Табиатнинг бетакрор туҳфаси

Яқинда ўқув даргоҳимизда ташкил этилган “Ёш сайёҳлар” тўгараги аъзолари билан қўшни Бахмал тумани тоғлари, муқаддас зиёратгоҳларига саёҳат уюштирдик.

Бахмал туманини тоғларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ном табиатнинг ўзидан олинган. Унинг асосий бойликлари – бетакрор ўрмонлари ва ўсимлик дунёсидир. Айниқса, Туркистон ва Моргузар тизма тоғларини боғлаб турувчи ниҳоятда гўзал ва оромбахш маскан – Новқа тоғ оралиғи табиати бой ва хилма-хил, ўзига хос ўсимлик оламига эга. Бу ердаги кўп асрлик арча ва чинор дарахтлари умрбоқийлик рамзи ҳисобланади. Шохларини зўрға кўтариб турган олма, бодом, писта каби мевали дарахт­лар киши эътиборини ўзига тортади. Бу масканда биргина олманинг 20 га яқин нави парвариш қилинаркан. Тоғларида кийикўт, ялпиз, наъматак каби доривор гиёҳлар мўл.

Биз сафар давомида Қонтомди дараси, тик ва осмонўпар қоялар ҳайбатига маҳлиё бўлдик. Теварак-ат­рофда бир нечта сув манбаларини учратдик. Юқоридан Тераклисой дарёсининг шовуллаши, анҳор ва жилғалардан муздек сувнинг шилдираб оқишини эшитиб, чарчоқни унутдик.        

Кузда ҳам яйловдаги ўт-ўланлар ранг-баранг тусга кирган. Кўзни қамаштирувчи гулзорларни кўриб, дилингиз яйрайди. Улар худди рассом чизган суратдек кишини ўзига ром этади. Пастлаб сузаётган булутлар бўлиниб, зангори осмон кўзга ташланади. Салқин тоғ шамоли эса руҳиятимизга хушнудлик бағишлайди.

Куннинг иккинчи ярмида Новқа тоғининг шарқий қисмида жойлашган Ўсмат ота мақбараси, Мўғол хонақоҳи ҳамда бир қанча зиёратгоҳларда бўлиб, олам-олам таассурот олдик.

Ҳа, инсон ҳаёти яшиллик олами билан узвий боғлиқ. Уни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш эса барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Роҳат ЖЎРАЕВА,

Жиззах шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Яна ўқинг:  ХАЛОСКОР

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: