ЎЗБЕКИСТОН ТАЪЛИМ ТИЗИМИ: ЯНА БИР ЮКСАК ЭЪТИРОФ

Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган улкан ютуқ ва марралар ҳақида сўз юритилганда, бошқа муҳим соҳалар қатори таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган умуммиллий дастурларимиз, уларнинг улкан амалий натижалари биринчи навбатда тилга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бугунги кунда ҳар қайси халқ, давлат ва жамиятнинг тараққиёт даражаси авваламбор унинг инсон капиталига, инсон ривожига бераётган эътибори, шу йўлдаги саъй-ҳаракатлари билан ўлчанади. Жаҳондаги энг нуфузли ташкилот — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига айни шу масалаларнинг устувор йўналишлар сифатида киритилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Ўзбекистон ўз мустақил тараққиётининг биринчи кунларидан бошлаб инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият сифатида улуғлаб, бу ғояни давлатимиз Конституциясида ҳуқуқий қоида шаклида мустаҳкамлаб қўйди. Шу асосда ўтган даврда ғоят кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, инсон манфаатларини таъминлаш барча ўзгариш ва ислоҳотларимизнинг бош мақсадига айланди. Бу ҳақда Президентимиз Ислом Каримовнинг БМТ Бош ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлиси минбаридан туриб сўзлаган нутқи ва бошқа чиқишларида атрофлича фикр юритилгани, бу борада яқин ва олис истиқболга мўлжаллаб қабул қилинган стратегик дастурларимизнинг мазмун-моҳияти кенг баён этилгани жамоатчилигимизга яхши аён, албатта.

Ўз вақтида узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган, изчиллик билан амалга оширилаётган, дунёда ўхшаши кам бўлган умумиллий дастурларимиз туфайли таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, болалар спортини ривожлантириш, ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизим, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос модель шаклланди.

Энг муҳими, уларнинг ҳар бири юртимизда янги демократик жамият қуриш концепциясининг узвий таркибий қисми сифатида буюк келажагимиз биносини барпо этишда ғоят муҳим роль ўйнамоқда. Бу дастурлар тобора амалий ҳаётимиздаги реал қадриятга, янгича ҳаёт ва дунёқараш негизига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Бугунги кунда бу йўлда қатъият билан олиб борилаётган ишларнинг аниқ натижаларини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис этаётгани, уларнинг онгу тафаккури, маънавий олами ана шундай ўзгаришлар туфайли юксалиб бораётгани шундай деб таъкидлашга асос беради.

Бу ҳақда гапирганда, ўтган йилнинг ноябрь ва шу йилнинг февраль ойларида мамлакатимиз пойтахтидаги Симпозиумлар саройида ўтказилган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она — соғлом бола” ҳамда “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусидаги халқаро конференциялар ҳақида эслаш ўринлидир. Хусусан, юқорида зикр этилган иккинчи халқаро анжуманда дунёдаги 8 та нуфузли халқаро ташкилот ва 48 давлатдан 270 нафар иштирокчи қатнашди. Уларнинг барчаси Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури доирасида юртимизда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиб, мактабларда, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, олий ўқув юртларида бўлиб, Ўзбекистонда таълим соҳасида шаклланган самарали моделни юксак баҳоладилар, бу борада тўпланган тажрибаларни бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида тавсия этиш мумкин, деган хулосага келдилар.

Яна ўқинг:  Jamg’arma faoliyati (2012/35-36)

Таъкидлаш керакки, бундай эътирофлар географияси кейинги пайтда тобора кенгайиб, улар аниқ илмий-амалий тадқиқотлар, халқаро таҳлилий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топмоқда. Бунинг тасдиғини халқаро медиа оламида машҳур бўлган CNN компаниясининг АҚШ, Ўзбекистон ва жаҳоннинг бошқа давлатларида таълимнинг ҳолати тўғрисида яқинда эълон қилинган қиёсий ахбороти мисолида яққол кўриш мумкин. Шуниси эътиборлики, бу ахборот Франциянинг нуфузли “Insead” халқаро бизнес мактаби ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) томонидан тайёрланиб, шу йилнинг 3 июлида эълон қилинган “2012 йилдаги инновацияларнинг глобаль индекси” деб номлаган таҳлилий маърузага асосланади.

Айтиш керакки, ушбу тадқиқот дунё мамлакатларининг инновацион ривожланиш борасидаги 80 та кўрсаткичини ўз ичига олади. Тадқиқот 2012 йилда 141 та мамлакатни қамраб олди. Бу мамлакатлар жаҳон миқёсида ялпи ички маҳсулотнинг 99,4 фоизини ишлаб чиқариши, сайёрамиз аҳолисининг 94,9 фоизи айнан шу давлатларда истиқомат қилишини инобатга оладиган бўлсак, мазкур тадқиқотнинг кўлами, салмоғи ва географиясини ўзимизга яққол тасаввур қилишимиз мумкин.

Маъруза муаллифларининг фикрига кўра, дунё мамлакатлари иқтисодиётининг муваффақиятли ривожланиши инновацион салоҳият ва қулай шарт-шароитларнинг мавжудлиги билан бевосита боғлиқдир. Бундай ҳолатни баҳолашда ҳар қайси мамлакатнинг инновациялар бўйича индекси алоҳида ўрин тутади. Мазкур индекс эса қуйида баён этилаётган икки гуруҳ кўрсаткичлар бўйича йиғилган умумий баҳолар асосида ҳисобланади. Биринчи гуруҳ — инновацияларни амалга оширш учун мавжуд ресурс ва шароитлар (институтлар; инсон капитали ва тадқиқотлар; инфратузилма; ички бозор ва бизнеснинг ривожланиши). Иккинчи гуруҳ — инновацияларни амалга оширишнинг амалий натижалари (технологиялар ва иқтисодиёт ҳақидаги билимларни ривожлантириш; креатив фаолият натижалари). Якуний индекс харажатлар ва эришилган самара ўртасидаги нисбатни намоён этади ва бу ўз навбатида тадқиқотда қамраб олинган ҳар қайси мамлакатдаги инновацияларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни холис баҳолаш имконини беради.

Биз учун ғоят қувончли томони шундаки, таълим соҳасидаги инновациялар кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон ушбу рейтинглар рўйхатида 75,38 балл билан дунёда иккинчи ўринни эгаллаган. Биринчи ўринни эса 75,70 балл билан Ирландия банд этган. Дания, Янги Зеландия, Исландия, Бельгия сингари бир гуруҳ ривожланган Европа ва бошқа қитъа мамлакатлари ушбу рўйхатнинг кейинги ўринларидан жой олган.

Яна ўқинг:  ОНАЛИК ВА БОЛАЛИК МУҲОФАЗАДА

Катта молиявий ресурсларга эга бўлган Саудия Арабистони 65,49 балл билан 15-ўринни эгаллаган бўлса, дунёнинг энг қудратли давлатлари бўлмиш АҚШ 31-ўринни (61,34 балл), Хитой эса 67-ўринни (52,23 балл) банд этган. Беларусь 60,55 балл билан 36-ўринни, Россия 55,18 балл билан 55-ўринни эгаллаган.

Собиқ совет ҳудудидаги бошқа мамлакатлар ҳақида фикр юритадиган бўлсак, улар рейтингда қуйидагича жойлашган: Қозоғистон 69-ўрин, Қирғизистон 72-ўрин, Арманистон 85-ўрин, Грузия 87-ўрин, Озарбойжон 89-ўрин, Тожикистон 107-ўрин.

Тадқиқотга биноан, таълим тизими ривожланишининг қатор кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон дунёдаги кўплаб давлатлардан илгарилаб кетган. Хусусан, давлатнинг таълим тизими ривожи, мактабларни капитал қуриш ва янгилаш учун йўналтираётган сарф-харажатлари, ўқувчиларнинг умумий сонига нисбатан ўқитувчиларнинг сони неча фоизни ташкил этиши, аниқ фанлар ва муҳандислик иши соҳасидаги битирувчилар сони, GMAT, яъни ўқувчиларнинг бизнес мактабларида муваффақиятли таълим олиш қобилиятини аниқлаш учун стандартлашган тест асосидаги ўқувчиларнинг ўртача баҳоси ва бошқа кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистоннинг натижалари бошқа мамлакатлардан юқори экани таҳлилий мисоллар орқали аён бўлади.

Зикр этилган тадқиқотда Ўзбекистоннинг бу борада эришган ютуқларининг асосий мезон ва омиллари ҳақида атрофлича фикр юритилади. Айниқса, инсон капитали ва тадқиқотлар учун инвестициялар, таълим ривожига қаратилган давлат харажатларининг даражаси ва умуман, таълим тизимининг ҳолати Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва инновацион салоҳиятининг энг кучли томонларидан бири экани алоҳида таъкидланади.

Шу муносабат билан муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги фикрларини эсга олиш ўринлидир: “Биз яшаётган ХХI аср — интеллектуал бойлик ҳукмронлик қиладиган аср. Кимки бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб олмаса, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилиш ҳар қайси миллат ва халқ учун кундалик ҳаёт мазмунига айланмаса, бундай давлат жаҳон тараққиёти йўлидан четда қолиб кетиши муқаррар”.

Айтиш керакки, бир пайтлар умумбашарий ривожланишдан чиндан ҳам четда қолиб кетган халқимиз ўтмишнинг аччиқ тажрибасидан тўғри сабоқ чиқариб, мустақиллик йилларида илм-маърифатга, интеллектуал тараққиётга интилиш, ёшларимизни айнан шу руҳда тарбиялаш масаласини ўзи учун энг устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олгани ва бу борада улкан амалий самараларга эришаётгани туфайли бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон тараққиётининг олдинги сафларига чиқиб бормоқда. Буни юқорида зикр этилган рейтинг натижалари ҳам яққол исботлаб турибди.

Яна ўқинг:  ЮРТ МАДҲИНИ КУЙЛАЙМАН

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: