак билдиришади. Бу бежиз эмас, албатта! Зеро, “тўрт муча”нинг соғлиги тугал соғлиқни англатади. Агар инсон соғлом бўлсагина унинг бахти бекам бўлади.
Танамиздаги ҳар бир аъзо ўзининг вазифасини бажаради.
Улар орасида бизни дунё гўзалликларидан баҳраманд қилувчи гавҳари шамчироғимиз –кўзларимиз алоҳида ўрин тутади.
Биз баъзида кўзимиздаги мавжуд касалликлар ҳақида етарлича билимга эга эмаслигимиз сабаб, уни хавф остига қўямиз. Ана шундай ҳолатлардан йироқ бўлиш мақсадида бугун кўз касалликлари ҳақида суҳбатлашамиз.
Кўзларда қирқ ёшдан сўнг ўзгаришлар юз беради. Биз бунга эътиборсиз бўлмаслигимиз лозим. Чунки, бунга қандли диабет, юрак ва қон томири склерози ёки генетик ўзгаришлар туфайли инсон аъзоларининг эрта қариши сабаб бўлиши мумкин. Бундай даврда бирорта киши кўзида бўладиган ўзгаришлардан ҳоли эмас. Жумладан, миопия, катаракта, конъюктивит, ғилайлик каби кўз касалликларининг олдини олиш учун кўз шифокори кўригидан ҳар олти ойда ўтиб туриш керак. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази шифокори, олий тоифали шифокор Сурайё Сайдиғаниева болаларда ғилайлик хасталигининг келиб чиқиш сабаблари ва унинг профилактикаси ҳамда даволаш усуллари ҳақида бизга сўзлаб берди:
– Кўзнинг ғилайлиги хасталигига бошидан лат ейиш, бош мия хасталиклари, оғир кечган ҳомиладорликдан кейинги ҳолат, сочнинг кўзга тушиб туриши, нотўғри тақилган кўзойнак сабаб бўлиши мумкин. Ҳомиладорликнинг биринчи ойларида кўз мушакларининг нотўғри ривожланиши, психологик касалликлар ёки бош жароҳатланиши болаларда ғилайлик касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Нимадандир қаттиқ қўрқиш сабабли ушбу касалликнинг келиб чиқиш ҳолатлари ҳаётда кўплаб учрайди. Кўз қири билан қия қараш, қизамиқ, қизилча, грипп, дифтерия (бўғма) каби инфекцион касалликлар яхши даволанмаса ҳам ғилайликка сабаб бўлиши мумкин. Узоқни ёки яқинни кўролмаслик, астигматизм, анизометропия каби туғма кўз касалликлари сабабли ҳам ғилайлик келиб чиқиши эҳтимоли бор.
КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
Чақалоқларнинг беланчаги ёнига ёрқин рангдаги ўйинчоқларни осадиган бўлсангиз, албатта унинг эътиборини тортади ва у ўйинчоққа узоқ вақт тикилиб қарайди. Шунинг учун ўйинчоқни каравотдан 50 см. узоқликда илиш тўғри бўлади. Агар фарзандингизда ғилайлик хасталиги аниқланса, ўйинчоқларни каравотнинг икки томонига осиб қўйинг. Шунда у ҳа деб тўғрига қарайвермайди. Майда ўйинчоқларга ҳам яқиндан тикилиш шу касалликка сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун каттароқ ҳажмдаги ўйинчоқ сотиб олинг ва уни фарзандингизга яқинлаштирмасдан узоқроқдан қаратинг.
2 ёшдан 4 ёшгача бўлган болалар расм дафтарига ёки китобга жуда яқин масофадан тикилиб чизаётган, китоб ўқиётган ёки телевизор томоша қилаётган бўлса, узоқ масофада ўтиришларини уқтириш, ҳаттоки, бир муддат телевизор томоша қилишни таъқиқлаб қўйиш керак бўлади. Бу ёшдаги болаларнинг кўриш қобилияти тўғри ривожланиши учун нақш ишлаш санъати (мозаика), калейдоскоп, стол устида футбол, хоккей ва бадминтон ўйинлари фойдали ҳисобланади.
Болалар А, Е, С витаминларига бой таомларни кўпроқ истеъмол қилишларига эътибор бериш керак. Сабзи шарбатига лавлаги ва бодринг шарбатини қўшиб ичиш тавсия этилади.
Катталар учун қора қарағат меваси ёки барги (200 гр сувга 5 гр қуритилган барги) қайнатмасини бир кунда бир неча марта чой ўрнида ичиш тавсия этилади.
ФИТОТОМЧИЛАР БИЛАН ДАВОЛАШ
Шивит кўкатидан кўз учун томчи дори тайёрлаш мумкин. 10 гр шивит кукунига 200 гр қайнаган сув қуйиб қўйилади. Тайёр бўлган қайнатмадан бир кунда 2-3 марта кўзга 1-2 томчи томизиш тавсия этилади. Ундан кўз учун буғли ванна сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.
Кўзга асал ниҳоятда фойдали. Асалли томчи учун бир ош қошиқ қайнаган сувга бир чой қошиқ асалнинг тўртдан бир қисми қўшиб тайёрланади. Бир кунда икки марта 1-2 томчидан кўзга томизилади.
КЎЗ ГИМНАСТИКАСИ
Эслаб қолинг, ғилайлик касаллигида шифобахш гиёҳлар билан халқ табобати усулида даволаш шифокор тавсиясига қўшимча даво ҳисобланади. Шу жумладан, кўз гимнастикаси билан даволаш ҳам. Яъни, қуйидаги машқларни бажариб юриш беморлар учун фойдадан ҳоли бўлмайди.
1-машқ. Офтобга тескари турган ҳолатда, бир томонга оғган кўзни очиқ қолдириб, тўғрига қараган кўзни қўл билан беркитилади. Бошни оғган кўз томонга офтоб нури туширмасдан бурилади. Ушбу ҳаракатларни камида 10 марта такрорлаш тавсия этилади.
2-машқ. Бошингизни орқага ташлаган ҳолатда бурнингиз учига бир оз вақт қараб туринг. Агар бу машқни ёш бола бажараётган бўлса, “тасаввур қил бурнингни учида чивин турибди”, деб болангизни қизиқтиринг.
3-машқ. Қўлларингизни олдинга узатинг, кейин кўрсатгич бармоғингизни галма-галдан бурнингиз учига текказинг. Нигоҳингизни қўлларингизга қаратинг. Мазкур машқни тез-тез ва узоқ вақт такрорланг, токи кўзингиз чарчаб кўз ёши чиққунча.
4-машқ. Қўлингизга кўрсатгич таёқчага ўхшаган буюмни олиб уни олдингизга жойлаштиринг. Шу буюм ёрдамида ҳар томонга бетартиб ҳаракатлар қилиб, кўзингизни буюм учига қаратинг.
5-машқ. Кафтингиз билан кўзларингизни маҳкам ёпинг. Ёруғлик тушмаганлигини текшириб кўринг. Қоронғиликда кўзингизни очиб турли буюм ва нарсалар шаклини тасаввурингизда чизинг. Масалан: апельсин, гул, илон, квадрат ва бошқалар.
Юқорида қайд этилган муолажаларни 1,5-2 йил муддатда таъсири сезилмаса, унда жарроҳлик йўли билан даволаш амалга оширилади. Аммо, жарроҳлик операциясидан кейин ҳам ушбу гимнастикани қўллаш лозим. Гимнастика машғулотлари кўз фаолиятини меъёрдаги ҳолатга келтиради.
Ғилайликни операциясиз махсус кўзойнак тақиш билан ҳам тузатиш мумкин. Фақат шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиш лозим.
М.ХЎЖАМУРОДОВА тайёрлади.