Таълим масканларида ўқув йили “Хотира дарслари” билан бошланди

Юртимиздаги барча умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида янги ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасини ёд этишга бағишланган “Хотира дарслари” билан бошланди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ватан равнақи, миллат фаровонлиги учун ғамхўрлик кўрсатган, элим деб, юртим деб, ёниб яшаган инсон эди. Юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, истиқболли лойиҳалар, хусусан, таълим тизимига қаратилган юксак эътибор замирида ҳам Ислом Каримовнинг ташаббускорлиги, фидойилиги яққол намоён бўлади. Улуғ Юртбошимизнинг юксак хизматлари, бунёдкор ғоялари, олиб борган оқилона сиёсати натижасида халқимиз ўз она тилига, эркига, бир сўз билан айтганда, ўзлигига эга бўлди.

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 59-ИДУМда ҳам мустақилликка тамал тошини қўйган, юртга эрк ва ҳурлик насимини олиб кирган Ислом Каримов хотираси ёд этилди. Дастлаб сўзга чиққан таълим маскани раҳбари Фахриддин Сайфиев Президентимизнинг юртимиз равнақи йўлида амалга оширган барча саъй-ҳаракатларини эътироф этиб, ёш авлодни бу буюк шахсга муносиб бўлиши лозимлиги хусусида тўхталди. Барча ота-оналар, ўқитувчилар ва таълим даргоҳига илк бор қадам қўйган жажжи ўқувчиларнинг кўз олдида Ватанимиз фидоийсининг сиймоси яна бир бор гавдаланди. Илк таълим сабоқлари ҳам айнан муҳтарам Юртбошимизнинг эл фаровонлиги йўлида қилган хизматларига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов “Бизнинг ишончимиз ва таянчимиз бўлмиш ёшларимизга янада кенг йўл очиб бериш, фарзандларимизни замонавий билим ва тажрибага, ўз мустақил фикрига эга бўлган, маънавий юксак комил инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг жамиятимизда мустаҳкам ва муносиб жой олиши йўлида зарур шарт-шароитларни яратиб бериш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз” дея таъкидлаган эди. Ўтган йиллар давомида юртимизда бевосита у кишининг ташаббуслари билан замонавий таълим тизимини шакллантириш ва юксак малакали кадрларни тайёрлаш ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тараққиётнинг асосий омилига айланди. Бинобарин, 1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига асосан амалга оширилган туб ўзгаришлар бугун дунё ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. 9+3 тамойили асосида 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимига ўтилиши орқали узлуксиз таълим олиш таъминланди.

4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган “Хотира дарслари” мамлакатимизнинг барча ўрта-махсус таълим муассасаларида ҳам бўлиб ўтди. Жумладан, Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидаги Кўкдала педогогика коллежида ҳам Президентимизнинг ўчмас сиймосига бағишланган “Хотира дарслари” бўлиб ўтди. Ҳар бир гуруҳда Юртбошимизнинг таржимаи ҳоли, соғлом авлод тарбияси йўлида олиб борган ибратли ишлари, у киши босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида ўқувчиларга маълумотлар берилди.

Яна ўқинг:  Футболчиларимиз сафарда ғалаба қозонди

– Ҳаммамизнинг қалбимиздан чуқур ўрин олган Президентимиз ҳақида ўқувчиларга гапириш ҳам оғир, ҳам шарафлидир. Чунки, улар томонидан ёшларга яратилган имкониятлар ҳақида ҳар қанча сўзласак ҳам оз. “Хотира дарслари”да фақат биз ўқитувчилар гапирмадик, бевосита бу мавзуда ўқувчилар ҳам кўзларида ёш билан тўлиб-тошиб сўзлашди, – дейди Кўкдала педогогика коллежи раҳбари Мўминхон Азимов.

“Шуни унутмаслигимиз керакки, келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ”, деган эди Ислом Каримов. Бунинг исботини эса замонавий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшларнинг нигоҳидан, интеллектуал салоҳиятидан ҳам кўриш мумкин.

Шунингдек, мамлакатимиздаги барча олий таълим масканларида бўлгани каби Тошкент ахборот технологиялари университетида ҳам Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган “Хотира дарслари” бўлиб ўтди. Талаба-ёшлар Муҳтарам Президентимизнинг таржимаи ҳоли билан танишгач, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, атоқли давлат арбоби, мамлакатимиздаги улкан ислоҳотлар ва тарихий ўзгаришлар ташаббускори бўлган буюк шахснинг хотирасига бағишланган фильм намойиш этилди.

– Устозларимизнинг сўзларини тинглаб, фильмни томоша қилиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мардлиги, жасурлиги, Ватанимиз ривожи йўлида қилган улуғ ишлари, айниқса, ўзбек ёшларини дунёдаги энг бахтли авлод бўлиб етишишлари учун бор куч-ғайратларини аямаганликларининг гувоҳи бўлдик. Биз мустақиллик ёшлари шуни ишонч билан айтамизки, муҳтарам Президентимизнинг номини абадий хотирамизда сақлаб, бор куч-қувват ва шижоатимизни мамлакатимизни янада гуллаб-яшнаши учун сафарбар этамиз, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Элдор Усмонов.

25 йил. Бу давр бир навқирон авлоднинг ўсиб, камол топиши, Ватан корига яраши учун етарлик муддат. Ёшларнинг билдирган фикрларини тинглаб, юрт келажаги ишончли қўлларда эканига яна бир бор амин бўлдик. Демак, озод ва обод Ватан бунёдкори, ўзбек халқининг буюк фарзанди Ислом Каримов асос солган ойдин келажак йўли бардавомдир.

 

Маърифат ТОЛИПОВА,

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбирлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: