Таълим ва ислоҳот: янги ўқув йили янги ўқув масканларида

Юртимизда ёш авлодга пухта таълим бериш, уларни Ватанимиз, миллий анъана ва қадриятларимизга содиқлик руҳида камол топтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ана шу эзгу мақсад-муддаолар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларга ҳамоҳангдир.

Юртимизда таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда 371 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 29 та умумтаълим маскани янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган бўлса, 239 мактаб қайтадан реконструкция қилинди, 103 билим маскани капитал таъмирланди.

Давлат дастурига кўра 2016 йил “Болалар спортини ривож­лантириш” жамғармаси маб­лағлари ҳисобидан 28 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлашга эътибор қаратилди. 200 дан ортиқ умумтаълим мактабида спорт заллари қурилиб, улар замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан тўлиқ таъминланди.

Таълим муассасаларида ёшларни маънан юксак, баркамол инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мамлакат ва халқаро миқёсда ўтказилаётган турли танлов ва билимлар беллашувларида ўз самарасини кўрсатмоқда.

1 минг 220 умумтаълим мактабини компьютер синфи, интерактив электрон доскалар ва кондиционерлар билан жиҳозлашга эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 286 мактабгача таълим муассасаларини капитал реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, уларни мебель, асбоб-ускуналар, ўйинчоқлар ва техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

“Таълимда глобал ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида мамлакатимиздаги мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиб, ўқув мебеллари ва ривожлантирувчи таълим материаллари билан таъминланмоқда. Бу каби масканларнинг кутубхоналари болалар адабиётлари билан тўлдирилмоқда. Шунинг­дек, 3-6 ёшли фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган оилаларга шеър ва эртаклар, болаларни мактабга тайёрлашга оид китоблар тўпламлари тарқатилиши кўзда тутилган.

Янги ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 4-синф­ларида ҳам янги давлат таълим стандартлари асосида чет тили фанини ўқитиш йўлга қўйилди. Дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, жойларга етказилди.

Илк маротаба умумтаълим мактабларининг 3-синфларига мўлжалланган “Она тили”, “Ўқиш”, “Математика”, “Табиатшунослик”, “Ўзбек тили”, “Русский язык”, “Книга для чтения” фанлари бўйича ўқитувчилар учун методик қўлланма ва уларнинг мультимедиали иловалари яратилиб, чоп этилди ва ҳудудларга етказилди. Давлат дастури доирасида, шунингдек, умумтаълим мактабларининг кутубхона фондини ўзбек ва чет эл ёзувчиларининг лотин графикаси асосида нашр этилган бадиий адабиётлари, энциклопедиялар билан тўлдириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Барча эзгу ишларимиз халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилган

Ўқувчи-ёшлар билимининг нечоғли мустаҳкамлиги таълим сифатини муттасил юксалтириб боришга бевосита боғлиқ. Жорий йилда илк маротаба ўқувчи шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга оид халқаро ҳамда мамлакатимиз тажрибасидан келиб чиқиб, узлуксиз таълим тизимининг 18 та умумтаълим фанлари бўйича давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари янада такомиллаштирилиб, тажриба-синовдан ўтказилди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда ўғил-қизларга пухта билим бериш, улар қалби ва онгида эзгу ғояларни мустаҳкам қарор топтириш, навқирон авлод истиқболи йўлида кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборнинг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир.

Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ,

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати мутахассиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: