МУСТАҚИЛЛИК — ДЕМОКРАТИЯ ВА ИСЛОҲОТЛАР ТИМСОЛИ

Энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг йигирма бир йиллигини нишонлашга саноқли кунлар қолди. Ўзбекистон Мустақиллиги халқимизнинг XX аср сўнггида қўлга киритган улкан тарихий ғалабасидир. Ўтган қисқа, лекин сермазмун йўлга назар ташлаб кўз қувонади, дил яйрайди. 1991 йил 31 августда юртимизнинг мустақил давлат деб эълон қилинганлиги оддий воқелик эмас, балки тарихда янги аср бошланганлигини ўтган йиллар исбот этди. Зеро, уни мустаҳкамлаш учун ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа саъй-ҳаракатлар қилинганлигини халқ кўриб, билиб турибди.

Дунёда Ўзбекистонни билмаган давлат қолмади, деб айтсак ҳеч муболаға бўлмайди. Айни кунда мамлакатимиз салоҳияти, унинг порлоқ келажаги дунё ҳамжамияти томонидан юксак эътироф ила тилга олинмоқда. Ўзбекистон 250 дан ортиқ давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳида мустақил Ўзбекистон байроғи мағрур ҳилпираб турибди.

Халқимизнинг танлаган йўли тинчлик, босқичма-босқич тараққиёт йўлидир. Конституциямизда инсон манфаатлари олий қадриятлиги, инсон-жамият-давлат муносабатларида инсон манфаатлари устунлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, мамлакатимиз тараққиёт йўли негизида турган машҳур бешта тамойилнинг бири кучли ижтимоий сиёсат олиб боришдан иборатдир.

Агар эътибор берилса, ҳар йили давлат бюджетининг 50 фоизидан ортиғи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда ва у йилдан йилга ўсиб бормоқда.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунданоқ аҳоли даромадлари ва фаровонлиги даражасини изчил ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда ошириб боришга, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни ўтказиш ғоят муҳим устувор вазифа қилиб белгиланди.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя изчил амалга оширилиб келинаётганини дастлабки амалий тасдиғи сифатида шуни айтиш керакки, мустақиллик арафасида ўлкамиздаги оғир вазиятни чинакамига ўнглаш, юртдошларимизнинг ҳаётга қарашини, бугунги ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш учун аввало, уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш заруриятини чуқур англаган республика раҳбари аҳоли учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган жуда катта бир масалани — одамларга томорқа учун ер бериш масаласини кун тартибига қўйди. Бу борадаги амалий ишлар натижасида 1989-1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилди. 700 минг оилага янги томорқа ерлари берилди. Бу мураккаб масалага ана шундай оқилона ёндошув боис мамлакат бўйича минг-минглаб одамлар уй-жойга, иш ўрнига эга бўлишди. Бозорларда маҳсулот кўпайди. нарх-наво арзонлашди, энг муҳими, ижтимоий кескинликнинг олдини олишга эришилди.

Яна ўқинг:  Одамлар дардига малҳам бўлиш бахти

Мустақилликдан кейин аҳоли турар жойлар хусусийлаштирилаётганда ўқитувчилар, шифокорлар ва ижодкорларга имтиёзлар берилди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг меҳнат стажига қараб қўшимча устамалар тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 17 сентябрдаги “Пенсионерларни ижтимоий қўллаб қувватлашни кучайтириш борасидаги чора -тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 27,31-моддаларига ўзгартиш киритилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 1октябрдан кейин пенсияга чиқадиган фуқароларгагина эмас, балки аввалдан пенсияда бўлган фуқароларга ҳам тааллуқли бўлди. Пенсиялар энг кам иш ҳақининг саккиз карра миқдоридан қайта ҳисобланади. Ушбу чора тадбирларни амалга ошириш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари зарур ҳолларда эса Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2007 йилнинг ўзидан 20 миллиард сўмдан ортиқ, 2008 йилда эса 100 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилди.

Мустақиллик йилларида айниқса аҳолини турар-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 31 январдаги “Тошкент шаҳрида уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш тўғрисида”ги Фармонига асосан “Ўзжамғармабанк” орқали кредитга турар жой сотиб олиш имконияти яратилди. Турар жой учун кредитни қоплаётган аҳоли даромад солиғидан озод этилди ва бошқа қўшимча имтиёзлар берилди.

2006 йилга келиб эса “Ипотека тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ипотека воситалари янада аниқлаштирилди, шунингдек, ипотека қоидаларининг бошқа бир қатор ҳуқуқларга ҳам қўллаш имкониятлари яратилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ёш оилаларнинг муаммоларини ечиш, аввало уй-жой сотиб олиш, иморат қуриш, рўзғорини бутлашга кўмаклашиш мақсадида тижорат банклари томонидан биргина 2008 йилда 57 миллиард 500 миллион сўмлик ипотека ва истеъмол кредитлари ажратилди. Истеъмол кредитлари, шунингдек, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар учун таълим грантлари ажратилди. Кредит олган ёшлар даромад солиқларидан озод этилди. Шунингдек, фарзандлари учун таълим кредити тўлаётган ота-оналар ҳам кредит тўлаётган қисмидан даромад солиғидан озод этилди. Энг асосийси бу йўналиш йилдан йилга юксаляпти.

Жумладан, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” (2009)да “Қишлоққурилишбанк”и ташкил этилиб, қишлоқларда намунали уйлар қурилиши бошланди. Қишлоқ аҳли уй-жой билан таъминланишида, кредитни қоплаши учун имкониятлар яратилди.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг олтинчи бандида “Ёш оилаларга турар-жой” дастурини ишлаб чиқиш, ҳар йили камида уй-жойга муҳтож 2400 ёш оилани турар жой билан таъминлаш кўрсатиб ўтилди.

Яна ўқинг:  УЛУҒ МАҚСАД ЙЎЛИДА

Дастурдан келиб чиқиб, яна “Ёш оилаларга истеъмол кредитлари” дастури ишлаб чиқилди. Унда энг кам иш ҳақининг 200 баравари миқдорида уч йилгача муддатга имтиёзли кредитлар бериш назарда тутилади. Яъни харид учун олинган истеъмол кредитини қайтаришга йўналтирилган маблағига тенг миқдорда жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинади. Шунингдек, ёш оила аъзолари учун мулк ва ер солиғига уч йилдан ошмаган муддатга солиқ ставкаларини икки бараварга камайтириш ҳам белгиланди.

Мамлакатимизда иш билан банд аҳолининг 74 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилаяпти. Мамлакатимиз тарақиётига муносиб ҳисса қўшаётганлиги боис ушбу соҳа бунёдкорларига ҳам катта имкониятлар берилди. Бу йил “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, оилавий корхоналар эгалари учун имконият ва имтиёзлар берилди.

Оилавий корхоналар томонидан ишлаб чиқариш фаолияти учун фойдаланиладиган турар жойларни нотурар жойларга ўтказиш талаблари бекор қилинди. Оилавий корхона иштирокчилари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг уларнинг тассаруфига келиб тушадиган фойдага солиқ солинишидан озод қилинди. Оилавий корхоналар аҳоли учун назарда тутилган таърифлар бўйича коммунал инфратузилма объектларига уланиш ва коммунал хизматлардан(электр энергияси, газ, сув таъминоти) фойдаланади.

Оилавий корхоналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланган рўйхатга кўра, ўзи ишлаб чиқарган халқ, бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъат буюмларини сотишдан олинган тушумлар бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилиндилар.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг 15-бандида маҳаллаларда ташкил этилган маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорларни 2012 йил 1-апрелдан бошлаб, уч йил муддатга қайд этилган солиқ тўлашдан озод этиш орқали иш ўринларини ташкил қилишни рағбатлантириш назарда тутилган.

Ёшларнинг илмий салоҳиятини, юксалтириш учун аввалги аспирантура ва докторантура ўрнига стажер ва катта илмий ходим штатлари жорий этилиб, уларга катта маошлар белгиланганлигини таъкидлаш керак.

Мутахассисларга яна бир имтиёз берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора тадбирлари тўғрисидаги”ги Фармони 2012 йил 3 август куни чоп этилди. Унда суд тизими ходимларининг маошини ошириш, турар-жой билан таъминланишини яхшилаш, вазифасига дахлдор маошларидан олинадиган даромад солиқларидан озод этиш, ёш мутахассисларнинг малакасини оширишга имкониятлар яратиш каби ижтимоий ҳимоя ўз ифодасини топган.

Яна ўқинг:  Бола боғчага бориши шарт(ми?): мутахассис масалага ойдинлик киритади

Жумладан, судьяларга имтиёзли шартлар асосида уй-жой сотиб олиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари беришни, шунингдек, турар-жойлар ижараси учун ҳар ойда пул компенсацияси тўлаб боришни назарда тутадиган тартибни тасдиқлаш топшириғи ҳам берилади.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгиланган вазифалар ҳам мамлакатимиз аҳолисининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди, десак муболаға бўлмайди. Унга кўра тадбиркорларга, қўшма корхона эгаларига имконият ва имтиёзлар берилди. Пировард натижада 2008-2010 йилларда яъни дунёнинг аксарият мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатлари сезиларли даражада тушиб кетган, ишлаб чиқариш пасайган бир пайтда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 2008 йилда 9 фоизни, 2009 йилда 8,1 фоизни ташкил этгани, 2010 йилда бу кўрсатгич 8,5 фоизга етгани, 2011 йилда эса 8,3 фоиз даражасида бўлгани кўпгина халқаро тузилмалар, эксперт ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Умуман, мустақиллик йилларида ялпи ички маҳсулот 3,5, аҳоли жон бошига эса 2,5 баравар ўсди.

Аҳолининг ўртача иш ҳақи мустақиллик йилларида 14 баравар юксалди. Давлатнинг ижтимоий соҳа ва ижтимоий муҳофаза учун сарф-харажатлари 5 баравардан зиёд кўпайди. Ушбу рақамлар ўзбек халқи танлаган йўлнинг нақадар тўғрилигини яққол кўрсатмоқда.

Ушбу рақамлар ўзбек халқи танлаган моделнинг нақадар тўғри эканини яққол кўрсатмоқда.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: