Илк туйғу, илк шижоат, илк қадам

Ота-боболаримизнинг Иккинчи Жаҳон уруши даври, қаҳатчилик йиллари ҳақидаги сўзларини тинглаб, мус­тақилликнинг қанчалик қадрли, бебаҳо неъмат эканлигини ҳис қиламан.

Бугун дунёда юз бераётган нотинч вазиятларни кўриб, ўзимизнинг юртда ҳукм сураётган тинчликка шукроналар айтаман. Шунда беихтиёр ота-онамнинг гаплари ёдимга тушади:      

– Мамлакатимиз истиқлолга эришган ўша саодатли кунда шу даражада хурсанд бўлдикки, гарчи истиқлолнинг туб моҳиятини тўлиқ анг­лаб етмаган бўлсакда, барчадан “юртимиз мустақил бўлибди”, дея суюнчи олдик.  Ёдимда, ўша куни “қизим, Илҳом бобонгникига югур, суюнчисини ол. Юртимиз мустақил бўлди, деб айт”, дея мени қўшни қишлоққа жўнатди. Бу сўзнинг қудратини болаларча энтикиш билан ҳис қилдим.  

– Бобо, бобо, мустақил бўлдик. Ўзбекистон мустақил бўлди, – дея  югуриб  остона ҳатладим. Бобом сўзларимни у қадар англамади. Такрор айтганимдан сўнг бир хўрсинди-да, кўзига ёш қалқиди. “Яратганга шукр, шунча меҳнат, фидойилик бесамар кетмади” дея пичирлади.   Бобомнинг сўзларида тит­роқни сездим: бу доруломон кунлар учун не-не зиёли, алпкелбат йигитларнинг жони фидо бўлмади.

Байрам байрамга уланиб, эртаси куни илк бор 1-синфга қадам қўйдик. Барчамизнинг қўлимизда гул, сочимизда оппоқ лента, эгнимизда бежирим мактаб формаси. Таълим маскани раҳбари куни кеча юртимиз мустақил бўлгани, биз истиқлолнинг илк қалдирғочлари эканлигимиз ҳамда келажак бизнинг қўлимизда эканлиги ҳақида гапирди.

Минг шукрлар бўлсинки, мана шундай замонда вояга етдик, улғайдик, таълим олдик. Мамлакатимизнинг янада равнақ топиши учун бор кучимиз, ғайрату шижоатга тўла қалбимиз билан  хизмат қилмоқдамиз. Шу билан бирга, келажагимиз эгалари – фарзандларимизни ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш ҳам олий мақсадимиздир.

Орадан 25 йил ўтиб, менинг фарзандим ҳам мактабга илк қадамини қўймоқда. Бу кунда ҳар бир ота-она, дилбандлар ўзгача бир ҳаяжонни ҳис этадилар. Ҳамманинг  энг олий ор­зуси фарзанди камолини кўриш, эл корига ярайдиган, юрт равнақи учун хизмат қиладиган ақлли, билимли болаларни тарбиялашдир. Ният қиламизки, осмони мусаффо, фаровон юртимизга кўз тегмасин, ҳамиша болаларимиз, яқинларимиз ёнида тинч ва осуда ҳаёт кечириш барчамизга насиб этсин!

Майна ҲАСАНОВА

Яна ўқинг:  Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: